Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 19

5-боб. Apple I. Ён, созлан, парвоз қил
Гараждаги цех

Оглавление

Кредитга сотиб олинган деталлар ҳақини тўлаш муддати тамом бўлиши билан бир ойдан сўнг “Байт”га етказиб берилиши керак бўлган илк 50 та Apple I компьютери Жобсларнинг Лос-Альтосдаги уйида терилди. Ишга бўш бўлган ҳар ким, масалан, Жобс, Возняк, Дэниел Коттке, унинг собиқ севгилиси Элизабет Холмс (у сектани ташлаганди) ва Жобснинг ҳомиладор синглиси Патти жалб қилинди. Паттининг собиқ ётоқхонаси, ошхона столи ва гараж иш жойига айлантирилди. Заргарлик маҳорати дарсларига қатнайдиган Элизабет микросхемаларни кавшарлади. “Умуман олганда, мен ишнинг уддасидан чиқдим, лекин бир марта микросхемалар устига қотишмани томизиб юбордим”, – деб эслайди Элизабет. Стивнинг жаҳли чиқди. “Ортиқча деталлар бизда йўқ”, – деди у ҳақли равишда ва Элизабетга ҳисоб юритишни ва ҳужжатларни расмийлаштиришни топширди, кавшарлашни эса ўзи бажарди. Тайёр монтаж платасини Вознякка беришарди. “Мен платалар ишлашини телевизор ва клавиатурага улаб текшириб кўрардим. Агар ҳаммаси яхши бўлса, қутига жойлаштирардим. Агар ишламаса, нуқсонни аниқлаб, уни бартараф этардим”, – деб сўзлаб берди Воз.

Пол Жобс вақтинча эски автомобиллар билан шуғулланмай қўйди ҳамда ўғли ва унинг дўстлари ихтиёрига бутун гаражни бўшатиб берди, у ерга узун эски дастгоҳни олиб чиқиб берди, деворга гипсокартон тахтасини осди, унга компьютер схемаларини улади ва деталлар учун рақамланган қутиларни қўйиб берди. Яна компьютерлар тунда юқори ҳароратда қандай ишлашини текшириш учун у инфрақизил чироқлар остига иссиқлик ўтказмайдиган контейнер ўрнатди. Вақти-вақти билан Стив тоқати тоқ бўлиб, бақириб юборарди ва Пол уни тинчлантирарди. “Нима бўлди? Орқанг қичишиб кетдими?”, – деб сўрарди у. Яна у баъзан бирорта футбол ўйини финалини томоша қилиш учун телевизорни қайтариб беришларини сўрарди (уйда битта телевизор бор эди). Ўшанда Жобс ва Коттке танаффус қилиб, уй олдидаги майсазорда гитара чалиб ўтирарди. Клара уйда Стивнинг дўстлари доим ўралашиб юришига ва ҳаммаёқни компьютер деталлари босиб кетганига эътироз билдирмасди; унинг кўнглини ўғлининг тушунарсиз тарзда овқатланиши ғаш қиларди холос. “Стивнинг навбатдаги парҳезини эшитиб онаси уф тортарди, – деб эслайди Элизабет. – Клара Стив соғлом бўлишини хоҳларди, у эса “мен фрутарианман, ой шуъласида бокира қизлар терган баргларнигина ейман”, – деб сафсата сотарди”.

Возняк тўпланган бир нечта монтаж платасини маъқуллагач, Жобс уларни “Байт”га олиб борди. У олиб борган нарсадан Терреллнинг боши қотди. Платаларга на таъминот блоки, на қутичалар, на клавиатура монитори уланганди. У қўшимча ишни талаб қилмайдиган тайёр маҳсулот олишни хоҳлаганди. Лекин Жобс унга диққат билан қараганидан кейин Террелл буюртмани қабул қилиб, унинг ҳақини тўлашга рози бўлди.

Ўттиз кундан кейин Apple тез орада фойда келтириши аён бўлиб қолди. “Плата биз ўйлагандан арзонга тушди, чунки деталларни анча пасайтирилган нархларда сотиб олгандим, – деб эслайди Жобс. – “Биз “Байт”га сотган элликта компьютерга кетган харажатни ортиғи билан қоплади”. Энди улар қолган платаларни дўстларига ва “Уй компьютерлари клуби”даги танишларига сотиб, фойда олиши мумкин эди.

Элизабет Холмс энди Apple’да ярим кунга бухгалтер бўлиб ишларди ва соатига 4 доллар оларди. Бир ҳафтада бир марта у Сан-Францискога келиб, Жобс юритган ёзувни тартибга соларди. Apple жиддий компанияга ўхшаши учун Стив телефон хизмати билан гаплашди, у барча хабарларни Кларага жўнатадиган бўлди. Рон Уэйн Виктория давридаги нақш услубида логотип чизди. У дарахт остида ўтирган Ньютонни тасвирлади; Вордсвортнинг “Муқаддима”сидан қуйидаги парча имзо бўлиб хизмат қилди: “Ақл ажиб фикрлар денгизи узра ёлғиз ўзи сузмоқда”. Анча беъмани шиор, бу Apple Computer’дан кўра кўпроқ Уэйннинг ўзига мос келарди. Компанияга эса Вордсворт француз инқилоби бошланишини таърифлаган қуйидаги қатор кўпроқ мос келарди: “У тонг ёруғини кўришнинг ўзи бахтдир; лекин ёшларнинг бахтиёрлиги ундан-да юксак бахтдир”. Возняк буни шундай тасдиқлади: “Менга биз энг буюк инқилобда иштирок этаётгандек туюлганди. Ва бундай шарафли иш менга муяссар бўлганидан бахтиёр эдим”.

