Читать книгу Ота макон - - Страница 3
НАСИБА
ОглавлениеЎзбекнинг қизлари гўзал келади,
Лаби гул, тиллари асал келади.
Меҳру муҳаббатга ташналиклари
Момо Ҳаво каби азал келади.
Ҳуснин баҳорларга кўз-кўз айлагай,
Агарки, ҳут келар, ҳамал келади.
Чиройини таъриф этмоқчи эрсанг,
Илҳом ҳам исталган маҳал келади.
Номардни қўй, мардни кўтарар бошга,
Қўлларидан илму амал келади.
Парво қилмагайлар ширин сўзига,
Гар, йигит дегани ўсал келади.
Нияти тўғримас ҳар не кимсанинг,
Қўли боғлиқ, йўли чигал келади.
Насиба − ризқу рўз, дегани асли,
Демак, насибаси тугал келади.
Туғилган кунига шеър битай десанг,
Қалам учларинда ғазал келади.
2002