Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 11

3-боб. Мактабдан четлатиш. Ўзингизни ёқинг, созланинг…
…ва йўқолинг

Оглавление

Университет тезда Жобснинг жонига тегди. Унга у ер ёқарди, лекин мажбурий машғулотларга боргиси келмасди. Рид университетида хиппи романтика ҳукмрон бўлишига қарамай, у ерда талабаларга анча қаттиқ талаблар қўйилганди.

Масалан, Жобс “Илиада”ни ўқиб чиқиши ва Пелопоннес урушлари тарихини ёдлаб олиши керак эди. Жобс уни кўргани келган Вознякка машғулотларга боришга мажбурлашаётганидан нолиди. У эса эътироз билдирди: “Нимани хоҳлагандинг? Бу университетку. У ерда мажбурий фанлар бўлади”. Лекин Жобс бу курсларга боришдан бош тортди, уларнинг ўрнига ўзи танлаган машғулотларга, масалан, рақс дарсларига қатнади: у ерда ижодий муҳит


шаклланганди ва қизлар билан танишиш мумкин эди. “Мен мажбурий машғулотлардан бош тортишга журъат қилолмасдим, – деди Возняк. – Стив мендан шуниси билан фарқ қилади”.

Кейинчалик Жобс ота-онасининг пулини унга фойдаси йўқдек туюлган ўқишга сарфлаётганидан хижолат чекканини тан олади. “Ота-онамнинг барча тўплаган пули менинг ўқишимга кетди. Лекин мен нимани хоҳлашимни ва университет буни тушунишда менга қандай ёрдам бериши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмасдим. Шу билан бирга, ота-онам бир умр тўплаган пулини ўқишга сарфлардим. Шу сабабли мен ўқишни ташлашга қарор қилдим. Балки шунда мен нимагадир эришарман деб умид қилдим”, – деб айтганди у Стэнфорддаги ўзининг машҳур нутқида.

Аслида Стив Риддан кетганидан афсусланди: у шунчаки пул тўлаб, унга қизиқ бўлмаган дарсларга қатнашни хоҳламади. Буни қарангки, деканат унга имконият берди. “Стив синчков ақли ва таровати билан ажралиб турарди, – деб эслади университет декани Жек Дадмэн. – У ҳамма қабул қилган ҳақиқатни автоматик равишда қабул қилишдан бош тортарди, ҳаммасини ўзи мустақил тушуниб етишга ҳаракат қиларди”. Дадмэн Жобс ўқишга пул тўламай қўйса ҳам унга маърузаларни эшитиш ва ёқтоқхонада дўстларининг хонасида яшашга рухсат берди.

“Мен ўқишдан четлатилгандим ва зерикарли мажбурий дарсларга боришим шарт эмасди: мен фақат чинакамига мени қизиқтирган дарсларга борардим”, – деб эслайди Жобс. Каллиграфия у борадиган машғулотлардан бири эди. Университетдаги кўпчилик плакатларнинг чиройли экани унинг эътиборини тортганди. “Мен роман ва готик шрифтлар қандайлигини, турли ҳарфлар бирикмаси ўртасида масофа қандай бўлишини, тўғри шрифт нима эканини билиб олдим. Бу тарихий чекинишлардан ва мантиқий таҳлил қилинмайдиган ижоддан иборат ажойиб, жуда қизиқарли курс эди. Менга каллиграфия жуда ёқди”.

Бу Жобс санъатга бўлган қизиқишни ва технологияларга бўлган муҳаббатни бирлаштиришга муваффақ бўлганига яна бир мисолдир. Apple’нинг барча маҳсулотларида техник ечимлар, замонавий дизайн, осонлик ва қулайлик уйғунлик касб этади; тўғрисини айтганда, уларни шунчаки қўлга олишнинг ўзи ёқимли. Интерфейснинг график ечимини биринчилардан бўлиб ўйлаб топган айнан Стив эди ва бунда каллиграфия курси муҳим роль ўйнаганди. “Агар коллежда каллиграфияга қизиқмаганимда, Mac’да кўплаб шрифтлар, мутаносиб кёрнинг ва интерлиньяж бўлмасди. Windows Mac’дан кўчирилганини ҳисобга олсак, ҳеч бир компьютерда булар бўлмасди”.

Шу билан бир вақтда Жобс Ридда бетартиб яшаш тарзини давом эттирди. Кўпинча оёқ яланг юрарди; қор ёққанда сандал кийиб оларди. Элизабет Холмс унинг парҳез қоидаларига имкон қадар амал қилган ҳолда унга овқат тайёрлаб берарди. Стив бўш бутилкаларни топширарди, эвазига пул ишларди, якшанба кунлари Харе Кришна ибодатхонасида бепул тушликка борарди, гараж тепасидаги иситиш тизими бўлмаган кичкина хонада яшарди. Ижара ҳақи ойига атиги йигирма доллар эди. Уйда куртка кийиб юришга мажбур эди. Пул керак бўлса, Жобс психология факультетининг лабораториясига электрон асбобларга хизмат кўрсатувчи техник бўлиб ишга кирарди. У ерда у ҳайвонларнинг юриш-туришини ўрганарди. Баъзида уни Крисэнн Бреннан кўргани келарди. Уларнинг ўзаро алоқасига дарз кета бошлаганди. Стивни ўзини англаш ва руҳий изланиш кўпроқ қизиқтирарди.

“Мен ажойиб вақтда яшаганман, – деб фикр юритганди кейинчалик Жобс. – Биз дзен ва ЛСД ғоялари билан катта бўлганмиз”. Ҳатто улғайгач ҳам у психоактив моддалар шарофати билан фикри равшанлашганига ишонарди. “ЛСД менга қаттиқ таъсир кўрсатган. У ҳаётимда муҳим роль ўйнади. Ҳузур олаётиб, медалнинг орқа томони ҳам борлигини тушунасан; тўғри, унинг таъсири тугагач, ҳеч нарсани эслолмайсан, шундай бўлса ҳам унинг аҳамиятини инкор этиб бўлмайди. Психоактив моддалар ижод қилиш ва нодир нарсаларни кашф қилишдек муҳим мақсадларни аниқлаб олишимда ёрдам берди. Мен тарихга ўз номимни ёздириб қўйишни ва одамлар онгига таъсир ўтказишни хоҳлаётганимни англаб етдим”.

Стив Жобс

Подняться наверх