Читать книгу Ота макон - - Страница 4

ГАВҲАРОЙИМ

Оглавление

Кўчамизда бир қиз яшайди

Қаригина онаси билан…

Кўчамизда бир қиз яшайди

Қаригина онаси билан…


Пастак уйи, ўчоқ боши ва

Онасини билади ёлғиз…

Узун этаклари ҳилпираб…

Тушларимга киради у қиз.


Кечқурунлар йўл ёқасида,

Маҳалланинг подасин кутиб…

Тушларимга кириб келади

Говмишининг шохидан тутиб.


“Парвардигор забон ҳам берса

Бўлмасмиди шу чиройига…”

Тушларимда қишлоқ чоллари

Тил тилайди Гавҳаройимга…


Қўрғончанинг бўз йигитлари

Суяди-ю куяди фақат…

Тушларимда суқ билан қараб,

Оҳ уришиб… қўяди фақат…


Калимага айланмаган тил,

Гавҳаройим, сенинг тилингму?

Тушларимда тўкилмаган дил,

Гавҳаройим, сенинг дилингму?


Гавҳаройим, ўн саккиз йиллик

Дардни сўзлаб берсанг на бўлғай?!

Тушларида сени излаган

Мардга бўзлаб берсанг на бўлғай?!


Бугун мен ҳам соқовман, гунгман,

Келдим ўзни ўтда ёққали…

Тушларимда ҳеч гапирмаган

Тилларингда маъни уққали.


Яна минг йил тушда яшайсан

Қаригина онанг билан сан…

Тилсиз гулим,

Тилсиз чиройим.

Гавҳаройим…

Гавҳаройим…

Г а в ҳ а р о й и м . . .


1981

Ота макон

Подняться наверх