Читать книгу Ота макон - - Страница 11
ЎТТИЗДАГИ АЁЛ
Оглавление1
Чаккада оқ толалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Теграсида болалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Уйқуда ҳам олалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Тунлар гоҳо нолалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
Эрта кетиб, кеч қайтар эри,
Ҳечқиси йўқ.
Ўттизгами чиққаннан бери,
Ҳечқиси йўқ.
У зулфидан пахталар терар,
Ҳечқиси йўқ.
Кўкрагида бир умид эрир:
− Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
Турмуш деган дор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Рўзғор деган ғор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Турфа ташвиш ёр келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Сийнабанд ҳам тор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
Ўсма тортиб яйрайди бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Сурма тортиб яйрайда бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Ўз ўзини аврайди бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Бир нағмани сайрайди бу қуш:
− Ҳечқиси йўқ…
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
Бир сўз мудом узади тизгин −
Ҳечқиси йўқ.
Лабига ўт қўяди эзгин
Ҳечқиси йўқ.
Тошойнанинг қошида ғамгин
“Ҳечқиси йўқ.”
Қароғидан ахтарар таскин:
− Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
2
− Ҳаққингизни олдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Эрта қариб қолдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Гул эдингиз, сўлдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Энди ўтин бўлдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
3
Ўтин бўлсам ёнадирман.
Қайнижоним.
Беш болага онадирман,
Қайнижоним.
Буёғидан кўнглимиз тўқ,
Қайнижоним.
Ўттизга оғангиз чиқди,
Қайнижоним.
Мен ўттизга чиққаним йўқ,
Қайнижоним.
Мен ўттизга чиққаним йўқ,
Қайнижоним!
Ўттиз менга чиқди найлай,
Қайнижоним.
Энди қайга борадирман,
Қайнижоним?
Ўтин бўлсам ёнадирман,
Қайнижоним.
Юрагимни пона айлаб,
Қайнижоним;
Бул ўтинни ёрадирман,
Қайнижоним.
Ўтин бўлсам ёнадирман,
Қайнижоним.
1986