Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 10

3-боб. Мактабдан четлатиш. Ўзингизни ёқинг, созланинг…
Роберт Фридланд

Оглавление

Бир куни Жобсга пул керак бўлиб қолгач, у ўзининг IBM Selectric ёзув машинасини сотишга қарор қилди. Стив уни сотиб олмоқчи бўлган талабанинг хонасига борди, аммо шу вақтда у дугонаси билан ошиқ-маъшуқ бўлиб ўтирган эди. Стив кетмоқчи бўлди, лекин талаба шу ерда бироз кутиб туришни таклиф қилди. “У жуда ажойиб бола экан-ку деб ўйладим!” – деб эслайди Жобс. Унинг Роберт Фридланд билан танишуви шундай бошланди. У Жобс ҳаётидаги уни сеҳрлаб қўйган кам сонли инсонлардан бири эди. У Фридланднинг харизматик фазилатларини ўзлаштирди. Унинг фирибгар ва лўттибозлиги аён бўлгунга қадар Стив уни анча йиллар давомида гуру деб ҳисоблаб юрди.

Фридланд Жобсдан тўрт ёш катта эди, лекин ҳали охирги курсда ўқирди. Освенцимнинг собиқ маҳбуси, кейинчалик Чикагонинг гуллаган архитекторининг ўғли Фридланд Рид университетигача Боудойнда, Мэнедаги гуманитар университетда таҳсил олганди. Лекин иккинчи курсда умумий суммаси 125 минг долларлик 24 мингта ЛСД таблеткасини сақлагани учун қамоққа олинганди. Маҳаллий газетада Фридланднинг қамоққа олинаётган вақтдаги суратини чоп этишганди: унинг жингалак сочи елкасигача тушиб турарди, табассуми эса кишини лол қолдирарди. Робертга икки йиллик қамоқ жазоси тайинланди ва у Виргиния штатининг федерал қамоқхонасига юборилди. Лекин 1972 йилда шартли равишда озодликка чиқарилди. Кузда у Рид университетига ўқишга кирди ва дарров талабалар кенгаши президентлигига ўз номзодини қўйди. Ушанда у “суд хатоси” туфайли ўзининг булғанган номини оқламоқчи эканини айтганди ва сайловда ғолиб бўлганди. Баба Рам Дасснинг Бостонга сафарида қатнашган Фридланд ҳам Жобс ва Коттке каби шарқча руҳий амалиётларга жуда қизиқарди. 1973 йилнинг ёзида Роберт Ҳиндистонга, гуру Рам Дасс, шунингдек, Махараж-жи номи билан машҳур бўлган Ним Кароли Бабани кўриб келди. Кузда Америкага қайтгач, Фридланд руҳонийларча исм қўйиб олди ва кампус бўйлаб шиппакда ва кенг ҳиндча кийимда юришни одат қилди. У университет ҳудудининг орқа тарафидаги гараж тепасидаги хонада яшарди ва Жобс у ерга тез-тез бориб турарди. Фридланднинг фикри равшанлиги эмас, балки ўзига бўлган ишончи Жобсга кўпроқ завқ берарди. “У руҳий камолотнинг янги босқичига чиқишимда менга ёрдам берди”, – деб тан олди Жобс.

Фридландга ҳам Стив ёқарди. “У доим оёқ яланг юрарди. Стивнинг бир нарсага берилиб кетиши менга завқ бахш этарди. Агар бирор нарсага қизиқса, у бунга бутун руҳини берарди”, – деб эслайди Роберт. Жобс одамга диққат билан разм солиш ва суҳбат давомида узоқ ўйлаб тин олиш ёрдамида одамларни бошқариш ҳадисини олганди. “У кўзни юммай сенга тикилиб туришни, кўзингга қарашни, савол бериб жавоб кутишни яхши кўрарди, шу йўл билан у суҳбатдошини худди илон қуённи бўққандек гипноз қилиб қўярди”.

Котткенинг сўзларига қараганда, айрим ўзига хос хусусиятларни, шу жумладан, Жобс бир умр сақлаб қолган хусусиятларни у Фридланддан ўзлаштирган. “Робертдан воқеликни бузиш майдони ҳақида билиб олганди, – дейди Коттке. – Роберт харизматик, бироз қаллоб одам эди ва ўз айтганини қилдира оларди. Серғайрат, ўзига ишонган ва бироз золим одам эди. Стивни унинг ана шу фазилатлари ўзига тортарди ва Роберт билан мулоқотда бўлиб, у кўп нарсани ўзига олди”.

Фридланддан Жобс, шунингдек, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишни ҳам ўрганди. “Роберт чиқишимли ва жозибали ҳамда ҳақиқий сотувчи эди, – деб эслайди Коттке. – Стив эса мен танишганимда тортинчоқ, камгап бола эди ва ўзини камтар тутарди. Ўйлашимча, ўзини қандай қилиб тўғри кўрсатишни, ўз қобиғидан чиқишни, ёрилишни, вазиятни ўз қўлига олишни унга Роберт ўргатган”. Фридланд осонлик билан омма эътиборини жамлаб, унинг руҳини кўтара оларди. “У хонага кириши билан ҳамманинг нигоҳи унга қаратиларди. Жобс Ридга ўқишга кирганида у Робертнинг бутунлай акси эди. Лекин у билан мулоқот қилгач, ундан айрим жиҳатларни ўзлаштиришни бошлади”.

