Читать книгу Ота макон - - Страница 20
ҚУТЛОВ
ОглавлениеОғам, элимизнинг назаркарда, жаҳонгашта, марди майдон, танти ва валламат полвони; устозу шаҳбоз, ҳабибу табиб ҳам аломат адиб… Ҳожи Акбар Турсун Али Муҳаммадга
ҚАЛАМИМ ИЛДАМДУР БУГУН АЛЁРГА
Олтмиш уч баҳор не Сиздайин сорга,
Кўнгул ифтихорга, ғурурга тўлсин.
Ёш томар умрдай таранг симдорга –
Ул қувонч ёшингиз муборак бўлсин.
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Адо айладингиз онангиз ҳақин!
Шогирдлар ҳар бири чақмоғу чақин!
Ҳаққингизга дуо қилган энг яқин –
Дўсту қардошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Ҳануз белингизда белбоғ камардур,
Шодмон неваралар қанду шакардур.
Мардона ўғлонлар шамсу қамардур –
Ой-у қуёшингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
– Дадамни алқасин тоғлар, денгизлар… –
Хизматингизга шай келинлар, қизлар.
Янгамлар сув тутиб ширин сўз излар,
Ҳар қаламқошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Дам бермай еласиз бир дам оёққа –
Шоҳимардон, Қўқон, Паркент, Сўқоққа…
Кўксингизда ларзон пуд, ботмон соққа –
Елкада тошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Гарчанд, Осиёда ҳамма қадрдон,
Гоҳо от соласиз Оврўпо томон.
Таомингиз баъзан қоқнону ёвғон…
Товоқда ошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Чекилган заҳматлар роҳатга дўнган,
Мана – кифтингизга бахт қуши қўнган.
Совуққа чидаган, иссиққа кўнган –
Сабру бардошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Ихлосмандлар гулу гулоблар тутган,
Моҳтоблар соғиниб зардоблар ютган.
Пойи қадамингиз ойлаблар кутган –
Ўш, Кеш, Чуст, Шошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Шунча давру даврон суриб қўйибсиз,
Ҳар кентда бир айвон қуриб қўйибсиз.
Мана 63ни уриб қўйибсиз,
Асрий сафдошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Боққами, тоққами… қоққанча қозиқ,
Охират учун ҳам ҳозирланг озиқ.
Ўзи ёрлақасин қодири ҳозиқ –
Ҳақму – сирдошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Яҳё Тоға уннар назмий каломга:
Уйингиз тор келсин совға-саломга…
Рауф Парфи, Хумий, Чоршамъ, Ғуломга
Берган маошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Ҳожи Акбар Турсун Али паҳлавон,
Омон-омон замон бир дориламон…
Урилса-да не-не деворга ҳамон –
Бул омон бошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
Ҳар отган тошингиз муборак бўлсин!
Қозонда ошингиз муборак бўлсин!
Ой-у қуёшингиз муборак бўлсин!
Кўзларда ёшингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!!!
2012
Улуғ саодатлар тилаб,
камоли эҳтиром ила – Яҳё Тоға