Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 4

1-боб. Болалик. Ташлаб кетилган ва асраб олинган
Кремний водийси

Оглавление

Пол ва Клара Жобс ўз ўғлига яратиб берган болалик даври кўп жиҳатдан 50-йилларнинг иккинчи ярмидаги даврга хос эди. Стив иккига кирганида улар Патти исмли қизчани асраб олишди, уч йилдан сўнг шаҳар четидаги намунавий уйга кўчиб ўтишди. Пол ишлаган CIT молиявий компанияси уни Пало-Альто бўлимига ўтказди, лекин Пол Жобснинг чўнтаги у ерда яшашни кўтара олмади. Шу сабабли яқинроқда – Маунтин-Вьюда жойлашган бўлинмага ишга ўтди. У ерда яшаш қиммат эмасди.

Пол Жобс ўғлига автомобиллар ва умуман техникага бўлган меҳрни сингдиришга уринди. “Мана, Стив, бу энди сенинг иш жойинг”, – деган сўзлар билан у болакай учун гаражда дастгоҳ ажратди. Кейинчалик Жобс отаси бирор нарса қилаётган бўлса, буни доим завқ билан кузатиб борарди. “Отамнинг бир муҳандислик асбоби бор эди, – дейди Стив. – У билан исталган нарсани ясаш мумкин эди. Агар бизга шкаф керак бўлса, у шкаф ясаб берарди. Эсимда, дадам тўсиқ ясаётиб, менга ёрдам беришим учун болға берганди”.

Ярим аср ўтди, бу тўсиқ Маунтин-Вьюдаги уйнинг орқа ҳовлисида ҳали ҳам турибди. Уни менга кўрсатаётиб, Жобс панжара тахтасини силади ва отаси берган насиҳатни айтиб берди. Шкаф ва тўсиқнинг орқа тарафига яхшилаб ишлов бериш керак, деб ўргатганди Пол. Уларнинг ташқи кўриниши қандай бўлиши муҳим эмас. “Унга ҳамма нарсани яхшилаб бажариш ёқарди. Ҳатто ҳеч ким кўрмайдиган нарсани ҳам”.

Жобснинг отаси ҳали ҳам эски машиналарни таъмирлаб сотарди. Гараж деворлари унинг севимли автомобиллари расмлари билан тўлдириб ташланганди. Пол ўғлининг эътиборини машина дизайнига – уларнинг ташқи кўринишига, салон безагига қаратди. Ҳар куни ишдан кейин, у кийимини ўзгартириб, кўпинча Стив билан гаражда ишларди. “Мен у бирорта механик кўникмасини ўзлаштиради, деб умид қилардим, лекин Стив қўлини ифлос қилишни унчалик хоҳламасди, – деб эслади Пол. – У мотор титишни умуман ёқтирмасди”.

Ҳақиқатан ҳам, капот тагида ишлаш Жобсга қизиқ эмасди. “Машинани таъмирлаш менга ёқмасди, лекин дадам билан бирга ишлашимдан мамнун эдим”. У асраб олинганини яхши тушунарди, шунга қарамай, отасига яна ҳам кўпроқ боғланиб қолди. Стив саккиз ёшлик пайтида Пол қирғоқ мудофаасида хизмат қилган вақтдаги расмини топиб олди. “Дадам расмга машина бўлмасида кўйлаксиз тушганди. У Жеймс Динга жуда ҳам ўхшарди. Расм мени ҳайратда қолдирди. “Қойил, ота-онам қачонлардир ёш ва гўзал бўлишган экан!” – дедим мен.

Автомобиллар орқали отаси Стивни электроника билан таништирди. “Дадам электроникани унча тушунмасди, лекин кўпинча машина ва бошқа техникани тузатаётганида унга дуч келарди. У менга илк маълумот берди ва мени бу жуда қизиқтириб қўйди”. Эҳтиёт қисмларни олишга бориш яна ҳам қизиқарли эди. “Ҳар дам олиш куни биз гоҳ генератор, гоҳ карбюратор олиш учун ташландиқ автомобиллар бозорига борардик”. Жобс отаси қандай моҳирлик билан савдо қилишини эслади. “У буни яхши уддаларди, чунки у ёки бу деталь қанча туриши кераклигини у сотувчидан ҳам яхшироқ биларди”. Бу Стивнинг ота-онаси берган ваъдаси устидан чиқишида ёрдам берди. “Дадам 50 долларга “Форд Фолкэн”ни ёки юрмайдиган бирорта бошқа расво автомобилни сотиб оларди, бир неча ҳафтада уни “одам” қиларди, кейин эса 250 долларга сотарди, албатта ҳеч қандай солиқлар тўламасди. Шу билан у коллежда ўқишимга пул тўплади”.

