Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 16

ИШҚ ДЕДИНГ

Оглавление

Ишқ дединг. Сўрадинг умримга тилхат,

Қалтираб турардинг. Қўлингда това.

Япроқдек тўкилдим. Тўкилди дилхат –

Дунё ёлғон дедим, қиз бевафо. Ва


Кетдим бўйга етган буғдойзорлардан,

Рангин чироқлардан изладим жамол.

Булутлар карвонин ўйнаган шамол,

Бағишлади сарсон хазонларга шаън!


Карвонлар изини этганча тавоб,

Кетдим. Сендан кетдим кўп йироқларга.

Ойдин кечаларда бермадим жавоб,

Юрагимни чертган қўнғироқларга…


Шеърларим тош эмас. Сиғинма, ай, жон…

Мана, илоҳ каби яшаяпман жим.

Қонталаш шафақда ичилди рашким,

Мажнун саҳросида фақат кечдим қон!..


Яхшимисан?! Бошқа не деб айтарман,

Четга йиғиштириб қўй ишларингни.

Бир кун жомадонда олиб қайтарман,

Фақат сенга – сендан кетишларимни…


23.05.2013

МАНГУ АФСОНА

Подняться наверх