Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 5

1-боб. Болалик. Ташлаб кетилган ва асраб олинган
Мактаб

Оглавление

Стив мактабга боришидан олдин онаси унга ўқишни ўргатди. Лекин бу давр ҳам унинг учун осон бўлмади. “Илк мактаб йиллари мен учун шу қадар зерикарли эдики, мен доим ҳар хил воқеаларга аралашиб қолардим”. Тез орада бир нарса маълум бўлди. Жобс ҳам тарбияси, ҳам характери туфайли бировга бўйсунишни хоҳламасди. “Мактабда аввал ҳеч қачон бошимдан ўтказмаган вазиятга тушиб қолдим: бировга бўйсунишим керак эди. Менга эгаллаган мавқелари билан босим ўтказишди. Сал қолмаса, ўқишдан ҳафсалам пир бўларди”.

Стив ўқиган Мона-Лома мактаби Жобслар уйидан тўрт квартал нарида жойлашган пастак бинолардан иборат эди. Болакай ўқитувчилари ва синфдошларини калака қилиб, зерикиш билан курашарди. “Рик Феррентино исмли дўстим бўларди. Ва биз доим қандайдир ҳазилларни ўйлаб топардик, – эслайди Жобс. – Масалан, “Эртага ҳамма мактабга уй ҳайвони билан келсин”, деб ёзилган эълонни ёпиштириб қўярдик. Тўс-тўполон бўларди: итлар мушукларни қуварди, ўқитувчилар жаҳл отига минарди”. Яна бир сафар Рик ва Стив синфдошларидан ўз велосипед қулфларининг кодларини билиб олишди. “Кейин кўчага чиқиб, ҳеч ким ўз велосипеди қулфини бўшата олмаслиги учун ҳамма қулфларни алмаштириб қўйдик. Болалар кечгача ўз велосипедларининг қулфини тополмай овора бўлишди”. Учинчи синфга келиб ҳазиллар хавфли кўриниш олди. “Бир куни биз миссис Турман исмли ўқитувчининг стули остига кичкина бомба яшириб қўйдик. Бечора дудуқ бўлиб қолай деди”.

Шу боис ўқишнинг дастлабки уч йилида Стив бир неча бор мактабдан ҳайдалганига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин бу отасининг ўз ўғлининг мисли йўқ қобилиятига бўлган ишончини ҳеч ҳам сусайтирмади ва Пол Жобс ўқитувчилардан ҳам шуни кутаётганини уларга хотиржамлик ва босиқлик билан тушунтириб берди. “Болада айб йўқ. Унда қизиқиш уйғота олмаётганингиз учун бунга сиз айбдорсиз”, – деб уқтирди Пол. Стив мактабдаги шўхлиги учун ота-онаси уни жазолашганини эслолмаслигини айтди. “Отамнинг отаси ичкиликка берилганди, у ўғлини камар билан саваларди. Менга эса бирор марта ҳам тарсаки туширишмаган. Отам ҳам, онам ҳам “ўқитувчилар айбдор, улар қизиқувчанлигимни рағбатлантириш ўрнига мени бемаъни нарсаларни ёдлашга мажбурлаяпти, деб ҳисобларди”. Ўшанда ҳам табиатидаги зиддиятлар, масалан, бир нарсани тезда қабул қила олиши ва бефарқлиги, жиззакилиги ва лоқайдлиги билиниб турарди.

Ўқишнинг тўртинчи йили ўқитувчилар Жобс ва Феррентинони бошқа-бошқа синфга ўтказишга қарор қилишди. Илғор синфда Иможен Хилл исмли юрагида ўти бор аёл ўқитувчи эди. Унинг лақаби Тедди эди. Жобс у ҳаётидаги меҳрибон даҳолардан бири бўлганини айтади. Бир неча ҳафта Стивни кузатган ўқитувчи шундай қарорга келди: у билан келишишнинг энг яхши йўли – пора. “Бир куни мактабдан кейин у менга математика бўйича вазифалар тўпламини тутқазиб, уйда ҳаммасини битта қўймай ечиб келишимни айтди. У ақлдан озибди деб ўйладим. Ўшанда миссис Хилл катта конфетни кўрсатиб, ҳамма вазифани қилиб келсам, уни менга совға қилишини ва яна беш доллар қўшиб беришини ваъда қилди. Икки кун ўтиб мен унга вазифалар бажарилган дафтарни тутқаздим”. Бир неча ой ўтиб эса совға ва пулларга эҳтиёж ўз-ўзидан йўқолди: “Мен вазифаларни бажариб, ўқитувчимни хурсанд қилишни ўзим хоҳлай бошладим”.