Воз компьютернинг кейинги версияси ҳақида ўйлашни бошлади, шунинг учун биринчи компьютер Apple I номини олди. Жобс ва Воз Камино-Реалдаги электроника дўконларга кириб, дўкон эгаларидан уларнинг товарларини харидорларга сотишни таклиф қиларди. “Байт” сотиб олган партияга ва ўз дўстларига сотишган элликта компьютерга қўшимча равишда улар дўконлар учун яна юзта компьютер теришганди. Бироқ нарх борасида фикрлари ҳар хил бўлиб чиқди: Воз компьютерларни тахминан уларга сарфланган деталлар нархида сотиш ҳақида ўйларди; Жобс эса жиддий фойда олишни хоҳларди. Албатта, у устун келди. Дўконларга компьютерларни монтаж платалари нархидан уч баравар қиммат нархда сотишди, Террелл ва бошқа дўконлар эгалари уларга тўлаган улгуржи нархга – беш юз долларга 33 % қўшилди. Бу 666 доллар 66 центни ташкил этди. “Менга ҳар доим бу рақамларни такрорлаш ёқарди, – дейди Воз. – Телефон ўйинлари хизматидаги менинг рақамим 255-6666 эди”. Иккала дўст Иоанн Богословнинг “Ваҳийси”да 666 рақами “ёвуз ҳайвоннинг сони” эканини билишмасди, лекин тез орада уларга шикоятлар ёғила бошлади, ўша йили суратга олинган “Омен” фильмида 666 рақами пайдо бўлганидан кейин норозилик яна ҳам кучайди. (2010 йили энг биринчи Apple I компьютерларидан бири “Кристи” кимошди савдосида 213 минг долларга сотилди).

Янги компьютерлар ҳақидаги илк мақола ҳозирда чоп этилиши тўхтатилган Interface журналининг 1976 йилнинг июль ойидаги сонида пайдо бўлди. Жобс дўстлари билан компьютерларни ҳали ҳам Стивнинг уйида қўлда теришарди, мақолада эса Жобс “маркетинг бўйича директор” ва “Atari’нинг собиқ норасмий маслаҳатчиси” деб таърифланганди. Буларнинг барчаси Apple’га зарур обрў-эътиборни бахш этарди. “Стив ҳамма нарсани ипидан игнасигача билиб туриш ва янги тармоқнинг ривожланишини кузатиш учун кўпчилик компьютер клублари билан алоқада бўларди”, – дейилади мақолада. Кейин муаллиф Жобснинг қуйидаги сўзларини парча қилиб келтиради: “Харидорлар билан уларнинг эҳтиёжларини ва хоҳиш-истакларини муҳокама қилиб, биз уларга улар хоҳлаган маҳсулотни тақдим этамиз”.

Бу вақтга келиб Apple’нинг Altair’дан бошқа рақобатчилари пайдо бўлди: масалан, Processor Technology компанияси томонидан ишлаб чиқарилган IMSAI 8080 ва SOL-20. SOL-20 компьютерини “Уй компьютерлари клуби”даги Ли Фелзенштейн ва Гордон Френч теришганди. Икки дўст Меҳнат куни тақдимотда иштирок этишга муваффақ бўлди, ўша куни илк Шахсий компьютерлар фестивали (Personal Computer Festival) бўлиб ўтганди. Тадбир Нью-Жерси штати Атлантик-Сити шаҳри соҳилбўйидаги эски меҳмонхонада бўлиб ўтди. Жобс ва Возняк TWA авиакомпаниясининг рейсида Филадельфияга етиб келишди; улар ўзлари билан сигара қутисига солинган Apple I ва унинг Воз ишлаб чиқаётган кейинги авлодини олиб келишди. Самолётда уларнинг ортида Фелзенштейн ўтирганди. У Apple I’га қараб, “ҳеч бир қизиқ жойи”ни кўрмадим деб айтади. Орқасидан айтилган бундай гаплар Вознякнинг асабига тегди. “Улар бизнес-режаларни муҳокама қилаётганини эшитдик, – дейди у. – Биз ҳеч қачон эшитмаган терминларни ишлатишарди”.

Возняк кўп вақтини ўз хонасида компьютернинг янги модели устида ишлаб ўтказди. У павильоннинг энг чеккасида Apple учун ажратилган стол олдида туришдан уяларди. Дэниел Коттке Нью-Йоркдан поездда келди (у энди Колумбия университетида ўқиётганди) ва Жобс зални айланиб, рақобатчи компанияларнинг ихтироларини томоша қилаётган вақт у ташриф буюрувчилар билан суҳбат қурарди. Стивда у кўрган компьютерлар таассурот қолдирмади. У Возняк энг яхши муҳандис схемотехник эканини, Apple I эса (шу жумладан, унинг кейинги авлоди) функционаллиги жиҳатидан намойиш этилган компьютерларга имконият қолдирмаслигини тушуниб етди. Лекин кўргазмада аксинча SOL-20 компьютери зўр таассурот қолдирди: ёрқин металл корпус, клавиатура, таъминот блоки, сим. У улуғвор кўринарди, Apple I эса пала-партиш ташқи кўриниши билан ўз яратувчиларини эслатарди.

Стив Жобс

Подняться наверх