Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 30
САКИНА ИСАБЕК ҚИЗИ ХОТИРАСИГА
Оглавление1. Шамоллар мангудир – дарахтлар яшар,
Тирик сўзлар ичра этар муножот.
Аламлар кетарми, топарми нажот
Кишанлар сасидан зериккан башар?
Ялонғоч хивчинлар кўрсатади юз.
Яшаб бўлармиди тупроқдан ҳоли?
Ҳорғин. Ёқавайрон ситилади куз,
Дунёга тутилган бағир мисоли.
Ажинлар ўтгандир… Бекитиб бўлмас.
Оқарган соқолин қиртишлар қайта.
Яхши чиқмади ҳеч куйлак дазмоли…
Онадир. Ҳапқирган юраги тўлмас.
Айтгил, Турсунали, болалик қайда?
Юлдуз санайдими дўстлардан ҳоли?
2. Юлдузлар ёғадир. Шўх. Тийраборон.
Ғамгин оҳангларга меҳробдир кўнгли.
Ғурур қайғусидек аянчли, мунгли
Кўзларда қўшиқдир. Кўзлар нигорон.
Юлдузлар – фалакка сочилган оҳлар.
Аччиқроқ тикилар пастлаган ойга.
Чексиз кўк. Кўз ёш шўр. Ёвқур нигоҳлар
Тўлиб бораверар Шўралисойга.
Тонг отар. Осмоннинг гезарар қоши,
Олис чўққиларнинг ёрилган боши,
Қайдадир бир қисмат этилгандек ҳал.
Қушлар чуғирлайди. Қарар қўлига.
Она пешвоз чиқар. Сўз каби маҳтал.
Тонглар водийсини тўшаб йўлига.
3. Чалқиб эркаланар нур пардаларга,
Кўзлар қамашади… Қавир бетиним…
Бармоқларга игна санчилар чим-чим,
Туркийлар ёпинар бу кўрпаларга!
Келдингизми, ўғлим? Бироз дам олинг.
Анов яхши одам қилаяпти тўй.
Шаҳарда нима бор? Қишлоқда қолинг.
Тугатмасам бўлмас… Ва буёғи ўй.
Тандирга қарайди. Дастурхон тўшар.
Мусича мисоли камсуқум, холос,
Тахмон кўрпаларга меҳрини қўшар.
Қўлидан тушмайди ҳеч ангишвона,
Бардоши метиндан яралгани рост,
Меҳрини тупроққа тўшаган она.
4. Кўрпалар қавийди. Туғилсин беклар.
Никоҳлар муқаддас. Тикади ватан.
Ўзидан кўпайсин аҳли ўзбеклар,
Палаги пок бўлсин. Оқиб турсин шан…
Ёшлиги очилмай бемаврид сўлди.
Қанча гўдакларин ютганди тупроқ.
Нетонг. Буни эса шеърият юлди,
Кўрпалар қавийди. Қалқийди титроқ.
Сўкилиб бормакда юракнинг чоки,
Яхши бўлармиди қишлоққа посбон,
Маҳаллага раис бўлганда ёки…
Шоҳимардон пирим инояти – сиз!
Ўғлига термулар. Аталган ўғлон!
Ёлғиз! У ёлғиздир. Овози ёлғиз.
5. Овози шарафдир! Туғингни кўтар,
Она Туркистоним қуёш каби балқ.
Очиққан оломон ўзини ютар,
Тақдирлашни билмас таҳқирланган халқ!
Ҳар лаҳза келтирар қурбонлик… Шаҳид.
Буюк фидойилик – шоирлик! Ҳайҳот!
Осмонга қон сачрар! Шафақлар шоҳид.
Жонига ханжарлар санчилган бот-бот.
Илоҳий самоват. Борар улуғ жанг,
Аҳраман майдадир. Шоир йирикдир.
Қанча ўлдирсалар, шунча тирикдир…
Йўқ. Сўникмасман мен. Шунақа рангим.
О, менинг ўглимга… Қўшнилар қаранг,
Рауф деган унвон берибди Тангрим.
6. Мана. Тарғилланиб бормакда осмон,
Сочимда оқ эмас, онажон, қордир.
Тирик сўзлар ичра истамадим шон,
Озод ҳаволарнинг соғинчи бордир.
Шамоллар мангудир. Уйғотади шеър.
Ҳавони булғаманг, қўшиғи ёлғон.
Келар авлодларга тоза нафас бер
Оллоҳим… Нафасим кезинар сарсон…
Олтинга бож эмас туркийлар жони.
Қаранг! Кўзларимда босриқади тун.
О, бепоён фалак! Турон осмони…
Энди, мен кетайин. Она, яхши қол,
“Кўнгил қоронғудир, теварак тутун,
Ёлғиз бошим узра увиллар шамол”
2013