Қобилиятли болани миссис Хилл тиришқоқлиги учун “ўзинг қил” усули билан рағбатлантирди. “Менга энг кўп ўргатган ўқитувчи у эди. Агар у бўлмаса, мен бир куни қамоқдан жой олишим турган гап эди”. Ўқитувчининг диққат-эътибори Стивда у ўзининг танҳолигига бўлган ишончни мустаҳкамлади. “Синфда у фақат мени ажратиб кўрсатарди. Менда нимадир борлигини сезгандир балки”.

Ўқитувчиси фақатгина унинг ақлли эканини сезмаганди. Йиллар ўтиб, миссис Хилл ҳаммага Гавай оролида олинган фотосуратларни кўрсатиб, мактабга керакли костюмда келмаган Стив болалардан бирини кийим алмаштиришга кўндирганини ва суратда марказда биринчи қаторда гавайча кўйлакда турганини эслади. Стив бировларни унга охирги кўйлагини беришга ҳам кўндира оларди.

Тўртинчи синф охирида миссис Хилл Жобсни имтиҳон қилди. “Мен имтиҳонда ўнинчи синф ўқувчиси натижаларини кўрсатдим”, – эслайди Стив. Энди нафақат болакай ва унинг ота-онасига, балки ўқитувчиларга ҳам у нақадар қобилиятли экани маълум бўлди. Ва мактаб директори ноодатий қарор қабул қилди: Стивга икки синф сакраб, тўртинчи синфдан кейин дарров еттинчи синфга ўтишни таклиф қилди. Шундай йўл билан унда ўқишга бўлган қизиқишни сақлаб қолиш мумкин эди. Лекин ота-онаси ўйлаб кўриб, фақат битта синф сакраш тўғри деган қарорга келди.

Бу қарор муваффақиятли бўлмади. Жобс шундоқ ҳам тенгдошлари билан зўрға мулоқот қиларди, энди эса бир ёш катта болалар орасига тушиб қолди. Энг ёмони – олтинчи синфда у Криттенденга кўчиб кетди, чунки бу ёшда у ўрта мактабда ўқиши лозим эди. Мона-Ломадан уни қандайдир саккиз квартал ажратиб турарди, лекин бу бошқа олам, бошқа туман эди. У ерда этник безорилар бандаси кўп эди. “Бу ерда ҳар куни муштлашиш содир бўларди, нимжонларни дўппослаб кетишарди, майда болаларни эса ҳожатхонада ерга уришарди, – деб ёзганди Силикон водийси журналисти Майкл С. Мэлоун. – Мактабга пичоқ олиб келдингми, демак сен ҳақиқий мачосан”. Жобс бу мактабга ўқишга кирганида бир неча ўқувчи гуруҳ бўлиб бир қизнинг номусига теккани учун қамалганди, бошқа болалар эса қўшни мактаб жамоасининг автобусини ёндириб юборишганди, чунки улар кураш бўйича мусобақада Криттенден мактабини енгганди.

Безорилар Стивни тинч қўймасди ва еттинчи синфда у ота-


онаси олдига ультиматум қўйди. “Мени бошқа мактабга ўтказишларини талаб қилдим. Лекин ота-онамнинг бунга пули йўқ эди”. Пол ва Клара аранг тирикчилик қиларди. Бу вақтга келиб, болакай эртами-кечми ота-онаси рози бўлишига ақли етиб қолганди. “Ота-онам оёқ тираб туриб олди, лекин мен агар Криттенден мактабига борадиган бўлсам, ўқишни ташлайман деб қўрқитдим. Ўшанда улар энг яхши вариантни излай бошлашди, ҳар бир центни тўплашди, 21 минг долларга яхшироқ тумандан уй олишди”.

