Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 14

4-боб. Atari ва Ҳиндистон. Дзен ва ўйинлар дизайни
Изланиш

Оглавление

Жобснинг Шарқ фалсафаси, индуизм ва дзен-буддизмга қизиқиши, фикрни равшанлаштириш бобидаги изланишлари 19 яшар ўсмирнинг ўткинчи ишқибозлиги эмасди. Стив Шарқ диний таълимотларининг кўпчилик асосий қоидаларига, масалан, пражняга, яъни юксак донишмандликка ва илоҳий интуицияга интилишга бутун умр риоя қилишга ҳаракат қилди. Унга диққатни жамлаш орқали эришиш мумкин. Йиллар ўтиб, Пало-Альтодаги боғида ўтирар экан, Жобс Ҳиндистонга қилган саёҳатининг ҳаётига кўрсатган таъсири ҳақида шундай деди:

Америкага қайтгач, мен Америкада Ҳиндистонга келганимдан кўра кўпроқ маданий шокни бошимдан ўтказдим. Ҳиндистоннинг олис чеккасидаги одамлар Ғарб одамига хос фикрламайди: улар интуицияга ишонади ва уларнинг интуицияси бошқа мамлакатлар аҳолиси интуициясидан нозикроқ. Мен интуиция оламни билишнинг энг кучли усули ва у ақл-идрокдан самаралироқ деб ҳисоблайман. Интуиция менинг ишимга катта таъсир кўрсатди.

Ғарбликларнинг ҳис-туйғуга берилмаслиги инсоннинг туғма эмас, балки тер тўкиб орттирилган хусусияти ва цивилизациянинг буюк ютуғидир. Ҳиндистонлик деҳқонга эса буни ҳеч ким ўргатмаган. Лекин улар бошқа нарсани билишади ва бу муайян вазиятларда қадрлироқдир; бироқ, табиийки, барча вазиятларда эмас. Интуиция ва эмпириканинг кучи мана шунда.

Ҳиндистон қишлоқларида етти ой яшаб, Америкага қайтгач, мен Ғарб одамининг оқил фикрлаш қобилияти билан бирга тентаклигини ҳам англаб етдим. Агар бир жойга ўтириб фикр жамланса, бизнинг ақл-идрокимиз нақадар ҳаяжонни бошидан ўтказаётганини сезиш мумкин. Агар уни тинчлантирмоқчи бўлсак, вазият яна ҳам ёмонлашади. Бироқ вақт ўтиши билан у тинчланади ва ўшанда нозикроқ нарсаларни эшита бошлайсан. Ўша вақт интуиция ўзининг камолотига етади. Сен буюмларга аниқроқ қарай бошлайсан ва ҳозирги вақтда яшайсан. Ақл у қадар тез ишламайди, сен ҳар бир лаҳзанинг буюклигини сезасан. Аввалгидан кўпроқ нарсаларни кўрасан. Бу ички интизом, уни ўргатиш керак.

Дзен бутун ҳаётимда жиддий из қолдирди. Бир вақтлар мен Японияга кетиб, Эйхэйдзи ибодатхонасидаги мактабга киришга ҳаракат қилмоқчи бўлдим, лекин руҳий устозим Америкада қолишга мени кўндирди. У ерда бор нарса, бу ерда ҳам бор деди. Ва у ҳақ бўлиб чиқди. Мен дзен мақолининг ростлигини тушундим: агар сен гуруни излаб бутун дунё кезмоқчи бўлсанг, уни қўшни уйдан топасан.

Жобс Лос-Альтосда, устига-устак уйига яқин жойда ўзига диний мураббий топди. “Дзен ақли, яқиндагина дженни қабул қилган одам ақли” номли китоб муаллифи ва Сан-Францискодаги дзен-буддизм марказининг раҳбари Шунрью Сузуки ҳар чоршанба куни шаҳарда кечки маъруза ўқир ва бир гуруҳ шогирдлари билан медитация ўтказарди. Тез орада Жобс ва бошқаларга бу камдек туюлди ва Сузуки ўзининг ёрдамчиси Кобун Чино Отогавадан шаҳарда тўлиқ ҳафта ишлайдиган марказ очишни сўради. Жобс, унинг ўша вақтдаги дугонаси Крисэнн Бреннан, Дэниел Коттке ва Элизабет Холмс ўз устозининг содиқ издошларига айланди. У, шунингдек, Кармелага яқин жойлашган “Тассахара” дзен маркази ва ибодатхонада ретритларга қатнай бошлади, у ерда Кобундан сабоқ оларди.