Якшанба кечалари Жобс ва Фридланд Портленднинг ғарбий чеккасидаги Харе Кришна ибодатхонасига борарди, кўпинча Коттке ва Элизабет уларга ҳамроҳлик қиларди. Улар рақс тушиб, бор овози билан қўшиқ айтарди. “Биз қаттиқ жазавага тушардик, – деб эслайди Элизабет. – Роберт ўзини йўқотиб қўяр ва ақлдан озган одамдек берилиб ўйнарди. Стив ўз туйғуларига эрк беришдан тортингандай ўзини қўлга олиб турарди”. Рақсдан кейин ҳамма вегетарианча таом тановул қиларди.

Фридланд умумий майдони 90 гектарлик олма боғида бошқарувчи бўлиб ишларди. Боғ Портленддан жануби-ғарбда олтмиш километр масофада жойлашганди ва Марсель Мюллер исмли швейцариялик ажиб миллионерга тегишли эди. Қария Родезияда бойлик тўплаганди: у метрик маҳкамлагич етказиб берарди. Шарқча руҳий амалиётларга қизиққан Фридланд боғда “Ягона ферма” (All One Farm) номли жамоа ташкил этди. У ерда Жобс, Коттке, Элизабет ва бошқа хоҳловчилар дам олиш кунини ўтказарди. Фермада асосий уй, кенг омбор бор эди, у ерда Коттке ва Элизабет ухларди. Жобс жамоанинг бошқа аъзоси Грег Кэлхун билан олма дарахти шохларини кесиб “гравенштейн” тайёрларди. “Стив олма билан шуғулланарди, – деб эслайди Фридланд. – Биз олма виноси тайёрлардик ва Жобснинг вазифаси бизни дарахт шохларини кесишга ва боққа қарашга мажбурлаш эди”.

Монахлар ва Харе Кришна ибодатхонаси ўқувчилари фермага бориб, зирл, кашнич ва куркума каби зираворлар солинган вегетарианча таом тайёрларди. “Стив фермага бориб, одатда очлик сақларди, кейин тўйиб еб оларди, сўнгра бориб ошқозонини тозаларди, – деб хотирлайди Элизабет. – Узоқ йиллар давомида мен у булимияга чалинган деб ўйлардим. Унга жуда ачинардим: у оч сақланишга қаттиқ уринарди, лекин ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмасди”.

Фридланднинг диктаторларча ҳаракатлари Жобснинг жонига тега бошлади. “Менимча, Стив шунчаки ўзида Робертнинг кўплаб хислатларини сеза бошлаганди”, – дейди Коттке. Жамоа тамагирлик ва режалиликдан ҳимоя қиладиган паноҳгоҳ бўлиши керак эди, аммо Фридланд уни аста-секин бизнесга айлантирди: жамоада яшовчиларга ўтин териш ва сотиш, олма шарбати сиқадиган пресс ва ёғоч ўчоқлар тайёрлаш, шунингдек, бошқа тижорат ташаббусларида қатнашиш буюрилди, бунинг учун уларга ҳақ тўланмасди. Бир куни кечаси Жобс ошхонадаги стол тагида ухлашга мажбур бўлди. Ўшанда жамоа аъзолари бировларнинг маҳсулотларини музлатгичдан билдирмай ўғирлаётганини кўриб ҳайрон бўлганди. Жамоада яшаш Стивга тўғри келмасди. “Иш ўта материалистик кўриниш олди, – деб эслайди Жобс. – Одамлар шунчаки Роберт учун ҳолдан тойгунча ишлаётганини тушунди ва сездирмай фермадан қоча бошлашди. Менинг ҳам роса жонимга текканди”.

Кўп йиллар ўтиб, Фридланд Ванкуверда, Сингапурда ва Монголияда ишлаб, миллиардер, олтин конлари хўжайини ва тоғ-кон саноатига ихтисослашган корпорация эгаси бўлгач, мен уни Нью-Йоркка коктейлга таклиф қилдим. Ўша кеча мен Жобсга учрашувимиз ҳақидаги ҳикояни мактуб орқали юбордим. Бир соат ўтгач, у менга Калифорниядан қўнғироқ қилди ва мен Фридланднинг бирорта ҳам сўзига ишонмаслигим кераклигини айтди. Фридланд ўзининг айрим шахталари атроф муҳитга хавф солаётгани учун муаммога дуч келганди ва Жобс билан боғланиб, ундан Билл Клинтон билан гаплашишини сўраганди. Лекин Стив бунга муносабат билдирмаганди. “Роберт ҳар доим ўзини самимий қилиб кўрсатган, лекин аввал жозибали инсон бўлган бўлса, энди у оддий фирибгар, – деди Жобс. – Ёшлигингда сенга руҳан яқин бўлган инсон кейинчалик ишдан фақат манфаат кўзлайдиган корчалонга айланиб қолгани ғалати”.

Стив Жобс

Подняться наверх