Уларнинг оиласи бир неча километр жанубга – жанубий Лос-Альтосдаги собиқ ўрик боғи, энди эса икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш намунали уйлар жойлашган туманга кўчиб ўтди. Жобслар жойлашган Крист-драйвдаги 2066-уй учта ётоқхонаси бор бир қаватли уй эди. Асосийси, кўчага қараган ролет дарвозали гаражи бор эди. У ерда Пол Жобс автомобиллар билан, ўғли эса радиоаппаратура билан ишлаши мумкин эди. Янги уй водийдаги энг тинч ва яхши округлардан бири Купертино-Саннивейл мактаб округида жойлашгани билан ҳам эътиборли эди. “Биз бу ерга кўчиб келганимизда мана бу бурчакда ҳали боғлар жойлашганди, – деб кўрсатди менга Жобс эски уйи атрофига қилган сайримиз вақтида. – Мана бу ерда яшаган қўшним қандай қилиб компост тайёрлашни менга ўргатганди. У ажойиб сабзавот ва мевалар етиштирарди. Ҳаётимда ундан мазалисини татиб кўрмаганман. Айнан ўшанда органик маҳсулотларни яхши кўриб қолгандим”.

Пол ва Клара астойдил динга амал қиладиган одамлар эмасди, лекин ўғлига диний тарбия беришни хоҳлашар ва шу сабабли якшанба кунлари уни лютеран черковига ўзлари билан бирга олиб келишарди. Стив ўн учга тўлганида черковга боришни тўхтатди.

Жобслар Life журналига обуна бўлганди. Журналнинг 1968 йилги июль сони муқовасига Биафрадаги оч болалар сурати жойлаштирилганди. Стив черковга расмни олиб бориб, пастордан сўради:

– Бармоғимни кўтармоқчи бўлсам, Худо айнан қайси бармоғимни кўтармоқчи эканимни уни кўтаришимдан олдин биладими?

Пастор жавоб берди:

– Албатта, Худо ҳамма нарсани билади.

Ўшанда Жобс Life журналидаги расмни кўрсатди:

– Худо мана шу болалар оч қолаётганини ҳам биладими?

– Стив, бунга ишонишинг қийинлигини биламан, лекин Худо буни ҳам билади.

Ўшанда Жобс бундай Худога ишонишни хоҳламаслигини айтди ва бошқа ҳеч қачон черковга бормади. Тўғри, кўп йиллар давомида дзен-буддизмни ўрганиб, унга амал қилиб келди. Кейинчалик ўзининг руҳий изланишлари ҳақида бош қотириб, Жобс дин ақидапарастлик ўрнига ҳақиқатни излаш билан машғул бўлгани яхши деб айтди: “Насронийлик Исога ўхшаб яшашга, дунёга Исо кўзлари билан боқишга интилиш ўрнига эътиқод тамойилларига эътиборини қаратса, у шу ондаёқ ўз моҳиятини йўқотади, – деганди менга Стив. – Менимча, барча динлар айни бир уйга олиб борадиган ҳар хил эшиклардир. Баъзан мен бу уй борлигига ишонаман, баъзида эса йўқ. Бу катта жумбоқ”.

Жобснинг отаси у вақтда қўшни Санта-Клара шаҳридаги электрон ва тиббиёт асбоб-ускуналари учун лазерлар ишлаб чиқарадиган Spectra-Physics компаниясида ишларди. У муҳандислар ихтиро қилган буюмлар моделларини тайёрларди. Мукаммалликка интилиш унинг ўғлига илҳом бахш этарди. “Лазерлар ўта аниқликни талаб қилади, – дейди Жобс. – Энг мураккаб лазерлар бу авиация ёки тиббиёт учун керак бўладиган лазерлардир. Масалан, дадамга шундай дейишганди: “Бизга шу керак, бир лист металлнинг кенгайиш коэффициентлари бир хил бўлсин”. Ва у бунинг уддасидан қандай чиқиш ҳақида бош қотирарди”.