Диаблодаги 286-сонли Жобсларнинг уйи ва бошқа қўшни бинолар Жозеф Эйхлер томонидан қурилган. Жами унинг қурилиш компанияси 1950–1974 йилларда Калифорниянинг турли ҳудудларида 11 мингдан ортиқ уй барпо этди. Фрэнк Ллойд Райт томонидан “оддий америкаликлар” учун яратилган кенг замонавий уй шаклидан илҳомланган Эйхлер полдан шифтгача панорамали дераза, очиқ жойлашган, бетон пол ва кўплаб очиладиган шиша эшикларга эга арзон уйлар қурди. “Эйхлерга қойил, – деди Жобс сайрлардан бирида. – У яхши, шинам ва арзон уйлар қурди. Уйлар оддий, лекин дид билан қурилганди ва уларга ҳатто даромади кам оилаларнинг ҳам қурби етарди. У майда икир-чикирларигача, масалан, нур сочадиган иситиш тизимига эга полгача ҳамма нарсани пухта ўйлаганди. Полга гилам ёзилса бас, у ўзидан ёқимли илиқлик таратарди. Болалигимизда биз бундай пол устида ўйнашни яхши кўрардик”.

Жобс Эйхлер уйларидан завқ олиш унда оммавий истеъмол учун замонавий маҳсулотлар яратишга бўлган интилишни кучайтирганини тан олди. Эйхлернинг ораста ва оддий биноларини хотирлар экан, шундай деди: “Менга чиройли, лекин функцияси кўп ва арзон нарсалар ёқади. Apple ана шундай маҳсулот бўлиши керак эди. Дастлаб Mac’ни ва кейин iPod’ни яратиб, бунга эришдик”. Жобсларнинг рўпарасида анча муваффақият қозонган риелтор яшарди. “У осмондаги юлдузни олиб бермасди, – деб хотирлайди Стив, – лекин жуда кўп пул ишлаб топарди. Отам “менинг ундан нимам кам” деб ўйлаб қолди. Дадам бор кучи билан интилди. Кечки курсларга қатнади, имтиҳон топширди, лицензия олди ва кўчмас мулк билан шуғулланди. Кейин эса бозор касодга учради”. Кейинги йил Жобслар оиласи қийналиб қолди. Стив ўша пайт бошланғич мактабга борарди. Онаси илмий лабораториялар учун қурилмалар тайёрлайдиган Varian Associates компаниясига бухгалтер бўлиб ишга кирди. Ота-онаси уйни қайтадан гаровга қўйишига тўғри келди.

Стив тўртинчи синфда ўқиётганида ўқитувчиси ундан “олам ҳақида нимани тушунмаяпсан?” деб сўради. “Отам нима учун иккала қўлини бурнига тиқиб қолганини тушунмайман”, – деб жавоб берди Жобс. Бундан ташқари, у отаси ҳамма нарсага хўп деб жавоб беришни, гарчи бу унга энг яхши сотувчи бўлиш имконини берса-да, одат қилиб олмаганидан жуда мағрурланарди. “Кўчмас мулк билан савдо қилиш учун тилёғламалик қилиш ва хушомадгўй бўлиш керак. Отамнинг қўлидан бу келмасди, чунки бу унинг табиатига зид эди. Ва унинг бу жиҳати менга ҳар доим ёқарди”. Пол Жобс яна механик бўлиб ишлади. Стивнинг отаси беозор ва меҳрибон эди, ўғли унинг бу фазилатларини жуда қадрларди, лекин бу хислатларни кўп ҳам ўзига олмади. Қатъиятлилик унинг асосий ўзига хослиги эди.

