Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 16
5-боб. Apple I. Ён, созлан, парвоз қил
Оромбахш ва меҳрибон автоматлар
Оглавление60-йилларнинг иккинчи ярмида Сан-Франциско ва Силикон водийсида турли маданий оқимлар параллель равишда ривожланди. Ҳарбий саноат учун ишлаган компанияларнинг ўсиши билан техника инқилоби бошланди. Тез орада радиоэлектрон қурилмалар ишлаб чиқарадиган фирмалар, шунингдек микросхема ва видеоўйинлар ишлаб чиқувчилар ҳамда компьютер компаниялари ҳам уларнинг ортидан юксала бошлади. Хакерларнинг субмаданияти гуллаб-яшнади. Бу тармоқ ходимлари ва телефон фирибгарлари, киберпанклар, оддий ҳаваскорлар ва шунчаки, гиклар, шу жумладан, HP иерархиясига кирмайдиган муҳандислар ва компаниянинг ҳеч бир бўлимида ишламайдиган уларнинг болалари фаолияти билан изоҳланарди. ЛСД таъсирини ўрганиш билан машғул бўлган квазиолимлар гуруҳи бор эди; Пало-Альтодаги Аугментация тадқиқот марказида (Augmentation Research Center) ишлаган ва кейинчалик компьютер сичқончаси ва график фойдаланувчилар интерфейсларини ишлаб чиққан Даг Энгельбарт ҳамда мусиқий нур таратадиган шоулари билан гиёҳванд моддаларни машҳур қилиб юборган ва кейинчалик Grateful Dead номи билан донг таратган Кен Кизи ҳам улар орасида бор эди. Сан-Франциско ва унинг теварагидаги битниклар авлодига мансуб хиппилар ҳаракати кучайди. Мавжуд тартибга қўшилмаган турли сиёсий арбоблар Бёрклида пайдо бўлган Сўз эркинлиги учун ҳаракат негизида шаклланди. Бундан ташқари, фикрни равшанлаштириш борасида изланишлар олиб борадиган дзен-буддизм, индуизм, медитация ва йогадан тортиб то Яновнинг психотерапиясигача, сенсор депривация ва Эрхард семинарларигача бўлган турли-туман руҳий амалиётчиларнинг фаолияти гуркираб ривожланди.
Стив Жобс хиппи ва хакерлар субмаданияти омухтаси, фикрни равшанлаштириш борасидаги изланишлар ва янги технологияларга бўлган қизиқиш тимсоли эди: эрталаблари у медитация ўтказар, кундузи Стэнфордда физика бўйича маърузалар тинглар, тунлари Atari’да ишлар ва ўз бизнесига асос солишни орзу қиларди. “Ҳаёт жўш урарди, – хотирлайди у. – Grateful Dead, Jefferson Airplane, Жоан Баэз, Женис Жоплин каби ажойиб мусиқачилар пайдо бўлди; бу ерга яна интеграл схемалар ҳамда “Бутун Ер каталоги” каби китобларни қўшинг”.
Дастлаб хиппилар илм-фан ва техника ишқибозлари билан унчалик келиша олмасди. Контрмаданият вакилларининг кўпчилиги компьютерлар Оруэллнинг башорати нақадар тўғрилигини тасдиқлаяпти деб ҳисобларди. У компьютерлар Пентагон ва ҳукмрон тузум ҳокимиятининг тимсоли деб айтганди. “Машиналар ҳақида афсона” асарида тарихчи Льюис Мамфорд компьютерлар эркинликни ўғирлайди ва ҳаётий муҳим қадриятларни йўқ қилади деб таъкидлаганди. Перфокарталардаги “Эгманг, санчманг ва ғижимламанг” ибораси сўл пацифизм тарафдорларининг кинояли шиорига айланганди.
Лекин 70-йилларнинг бошига келиб ҳиссиёт ўзгарди. “Компьютерлар бюрократик назорат қуролидан ўз фикрини билдириш ва ҳурлик воситасига айланди”, – деб ёзади Жон Маркоф контрмаданият ва компьютер соҳасининг яқинлашувига бағишланган “Уйқучи нима деди” номли китобида. Бу тенденция Ричард Бротиганнинг 1967 йилги “Ҳамма энди оромбахш ва меҳрибон автоматлар назорати остида” деб номланган шеърида ҳам куйланганди. Психофаол моддалар ва кибернетика бирлашувини Тимоти Лири ҳам тан олганди; у шахсий компьютерлар янги ЛСД бўлди, деб таъкидлаб, ўзининг машҳур даъватини ўзгартирганди. Энди у “Ён, созлан, парвоз қил” деб янграрди. U2 йўлбошчиси Боно Жобс билан дўстлашиб қолганди. У Сан-Франциско ва унинг теварагидаги исёнчи норасмий ёшларнинг рок ва гиёҳвандликка асосланган маданияти нима учун охир-оқибат шахсий компьютерлар тармоғи пайдо бўлишига олиб келгани ҳақида Жобс билан тез-тез муҳокама қиларди. “Йигирма биринчи асрни Ғарбий Соҳилбўйидан чиққан, Стивга ўхшаб шиппакда юрадиган ва гиёҳ чекадиган хиппилар кашф қилган. Улар дунёга бошқа кўз билан назар ташлай олди, – деганди Боно. – Шарқий Соҳилбўйида, Англия, Германия ва Японияда ҳукмронлик қилган кучли иерархия ўзгача фикрлашни рағбатлантирмасди. Олтмишинчи йиллар ҳали мавжуд бўлмаган оламни тасаввур қилиш имконини берган анархик ақл тузилишини вужудга келтирди”.