Кўпчилик деталларни нолдан ўйлаб топишга тўғри келарди, бу эса Полнинг ҳам зарур воситалар ва штампларни тайёрлашига тўғри келганини англатади. Стивга бу жуда ёқарди, аммо устахонага кўп ҳам киравермасди. “Дадам фрезер ва токарь дастгоҳларида ишлашни ўргатса, яхши бўларди. Лекин, афсуски, унинг иш жойига бормасдим, чунки мени кўпроқ электроника қизиқтирарди”.

Бир куни ёзда Пол ва Стив Висконсиндаги оилавий сут фермасида бўлди. Болакайни қишлоқ ҳаёти жалб қилмасди, лекин бир нарса унинг бир умр эсида қолди: бир куни у бузоқчанинг дунёга келишини кўрди; бузоқча бир неча дақиқа ўтиб, оёққа туриб юриб кетгани уни лол қолдирди. “Уни юришга биров ўргатгани йўқ: у бунга дастурлаштирилгандек эди, – эслайди Жобс. – Одам боласи бундай қила олмайди. Ҳеч ким бундан мендек завқ олгани йўқ, лекин бу менга ақлга тўғри келмайдигандек туюлди”. Стив ўз туйғусини қуйидагича таърифлади: “Худдики бузоқ танасидаги бирорта орган ва унинг миясидаги қандайдир соҳа биргаликда ишлаш учун лойиҳалаштирилган эди, шунинг учун бузоқчага юришни ўргатишга ҳожат бўлмади”.

Тўққизинчи синфда Жобс Хоумстед мактабига ўтди. Мактабнинг кенг ҳудудида ўша вақтда пушти рангга бўялган икки қаватли блокли корпус турарди. Бу ерда икки мингдан зиёд ўқувчи таҳсил оларди. “Уни қамоқхона лойиҳалари билан машҳур бўлиб кетган архитектор қурган, – деб эслади Жобс. – Мактаб ўта мустаҳкам қурилганди”. Стив яёв юришни яхши кўрарди ва ҳар куни мактабгача ўн беш квартал йўл босарди.

Унинг бир нечта тенгдош жўралари бор эди. Шунингдек, 60-йиллар охиридаги контрмаданиятга берилган катта ёшли болалар билан ҳам танишди. Бу шундай давр эдики, унда гик ва хиппилар олами муайян соҳаларда кесишарди. “Дўстларим ақлли эди, – дейди Жобс. – Мен математика, аниқ фанлар, электроникага қизиқардим. Улар ҳам. Лекин, бундан ташқари, улар ЛСД ва бошқа контрмаданият “мевалари”ни ҳам татиб кўришарди”.

Бу вақтга келиб Стивнинг ҳеч бир ҳазили электроникасиз бўлмасди. Бир куни болакай уйига колонкалар ўрнатди. Уларни микрофон сифатида ҳам ишлатиш мумкинлиги боис шкафида рубка ясади. Унинг ёрдамида бошқа хоналарда нима бўлаётганини эшитиб ўтирди. Бир куни кечаси Стив ота-онасининг ётоғида нима бўлаётганини наушникларда эшитиб ўтирганида отаси уни тутиб олди, қаттиқ жаҳли чиқиб, матоҳни тезда йўқ қилишни талаб қилди. Стив кўп кечаларни Жобсларнинг эски уйига яқин жойда яшаган муҳандис Ларри Лэнга гаражида ҳам ўтказарди. Лэнг унга кўмир кукунли микрофон совға қилди. Бундан болакайнинг боши осмонга етди. У “ўзинг бажар” конструкторлари билан таништирди, унинг ёрдамида радиоприёмник ва бошқа қурилмаларни йиғиш ва бирлаштириш мумкин эди. “Деталлар ранги бўйича белгиланганди, йўриқномасида бу қандай ишлаши тушунтирилганди, – деб эслайди Жобс. – Ва сен ҳар қандай қурилмани тушуниб етиб, истаган нарсангни ясай оладигандек ҳис этардинг. Бир нечта радиоприёмникни ўз қўлинг билан ясардинг, сен каталогга қараб, телевизорни ҳам ясаш қўлингдан келади деб ўйлардинг. Жуда омадлиман, чунки болалигимда дадам ва бундай конструкторлар туфайли ўз кучимга, мен барчасини ўз қўлим билан қила олишимга ишона бошладим”.