“Westinghouse компаниясида фотогальваник элементлар билан шуғулланган муҳандис бизга қўшни эди. Битникка ўхшарди. Уйланмаган, лекин севган қизи бор эди. Баъзан ота-онам ўзлари йўқлигида менга қараб туришни ундан илтимос қиларди. Ота-онам ишларди ва мен мактабдан кейин бир неча соат қўшниникида бўлардим. Муҳандис ичиб олиб севган қизини дўппослаган пайтлар бўларди. Бир куни у тунда қўрққанидан бизникига қочиб кирди. Ортидан ўлгудай маст ҳолда унинг хуштори ҳам етиб келди. Шунда отам эшикдан чиқиб, унга кескин оҳангда шундай дейди: ҳа, қизинг бизникида, лекин сени ичкарига киритмайман. Қисқаси, уни ҳайдаб юборди. Эллигинчи йилларни осойишта давр сифатида кўрсатишни яхши кўришади. Лекин муҳандис қўшнимиз ҳаётида мушкул аҳволга тушиб қолган бечоралардан бири эди”.

Жобслар яшаган жой Американинг шунга ўхшаш бошқа шаҳарларидан шуниси билан фарқ қилардики, бу ерда ҳатто энг саёқ одамлар ҳам муҳандис эди. “Биз бу ерга кўчиб келганимизда ҳамма ёқда ўрик ва олхўри ўсадиган боғлар бор эди, – хотирларди Стив. – Лекин шаҳар ҳарбий инвестициялар туфайли ўсди”. Жобс бу ерлар тарихини завқ билан ўрганар ва қачондир ўзи ҳам бунда роль ўйнашни орзу қиларди. Polaroid’да ишлайдиган Эдвин Лэнд разведкачи самалётлар учун камера ясашда Эйзенхауэр ундан ёрдам беришни сўраганини айтиб берди. Советларнинг ҳарбий таҳдиди қанчалик ҳақиқатлигини тушуниш керак. Улар плёнкани контейнерларга жойлаштириб, NASA’га, Жобс яшаган шаҳарга яқин Саннивейлдаги Эймс илмий-тадқиқот марказига юборган эди. “Дадам мени Эймс марказига олиб борганида, мен ҳаётимда илк бор компьютер терминалини кўрдим. Ўшанда мен компьютерларни яхши кўриб қолгандим”, – деб айтиб берди Жобс.

50-йилларда мудофаа саноати учун ишлаган компаниялар гуркираб ривожланди. 1956 йили NASA марказига яқин жойда сувости кемалари учун баллистика ракеталари ишлаб чиқарадиган Lockheed компаниясининг бўлинмаси очилди. Тўрт йил ўтиб, Жобслар у ерга кўчиб ўтганида компанияда 20 минг киши ишларди. Компания яқинида ракета комплекслари учун чироқ ва трансформаторлар ишлаб чиқарадиган Westinghouse корпуси жойлашганди. “Ушбу ҳарбий корхоналарнинг ҳаммаси энг охирги техника билан жиҳозланганди ва энг янги махфий маҳсулот тайёрларди. Шунинг учун у ерда яшаш қизиқ эди”, – дейди Жобс.

Мудофаа комплекси буюртмалари туфайли ҳудудда муайян даражада янги технологиялар ишлаб чиқариш билан боғлиқ компанияларга эҳтиёж сезилди. Бу жараён 1938 йилда Пало-Альтога Дэйв Паккард кўчиб келгандан кейиноқ бошланганди. У ерда гараж бор эди. Бу гараж нафақат фойдали, балки водий аҳли учун рамзий жой эди. У ерда йигитлар ўзларининг илк буюми – паст частотали генератор ясади. 50-йилларда Hewlett-Packard компанияси турли қурилмалар ишлаб чиқариш билан шуғулланди ва тезда ўсди. Ҳайрият, водийда тадбиркорлар учун ҳам жой топилди. Уларнинг фаолият кўлами устахоналардан гаражларга кўчди. Стэнфорднинг муҳандислик факультети декани Фредерик Терман жараёнга биринчи бўлиб қўшилди. У туфайли бу ҳудуд технологик инқилоб бешигига айланди. У университет ҳудудининг қарийб 300 гектарини талабаларнинг ихтироларини оммавий ишлаб чиқаришга кириша оладиган хусусий компанияларга бўшатиб берди. Клара Жобс ишлаган Varian Associates компанияси биринчи бўлиб ижарага ер олди. “Терманнинг хаёлига доно фикр келганди. Шу туфайли ҳудудда юқори технологиялар ривожлана бошлади”, – дейди Жобс. Стив тўққиз ёшга кирганида 9 минг киши ишлайдиган HP компанияси ўз соҳасининг етук компаниясига айланганди. Молиявий ҳаёти бекаму кўст бўлишини орзу қилган ҳар қандай муҳандис у ерда ишлашни хоҳларди.