Коттке Кобунни ажиб инсон деб ҳисобларди. “Инглизчасига у ёқимсиз гапирарди, – деб эслайди Дэниел. – Лирик кўп маъноли йўсинда гапирарди, худди хокку жанрида шеър ўқиётгандек туюларди. Биз эшитиб ўтирардик, кўпинча гап нима ҳақидагилигини тушунмасдик. Мен буни қувноқ муқаддима деб қабул қилардим”. Котткенинг севгилиси Элизабет Холмс бўлаётган воқеани яхшироқ тушунарди. “Биз медитация ўтказиш учун Кобуннинг олдига борардик, дзафу ёстиғига ўтирардик, Кобун эса супачада ўтирарди, – деб эслайди у. – Биз фикрни жамлашни машқ қилардик. Бу ажойиб машғулот эди. Бир куни кечаси биз Кобун билан медитация ўтказдик. Ёмғир ёғаётганди. Ва устоз ташқаридан эшитилаётган овозлар ёрдамида бутун фикрни медитацияга қаратишни бизга тушунтириб берди”.

Жобс янги эҳтиросга бутун вужудини бахш этарди. “Стив жуда жиддий, мағрур бўлиб оларди ва умуман юракни эзиб юборарди”, – эслайди Коттке. Жобс Кобун билан деярли ҳар куни учрашарди, ойда бир марта улар иккови ёлғиз чуқур медитация ўтказарди. “Кобун билан учрашув мен учун катта аҳамиятга эга эди. Мен у билан имкон қадар кўп вақт ўтказишни хоҳлардим, – деб тан олади Жобс. – Унинг рафиқаси Стэнфордда ҳамшира бўлиб ишларди. Уларнинг икки нафар фарзанди бор эди. У тунги сменага чиққанда мен бутун оқшом вақтни Кобун билан ўтказардим. Ярим тунда хотини келиб, мени қувиб соларди”. Вақти-вақти билан Жобс ўз ҳаётини тўлалигича руҳий изланишларга бахш этишни хоҳлаши ҳақида сўзларди, лекин Кобун уни фикридан қайтарарди – Стив бизнес билан шуғулланган ҳолда руҳият ҳақида қайғуриши мумкинлигини айтарди. Улар узоқ вақт қалин дўст бўлиб қолишди. Ўн етти йил ўтгач, Кобун Жобс ва Лорен никоҳ маросимини ўтказди.

Бетоқатлик билан ўзликни излаш Стивни 1970 йилда Лос-Анжелес психотерапевти Артур Янов ўйлаб топган ва оммалаштирган терапия курсидан ўтишга мажбур қилди. Даволаш Фрейднинг тахминига асосланганди. Унга кўра психологик муаммолар болаликда орттирилган ва онг остига олиб қўйилган руҳий ларзалар билан изоҳланади. Янов оғриқли ҳаяжонни қайтадан бошидан ўтказиб ва ўз туйғуларини очиқча (баъзан ўкириш ва инграш орқали) ифода этиб, уни енгиш мумкин деб уқтирарди. Жобсга бу психотерапевт билан оддий суҳбатдан кўра кўпроқ мос келарди, чунки бунда мантиқий таҳлил эмас, балки интуитив бошдан ўтказиш ва эмоционал муносабат билдириш талаб этиларди. “Ўйлаш эмас, балки бажариш лозим эди, – деб сўзлайди Жобс. – Кўзни юмиб, нафас олмай, эслаш ва сеансдан кейин янгилангандек ҳис этиш керак эди”.

Яновнинг бир гуруҳ издошлари Южиндаги эски меҳмонхонада “Орегон туйғулар маркази” (Oregon Feeling Center) номли лойиҳа юритарди; ҳаммасини Жобснинг Рид университетидаги гуруси Роберт Фридланд бошқарарди (бунинг ажарбланарли жойи йўқ). Унинг “Ягона ферма”си узоқда эмасди. 1974 йилнинг охирида Жобс уч ойлик терапия курсига ёзилди. Бу унга минг долларга тушди. “Шахсий ўсиш масалалари Стив билан бизни ўйлантирарди ва мен у билан бирга курсга боришни хоҳладим, – деб эслайди Коттке. Лекин бу курсни чўнтагим кўтара олмасди”.