Лэнг Стивни Hewlett-Packard (Hewlett-Packard Explorers Club) илмий-тадқиқот клубига ҳам олиб борарди. Тўгаракда ўн беш киши ишларди. Улар сешанба куни кечки пайт компаниянинг кафесида тўпланишарди. “Улар бирорта лабораториядан муҳандисни машғулотга таклиф қилишарди, у эса ҳозир нима устида ишлаётганини айтиб берарди, – хотирлайди Жобс. – Дадам мени у ерга олиб бориб қўярди. Мен хурсандлигимдан еттинчи осмонда бўлардим. HP компанияси биринчи бўлиб светодиодлар ишлаб чиқара бошлади. Ва биз уни қўллаш имкониятларини муҳокама қилардик”. Бу мавзу айниқса болакайни ўйлантирарди, чунки отаси лазерлар ишлаб чиқарадиган компанияда ишларди. Бир куни кечки пайт машғулотдан кейин Стив лазерлар билан шуғулланадиган ишчининг ёнига келиб, голографик лабораторияни кўрсатишини сўради. Компания томонидан ишлаб чиқариладиган мини-компьютерлар Жобсда энг катта таассурот қолдирди. “Ўшанда мен ҳаётимда биринчи марта шахсий компьютерни кўрдим. У 9100А деб аталарди ва шунчаки айқаш-уйқаш қилиб ишланган калькулятордан иборат эди. Лекин нима бўлса ҳам бу илк шахсий компьютер эди. У улкан эди, оғирлиги йигирма килограмм чиқарди, лекин менга у камолот чўққисидек туюлганди. Мен бу компьютерни яхши кўриб қолдим”.

Тўгарак қатнашчиларига ўз илмий лойиҳалари устида ишлаш таклиф этилди ва Жобс электрон сигнал импульслари сонини секундига аниқлаб берадиган рақамли частотомер ясашга қарор қилди. Бунинг учун унга HP компаниясида ишлаб чиқариладиган деталлар керак эди. У гўшакни олиб, тўппа-тўғри компания президентига қўнғироқ қилди. “У вақтда одамлар ўз телефонлари рақамларини сир сақламасди. Мен маъумотномани очиб, Пало-Альтода яшовчи Билл Хьюлеттни топдим ва унинг уйига қўнғироқ қилдим. У гўшакни олиб, мен билан йигирма дақиқа суҳбатлашди, зарур деталларни юборди ва рақамли частотомерлар тайёрланадиган заводда ишлашга таклиф қилди”. Жобс Хоумстед мактабидаги биринчи ўқув йилидан кейин ёзда у ерга ишга кириб олди. “Дадам эрталаб мени олиб келиб қўяр, кечаси эса олиб кетарди”.

Заводда Стив асосан конвейерда “гайка ва болтларни бураш” билан шуғулланди. Ҳамкасбларида боссга қўнғироқ қилиб ишга кириб олган бу чаққон йигит ҳасад ва алам уйғотарди. “Контролерлардан бири билан гаплашганим эсимда: унга нима ёқади деб сўрадим. У “аёллар билан дон олишишни” деб жавоб берди”. Жобсга бир қават тепада ишлаган муҳандислар билан тил топишиш осонроқ эди. “Ҳар тонгги соат 10 да улар пончик билан кофе ичишарди. Мен улар билан суҳбат қуриш учун тепага кўтарилардим”.

Иш Жобсга ёқарди. Яна у газета тарқатарди. Отаси Стивни машинада олиб борарди. Хоумстедда ўқишнинг иккинчи йилида якшанба кунлари ва ёз ойларида улкан Haltek электроника дўконида омбор хизматчиси бўлиб ишлади. Электроника ишқибози учун жаннатдек туюлган бу дўкон бутун квартални эгаллаганди ва Пол Жобс эски автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар сотиб олган чайқов бозорини эслатарди. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди! Янги, ортиқча, ишлатилган, чиқитга чиқарилган деталлар йўлакчаларда жойлашган жавонларда қалашиб кетганди, саватларда ва ҳовлида сочилиб уюм бўлиб ётарди. “Дўконнинг ортида, кўрфазга яқин жойда тўсилган ҳудуд ястанганди. У ерда, мисол учун, бузилган “Поларис” сувости кемасининг деталларини топиш мумкин эди, – деб эслайди Жобс. – У ерда бошқарув блоклари, ҳар хил тугмалар бор эди. Улар, одатда, ҳарбий рангда, яшил ва кулранг бўларди, лекин қизил ва сариқ плафонлар ва ўчиргичлар ҳам чиқиб қоларди. Мосламалари катта эди. Чертсанг, худди Чикагони портлатиб юборгандек бўлардинг”.