Лекин ҳудуднинг ривожига, энг аввало, яримўтказгичларни ишлаб чиқариш катта таъсир кўрсатди. Транзистор ихтирочиларидан бири бўлмиш Нью-Жерсидаги Bell Labs корпорациясида ишлаган Уильям Шокли Маунтин-Вьюга кўчиб келиб, 1956 йилда қимматроқ турган германийга асосланган транзисторлар ўрнига кремнийли транзисторлар ишлаб чиқарадиган компанияга асос солди.

Шуниси қизиқки, Шокли фикридан қайтиб, кремнийли транзисторлар ишлаб чиқаришни тўхтатди. Шу туфайли унинг саккиз нафар муҳандиси, масалан Роберт Нойс ва Гордон Мур ишдан бўшаб, Fairchild Semiconductor номли ўз компанияларига асос солди. Вақт ўтиб компания 12 мингга яқин ходимни бирлаштирди, бироқ 1968 йили Нойс компания президенти лавозими учун курашда мағлуб бўлгач, компания иккита алоҳида фирмага ажралиб кетди. Нойс ўзи билан Гордон Мурни олиб кетди ва Integrated Electronics, яъни Intel корпорациясига асос солди. Эндрю Гроув учинчи шерик бўлди. 80-йилларда унинг шарофати билан компания тараққиётнинг янги босқичига кўтарилиб, интеграл хотира схемалари тайёрлашдан микропроцессорлар ишлаб чиқаришга ўтди. Бир неча йилдан кейин водийда яримўтказгичлар ишлаб чиқарадиган элликдан ортиқ компания фаолият юритарди.

Саноатнинг бу тармоғи гуркираб ривожланиши 1965 йилда Мур кашф қилган қонун билан узвий боғлиқ. У микросхемага жойлаштириш мумкин бўлган транзисторлар сонига асосланган интеграл схемалар тезлиги диаграммасини чизиб берди. Ҳар икки йилда уларнинг сони икки баравар кўпаяверди, бу траектория давом этиши лозим эди. Бу қонун 1971 йилда Intel корпорацияси марказий процессорни битта микросхемага – микропроцессор деб ном олган Intel 4004’га жойлаштиришга муваффақ бўлганида ўз тасдиғини топди. Мур яратган қонун ҳанузгача долзарб. Унинг функционал хусусиятлари нархга кўрсатган таъсири ёш бизнесменларнинг икки авлодига, улар орасида Стив Жобс ва Билл Гейтс ҳам бор, ўз илғор маҳсулотига сарфланадиган харажатларни режалаштириш имконини берди.

Микросхемалар ишлаб чиқарилиши шарофати билан ҳудуднинг янги номи пайдо бўлди. 1971 йил январда Electronic News ҳафтаномасининг журналисти Дон Хефлер “АҚШнинг Кремний водийси” деб номланган сарлавҳа остида бир нечта мақола чоп этди. Бир вақтлар 21-Калифорния миссиясини боғлаган, ҳозирда Америка венчур инвестицияларининг қарийб 30 фоизини қабул қилиб оладиган ривожланган компаниялар ва стартапларни боғлаб турувчи гавжум магистраль бўлмиш тарихий Эль-Камино-Реал йўли Саут-Сан-Франциско ва Пало-Альтодан Сан-Хосегача қирқ милга чўзилган Санта-Клара водийсининг асосий тижорат “артерия”сига айланди. “Ўзим улғайган ўлка тарихи менга илҳом бахш этарди. Ҳар доим унинг бир қисмига айланишни хоҳлаганман”, – дейди Жобс.

