Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 14
ХОТИРА
ОглавлениеМозийга қайтаман – дардлар давосиз:
Тўмарис уйғонгил. Алпомишим қайт!
Хўрланган. Топталган. Озод ҳавосиз
Элим менинг… Бағрим. Нима қилай, айт?!.
Бўйнингдан боғлади. Сиртмоққа тортди,
Кўзингни боғлади. Боғичлар қизил.
Ортса сенинг ғамларинг ортди,
Тарих кўзгуларин синдирди чил-чил.
Ёввойи хилқатга қилмагил ҳавас,
Харсанглар дўппайган. Шу ҳам шонмидир?..
Ёлғон ҳашамларга сиғинмагил, бас,
Басирам. Мил тортган ул Комронмидир?!.
Кўзим илғай олар олам рангини,
Капалаклар учар. Шамол қувайми?..
Ёхуд қайноқ қоним билан ювайми,
Қадим шамширларнинг босган зангини.
Тупроқ кўчаларда кулчалар ётган,
Қўллари қадоғим. Пешонаси шўр.
Порахўр. Ватанхўр хоинларни кўр,
Нафс ботқоғига ўзини отган…
Бошоқдек сочилдинг. Сен ризқ куйида,
Боболар мозорин босиб борар чим.
Кибор тождорларнинг чиркин ўйида,
Азалдан қорасан. Қорасан, халқим!
Магадан қўйнида Усмон қорадир!..
Эркаклар қасоскор!.. Аёллар додлик!..
Юрагимни тиғда кесиб борадир,
Шонли курашларда қолган Озодлик!
О, шаккаргуфторлар! Булбулигўё!
Мозийга қайтаман. Давосиз дардлар.
Қайта тирилгандек туюлар гўё
Жон пинжида халқин сотган номардлар!..
Чўкиб бораяпман. Кўзларим ичкин.
Она! Халқим менинг!.. Қаддингни кўтар!
Озод ҳаволардан нафаслар ичгин,
Озод ҳаволардан булутлар ўтар!
Қарғалар қағиллар. Изламасман шаън,
Бўғзимга тиқилган бўздирсан, халқим!
Эрка шоирингман – дардингга дардманд,
Ҳали айтилмаган сўздирсан, халқим!
Йиғлама. Ҳиротдан боқма паришон.
Жон тутдим. Сўз тутдим. Каминг тўлмайди…
Ёвга нишон, сенга қалқонман, ишон!
Ахир мен ўламан… Сўзлар ўлмайди!
26.05. 2013.