Муқоваси тўзиган қалин каталогларга тўла пештахталарда харидорлар ўчиргич, резистор, конденсаторларни, баъзан эса энг янги хотира чипларини олиш учун келарди. Пол Жобс ҳар доим автомобиль қисмларининг нархини туширишга ҳаракат қиларди. Одатда омади келарди, чунки у ёки бу деталь қанча туришини сотувчилардан яхшироқ биларди. Стив ундан ўрнак олди. У барча электрон деталларни яхшилаб ўрганиб олди, савдолашиш ва ўзи хоҳлаган нархда олиш болакайга эп эмасди. У электроника бозорига, масалан, Сан-Хоседаги бозорга бориб, қимматли деталлари ёки микросхемалари бор, ишлатилган монтаж платасини талашиб-тортишиб арзонга оларди ва Haltek’даги директорига сотарди.

Жобс ўн беш ёшга тўлганида у (отасининг ёрдами билан) икки хил рангли Nash Metropolitan машинасига эга бўлди. Унга Пол MG двигателини ўрнатди. Стивга машина унчалик ёқмади, лекин отасига буни айтгиси келмасди, чунки автомобилни йўқотишни хоҳламасди. “Энди бир неча йил ўтиб, Nash Metropolitan жуда замонавий машинадек туюляпти – дейди Стив. – У вақтда у энг бўлмағур машинадек кўринганди. Лекин нима бўлса ҳам у машина эди ва машинам борлиги, табиийки, яхши эди”. Бир йил ўтгач, Пол Жобс Nash’ни Италиянинг Abarth фирмаси двигателига эга қизил “фиат 850 купе”га алмаштириш учун етарлича пул тўплади. “Отам менга машинани текшириб кўриб, сотиб олишда ёрдам берди. Унга ўзим пул тўплаганимдан хурсандлигим эсимда”.

Ўша ёзда, Хоумстеддаги иккинчи ва учинчи ўқув йили оралиғида Жобс марихуана чекишни бошлади. “Мен ўшанда биринчи марта сархуш бўлдим. Ёшим ўн бешда эди. Ўшандан бери мен тинимсиз гиёҳ чекишни бошладим”. Бир куни отаси Стивнинг машинасидан тамаки топиб олди. “Бу нима?” – деб сўради у. “Марихуана”, – деб жавоб берди хотиржамлик билан Жобс. Пол одатда совуққон бўлишига қарамай, бу сафар ўзини тутолмади. “Бу бизнинг ўртамиздаги ягона ҳақиқий жанжал эди”, – дейди Стив. Лекин охири отаси босилди. “У бошқа ҳеч қачон марихуана чекмайман деб ваъда беришимни хоҳлади, лекин мен индамадим”. Ўқишнинг тўртинчи йили Стив ЛСД ва наркотик моддани синаб кўрди ва тунлари ухламай чиқишни одат қилди. “Мен кўпроқ ҳузур ола бошладим. Вақти-вақти билан биз одатда далада ёки машинада чекиб ўтирардик”.

Хоумстеддаги охирги икки йилда Стив яхши ўқиди ва тез орада уни ҳам электроника ва компьютерлар, ҳам адабиёт ва ижод қизиқтиришини тушуниб етди. “Мен мусиқа эшитдим ва фан-техникага алоқаси бўлмаган кўп китоб ўқидим, масалан, Шекспирни, Платонни. Менга “Қирол Лир” жуда ёқарди”. Яна Стив “Моби Дик” ва Дилан Томас шеърларини севиб ўқирди. Мен энг қайсар ва савдойи адабий персонажлардан бўлмиш қирол Лир ва капитан Ахав унга нимаси билан яқинлигини билмоқчи бўлдим, лекин у мен шама қилишимга эътибор бермади, мен эса бу мавзуни чўзмадим. “Тўртинчи йили мен инглиз тили чуқур ўргатиладиган синфга бордим. Бу жуда зўр дамлар эди. Ўқитувчи Хемингуэйга ўхшарди. Биз у билан Йосемитида чанғи учишга борганмиз”.