Кўплаб болалар каби, Стив ҳам атрофидаги катталар иштиёқини ўзлаштирди. “Қўшниларимизнинг кўпчилиги ҳар хил мураккаб ускуналарни, масалан қуёш энергиясидан фойдаланувчи қурилмани, аккумуляторлар ва радарларни тайёрларди. Мени бу жуда қизиқтирарди ва мен доим бу қандай ясалган деб катталарнинг жонига тегардим”. Унинг энг машҳур қўшниси Ларри Лэнг Жобслар уйидан еттита уй нарида яшарди. “Менинг тасаввуримда у HP компаниясининг идеал ходими эди. У ҳаваскор радио мутахассиси, ажойиб электрончи муҳандис эди. У менга деталлар олиб келарди. Мен эса бу деталларни ўйнардим”, – деб эслайди Стив.

Лэнгларнинг собиқ уйи олдидан ўтганимизда Жобс қуйидагиларни айтиб берди: “У бир куни кўмир кукунли микрофон, батарейка ва динамикни олиб, ҳовлига қўйди-да, мендан микрофонга у бу нарсани дейишимни сўради. Шунда динамикдан овоз таралди”.

Микрофон электрон кучайтиргичсиз ишламаслигини Стивга отаси айтиб берганди.

“Мен ўқдек уйга кириб, отам янглишганини айтдим.

– Йўқ, кучайтиргич керак, – деб қулоқ солмади отам, лекин мен ўз айтганимда қаттиқ туриб олдим ва дадам “тентак, у кучайтиргичсиз ишламайди, сени алдашган” деди.

Мен бўш келмадим, отам бориб буни ўз кўзи билан кўришини айтдим. Ниҳоят, дадам рози бўлди. Буни кўргач, “ёпирай!” деб юборди”.

Жобс бу воқеани эслаб қолди, чунки ўшанда биринчи марта дадаси ҳамма нарсани билавермаслигини тушуниб етди. Тез орада болакай яна бир нарсани фаҳмлаб олди: у ота-онасидан ақллироқ. Стив доим отасининг қобилияти ва топқирлигидан завқланган. “Уни олий маълумотли деб бўлмайди, лекин мен ҳар доим дадам жуда ақлли деб ҳисоблаганман. У кам китоб ўқирди, лекин қўллари билан кўп нарсани ясай оларди. Отам тушунмайдиган бирорта механизм йўқ эди”. Лекин микрофон билан бўлган воқеадан кейин Стив у аслида ота-онасидан анча калласи яхши ишлашини англаб етди. “Ўшанда бу фикр кутилмаганда хаёлимда пайдо бўлди. Бу ҳикоя хотирамда сақланиб қолди. Мен ота-онамдан ақллироқлигимни тушуниб етдим ва бундай хаёлга борганимдан уялдим. Буни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман”. Кейинчалик Жобсга шундай деб ўйлаш ва унинг асраб олингани тинчлик бермаслигини, у доим ўз ҳолича бўлишини, ўзини ҳам оиласидан, ҳам оламдан бўлак ҳис қилишини дўстларига айтиб берганди. Тез орада яна бир нарса маълум бўлди. Нафақат Стив ота-онасидан фаҳмлироқ эканини тушуниб етди. У Пол ва Клара ҳам буни тушунганини билди. Жобслар ўз ўғлини жон-дилидан яхши кўрарди ва қобилиятли, бироқ терс болакайнинг эҳтиёжларини яхшироқ қондириш учун улар ўз ҳаётини ўзгартиришга тайёр эди. Улар Стивга яхши бўлиши учун ҳамма нарсага шай эди. Эр-хотин Стивнинг ўзгача эканига ишонарди. Буни Стив ҳам пайқади. “Дадам ва ойим мени жуда яхши кўрарди. Ўзгача эканимни тушунишгач, улар масъулиятни ҳис қилишди. Менга барча зарур нарсани сотиб олишга, энг яхши мактабга жойлаштиришга, умуман, салоҳиятимдан тўлиқ фойдаланишимга ёрдам беришга ҳаракат қилишди”.

Шундай қилиб, болакай нафақат ташлаб кетилганлигини, балки ўзининг танҳолигини англаган ҳолда катта бўлди. Ва ўз сўзларига қараганда, бу унинг характерини шакллантиришга жуда катта таъсир кўрсатган.

Стив Жобс

Подняться наверх