Читать книгу Ота макон - - Страница 7
СИЗ НОЗЛАНИБ БОРОДУРСИЗ
ОглавлениеЙўлдош ЭШМУРОД шеърига назира
“Қуш қалбидай дилда йўқдир ҳаловатлар,
Қайдин сизда бунча ҳусну малоҳатлар?
Саломатлар бўлинг, яна саломатлар,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз”.
Шул тўрт сатр лутфи назм индаллодур,
Воҳ, маним ҳам дилимда минг вовайлодур.
Бу на Зуҳро, на Узродур, на Лайлодур?!
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
Кўчамизни тўлдириб хуш бўйлар билан,
Йўл тутдингиз қайга, қандай ўйлар билан?
Қачон сизни қутлагаймиз тўйлар билан,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
Бул назира, билсанг, маним дардим асли,
Ҳаволансам, ҳаволандим: Баҳор фасли!
Кўрганим ҳам одам эмас, пари насли!!!
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
Жон жўражон, Яҳё нелар десин унга,
Ўзимизни отайликми, ё Жайҳунга?
Сиз очилиб борадурсиз кундан-кунга,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
1988