Жобс қатнаган курслардан бири Силикон водийсида ҳамманинг оғзида эди. Унда ҳаво-денгиз авиациясининг собиқ учувчиси Жон Макколлум электроникадан машғулот ўтказарди. Унинг ўқитиш услуби шоуменларникига ўхшарди: унга ўқувчиларнинг қизиқишини қўзғатиш ёқарди, масалан, уларга Тесла трансформаторини кўрсатарди. Унинг тор омборчаси транзисторлар ва бошқа деталларга тўла эди. Омборнинг калитини у фақат эркатой ўқувчиларга берарди, лекин ҳар сафар омборчасидаги деталлари йўқолмаганини санаб кўрарди. У ҳар қандай қоидани тушунтириб бериб, амалиётда кўрсатиб бера оларди, масалан, резистор ва конденсаторларни изчил ва параллел занжирга соларди, кейин эса кучайтиргич ёки радиоприемникни йиғарди.

Макколлумнинг хонаси кампуснинг чеккасида автомобиллар туриш жойи ёнидаги омборхонага ўхшаш бинода жойлашган эди. “Биз ҳов анави ерда шуғулланардик, – деб кўрсатди Жобс. – Қўшни синфда эса автомеханиклар таҳсил оларди”. Бундай қўшничилик ёш авлод қизиқишининг ўзгарганини яққол кўрсатиб турибди. “Мистер Макколлум электроникани янги механика деб ҳисобларди”.

Собиқ учувчи мактабда ҳарбий интизом бўлиши керак, ўқувчилар эса ўқитувчиларни ҳурмат қилиши шарт деб ишонарди. Жобс эса бундай деб ўйламасди. У мажбурлашнинг ҳар қандай туридан нафратланишини энди яширмасди. У ўзини бемалол, лекин бироз бепарво, ҳатто сурбетларча тутарди ва ҳеч кимнинг устунлигини тан олмасди. “Дарсларда у бурчакда ўз юмуши билан машғул бўларди ва мен билан ҳам, синфдошлари билан ҳам гаплашгиси келмасди”, – деб ёдга олди Макколлум. У Жобсга омборчасининг калитини ҳеч қачон ишонмасди. Стивга эса бир куни синфда топилмайдиган деталь керак бўлиб қолди. У Детройтда жойлашган Burroughs корпорациясига қўнғироқ қилиб (қўнғироқ ҳақи уларнинг ҳисобига ёзилди), янги маҳсулот устида иш олиб бораётганини ва эҳтиёт қисмларни синаб кўрмоқчи эканини айтди. Бир неча кун ўтгач, унинг буюртмасини авиапочта орқали етказиб беришди. Макколлум Жобс детални қаердан олганига қизиқиб кўрди. У эса мағрурланиб ҳаммаси қандай бўлганини айтиб берди. “Мен жаҳл отига миндим, – деб таъриф берди Макколлум. – Менинг ўқувчиларим ўзини бундай тутмаслиги керак!”. Жобс эса шундай жавоб берди: “Уларга ўз ҳисобимдан қўнғироқ қилиш жуда қимматлик қилади. Уларнинг эса пули ошиб-тошиб ётибди”.

Макколлумнинг курси уч йилга мўлжалланган бўлса-да, Стив унинг синфида бор-йўғи бир йил ўқиди. Лойиҳалардан бирида у фотоэлементлардан иборат буюм ясади. У ёритилар ва занжир бўлиб тизиларди. Лекин бу топшириқни электроникага қизиққан исталган катта синф ўқувчиси бажара оларди. Жобсга эса буни лазерлар билан синаб кўриш қизиқроқ эди. Буни у отасидан билиб олганди. Стив кечки базмларда дўстлари билан мусиқий нурли шоу уюштирарди: лазер нурлари стерео тизими колонкаларидаги кўзгулардан тараларди.

Стив Жобс

Подняться наверх