Читать книгу Ота макон - - Страница 1

ФАХРИЁНА

Оглавление

(қасида)1

(Пойтахт вилоят миқёсида)

Тошкент – она шаҳрим, Ўрдам, Себзорим,

Бўстонлиқдан отар саҳарларим бор.

Бекобод, Бўка, Пискент, Янгибозорим,

Чирчиқ, Келес деган шаҳарларим бор.


Яёв кездим Зангиота-ю Дўрмонда,

Ҳамдард топдим Қибрайда, Байтқўрғонда.

Ғазалкент, Олмалиқ, Оҳангаронда,

Паркентда ҳам дўсту дигарларим бор.


Минг шукурким, мени этиб қўймас хор

Юлдуз, Қўрғон деган гузарларим бор.

Дам уролмас Зангор тепамга ағёр,

Шарт бўлса, ёв уйин бузарларим бор.


Мен ҳам уларнинг ҳар корига шайман,

То тирик эканман, алқаб яшайман.

Қўрғонча, Мўлкент, Гул, Қизона, Найман,

Қўй сўйиб, дастурхон тузарларим бор.


Жигарларим бошга кўтарар албат,

Сув десам, тўрт синглим тутади шарбат.

Учта укам бордир алпомишкелбат,

Ушлаган жойини узарларим бор.


Фарзандларим бири биридан ширин,

Дилнозам сақлайди онасин сирин.

Озодбек, Улуғбек ва Баҳодирим,

Ҳайт! десам ҳаммадан ўзарларим бор.


Қуйи Чирчиқ, юртим, қаддингни тут ғоз,

Парвозларга чоғлан, қанотингни ёз.

Оққўрғон, Тўйтепа, Янгийўл, Чиноз,

Менга мадад қўлин чўзарларим бор.


Ғалат феълим бордир далли, мастона,

Гоҳ ўзим чироқман, ўзим парвона.

Фароғат истасам гоҳи, пинҳона

Қош қоқиб, ошини сузарларим бор.


Бир ғунча очилар, бир япроқ сўлар,

Яҳё, пошшо дилинг ғурурга тўлар.

Шукурким, бағрига йиқилса бўлар

“Оқчангал” ва “Қорамозор”ларим бор!!!


2006

1

Равшан билан Муҳаббатга,

Абдуқаюм билан Мағфиратга,

Йўлдош билан Муборакка,

Ўткир билан Муқаддасга,

Сафар билан Муяссарга

ва вилоятдаги барча жиянларимга бағишлайман.

Ота макон

Подняться наверх