Жобс яқин дўстларига у асраб олингани ва ҳақиқий ота-онасини билмаслиги туфайли бошидан ўтказаётган оғриқни қандай қилиб енгишни ўрганишни хоҳлаётганини тан олди. “Стив ўзини яхшироқ билиш учун ота-онаси билан танишишни орзу қиларди”, – деганди кейинчалик Фридланд. Клара ва Полдан Стив унинг ҳақиқий ота-онаси университет битирувчилари бўлганини ва отаси катта эҳтимол билан суриялик эканини билиб олганди. У ҳатто шахсий детектив ёлламоқчи ҳам бўлди, лекин бу фикридан қайтди. “Мен ота-онамнинг дилини оғритмоқчи эмасдим”, – деб изоҳлади у Клара ва Полни назарда тутган ҳолда.

“У асраб олинганига кўникишга ҳаракат қилди, – дейди Элизабет Холмс. – Стив ўз туйғуларини енгиши кераклигини тушунди”. Жобс ўзи буни Элизабетга айтди. “Бу менга азоб беряпти, демак, диққат-эътиборимни шунга қаратишим керак”, – дейди у. Грег Кэлхун билан у яна ҳам очиқроқ гаплашганди. “Стив ўзининг асраб олингани ҳақидаги кечинмаларини мунтазам таҳлил қиларди ва тез-тез буни мен билан муҳокама қиларди, – деб эслайди Кэлхун. – Яновнинг терапияси ва шиллиқ пардадан халос қилувчи парҳез ёрдамида у тозаланишга ва асраб олингани билан боғлиқ тушкунлик кайфиятини чуқурроқ ҳис қилишга уринди. Стив биологик ота-


онасининг хиёнати унинг қаҳрини келтираётганини яширмасди”.

1970 йили Джон Леннон ҳам Яновнинг терапия курсидан ўтиб, ўша йилнинг декабрида Plastic Ono Band билан ҳамкорликда Mother қўшиғини айтди. Қўшиқ Ленноннинг ота-онасига бўлган туйғулари ҳақида эди. Отаси уларни ташлаб кетганди, онасини эса у ўсмирлик пайтида ўлдириб кетишганди. Қўшиқ нақоратида қуйидаги қаторлар такрорланарди: “Онажон кетманг, отажон уйга қайтинг”. Элизабет Жобс уни гитарада тез-тез ҳиргойи қилганини эсларди.

Кейинчалик Жобс Яновнинг таълимоти унга унча ёрдам бермаганини тан олди. “У тайёр консерватив ечимни таклиф қиларди ва бу менга жуда ҳам содда бўлиб туюлди. Мен тезда тушундимки, курс билан ҳеч нарсани чуқур англаб етолмайман”. Лекин Элизабетнинг фикрича, терапия курси Жобсга ўзига ишонишда ёрдам берган. “Стив жуда ўзгариб кетди, – деб эслайди у. – Одатда у қўпол ва жиззаки эди, кейин маълум вақт у хотиржам, ўзига ишонган одамга айланди”.

Аста-секин Жобс бошқаларда ҳам ишонч уйғотиши ва уларни ўзлари журъат қилмаган жасоратни содир этишга мажбурлаши мумкинлигини тушуна бошлади. Элизабет Сан-Францискодаги диний сектага аъзо бўлди ва Коттке билан муносабатларига нуқта қўйди: таълимот ўз издошларидан ўтмиш билан ҳар қандай алоқани узишни талаб қиларди. Лекин Жобс тақиқларга тупурганди. Бир куни у Ford Ranchero’даги жамоага келиб, Фридланд фермасига кетаётганини ва Элизабетни ҳам ўша ерда кутишаётганини айтади. Элизабет механик бошқариладиган автомобиль ҳайдашни билмаслигига қарамай, йўлнинг ярмида автомобилни у бошқариши керак бўлди. “Биз катта кўчага чиқдик, Стив мени рулга ўтқазиб қўйди, тезликни алмаштиришни эса биз соатига 90 километрга тезлашгунимизгача ўзи бажариб турди, – деб эслайди Элизабет. – Кейин у Диланнинг Blood on the Tracks альбомини қўйиб, бошини елкамга қўйди-да ухлаб қолди. Стив доим ўзини ҳар нарсага қодирдек тутарди, демак, бошқалар ҳам шундай қила олади деб ўйларди. У менга ҳаётини ишониб топширди. Ва мени аввал журъат эта олмаган ишни бажаришга мажбур қилди”.

Бу “воқеликни ўзгартириш майдони” деб номланадиган ҳодисанинг ижобий томони. “Агар Стивга ишонсанг, унда ҳамма нарсани эплай оласан, – дейди Элизабет. – Агар у нимагадир қарор қилса, уни албатта бажаради”.

Стив Жобс

Подняться наверх