Стюарт Бранд дастурчилар ва контрмаданият вакилларининг яқинлашувини биринчилардан бўлиб олқишлади. Бир неча ўн йил давомида оммани янги ғоялар билан лол қолдирган алдоқчи ва башоратчи Бранд 60-йилларнинг биринчи ярим йиллигида Пало-Альтода ЛСД билан боғлиқ экспериментлардан бирида иштирок этди. Кен Кизи билан бирга у бир нечта “Трип-фестиваль” уюштирди; Том Вулф “Электр музлатувчи наркотик модда синови” асарининг бошида уни ёдга олиб ўтади. Шунингдек, Бранд Даг Энгельбарт билан бирга овоз ва нур таратадиган “Барча тақдимотларнинг онаси” номли янги технологиялар тақдимотини яратади. “Бизнинг авлоднинг катта қисми компьютер технологияларини марказлаштирилган назорат тимсоли деб биларди, – деганди кейинроқ Бранд. – Лекин кичкинагина гуруҳ (уларни кейинчалик хакерлар деб аташади) компьютерларга бошқача нигоҳ билан қаради ва уларни инсониятни эркин қилиш воситасига айлантира олди. Ва бу келажак томон қўйилган чин йўл бўлиб чиқди”.
Бранд The Whole Earth Truck Store (“Бутун Ер автобозори”) дўконини бошқарарди. У ерда хилма-хил ускуналар, қурилмалар ва китоблар сотиларди; 1968 йили у фаолият соҳасини кенгайтиришга қарор қилди ва “Бутун Ер каталоги”ни чоп этди. Биринчи саҳифада Ернинг космосдан олинган машҳур фотосурати ва “Ускуналар танлови” дейилган кичик сарлавҳа жойлаштирилганди. Бу техника инсоннинг дўстига айланиши мумкинлигини англатарди. Биринчи нашрнинг илк саҳифасида Бранд шундай деб ёзганди: “Шахсий эркинлик инсоннинг ўзини ўзи маълумотли қилиш, ўз руҳини кўтариш, ўз муҳитини шакллантириш ва ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш имкониятларини кенгаймоқда. Бунга кўмаклашадиган ускуналарни сиз “Бутун Ер каталоги” ёрдамида олишингиз мумкин”. Бакминстер Фуллер бунга шеър билан жавоб берди. У “Мен мустаҳкам ишлайдиган ускуналар ва механизмларда худони кўраяпман…” деган қаторлардан бошланарди.
Жобсга каталог жуда маъқул келди. Унга, айниқса, каталогнинг 1971 йилги сони ёқди. У ўшанда ҳали катта синфда ўқирди. Жобс уни мактабга олиб келди, кейинчалик эса “Ягона ферма”га олиб борди. “Орқа муқовасида эрта тонгдаги қишлоқ йўли сурати жойлашганди. Бу йўлда автостоп билан сайр қилиш мумкин эди, сизга бундай саргузаштлар ёқса, албатта. Тагига шундай ёзиб қўйилганди: “Оч бўл. Аҳмоқ бўл”. Бранд Жобсни икки маданиятнинг органик тимсоли деб ҳисоблайди. Каталог ҳам айнан шунга бағишланганди. “Стив – контрмаданият ва технологиялар ўртасидаги боғловчи бўғиндир, – деганди у. – У шахсий ўсишда компьютерлар қандай фойда келтиришини тушуниб етганди”.
Бранднинг каталоги компьютер саводхонлиги даражасини ошириш учун ташкил этилган Portola Institute жамғармаси кўмагида нашр этиларди. Шунингдек, жамғарма People’s Computer Company нашри чоп этилишида ҳам ёрдам берарди; бунинг ортида компания эмас, балки ахборот рисоласи ҳамда “Компьютерларнинг имкониятлари – инсонлар учун” шиорига амал қиладиган ташкилот яширинганди. Вақти-вақти билан чоршанба кунлари учрашувлар ўтказиларди; бу учрашувларни ҳеч ҳам қолдирмайдиган Гордон Френч ва Фред Мур ўзининг янги кашфиётлари ҳақида сўзлаб бериш мумкин бўлган доимий клуб ташкил этишга қарор қилишди. Икки дўстни Popular Mechanics журналининг 1975 йилги сони илҳомлантирган эди. Журналнинг муқовасида Altair шахсий компьютери учун илк тўплам сурати туширилганди. Унинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати йўқ эди – у бирлаштирилиши мумкин бўлган оддий деталлар тўплами эди холос; унинг нархи 495 доллар эди. Лекин компьютер ишқибозлари ва хакерлар учун бу янги эра бошланишини англатарди. Билл Гейтс ва Пол Аллен мақолани ўқиб чиқишди ва Altair учун бейсик тилининг версиясини ишлаб чиқа бошлашди. Жобс Возняк билан бирга янги компьютерга қизиқиб қолди. Altair нусхаси People’s Computer Company’га, Френч ва Мур томонидан ташкил этилган клубнинг илк йиғилишига юборилганида, у дастурнинг энг қизиқ мавзусига айланди.