Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 13

4-боб. Atari ва Ҳиндистон. Дзен ва ўйинлар дизайни
Ҳиндистон

Оглавление

1974 йили Жобс тезда пул ишлаб олиши керак эди, чунки бир йил олдин Ҳиндистонда бўлган Роберт Фридланд уни у ерга боришга кўндирганди. Ҳиндистонда Фридланд 60-йилларда кўпчилик хиппиларнинг гуруси – Ним Кароли Бабадан (Махараж-жи) сабоқ олганди. Жобс ҳам Ҳиндистонга бориш керак деган қарорга келди ва Дэниел Котткени бирга боришга кўндирди. Стив учун бу шунчаки саргузашт эмасди. “Мен ўзимни излаш учун боргандим. Фикрим равшан бўлишига, ўзим кимлигимни ва буёғига нима қилишим кераклигини тушунишга умид қилгандим”, – деб тан олади у. Котткенинг фикрича, Жобснинг руҳий изланишлари қисман у ҳақиқий ота-онаси кимлигини билмаслиги билан изоҳланарди. “Унинг қалбида бўшлиқ бор эди. У уни тўлдирмоқчи эди”.

Жобснинг Atari’дан бўшаётгани ва ўз гурусини излаш учун Ҳиндистонга кетаётгани ҳақидаги хабар кўнгилчан Элкорнни кулдириб юборди. “Стив олдимга кириб, менга тикилиб боқди-да шундай деди: “Мен гуруни излаб кетяпман”. Мен эса шундай дедим: “Ана холос, ажойиб! Майли, ҳол-аҳвол сўраб ёзиб тур”. У сафар ҳақини тўлашда ёрдам беришимни сўради, мен эса – “Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!”, дедим. Лекин охири Элкорн бунинг йўлини топди. Atari компанияси деталларни ишлаб чиқариб, кейин Мюнхенга жўнатарди. У ерда уларни тайёр автоматларга ўрнатишарди ва Туриндаги улгуржи харидорга сотишарди. Ва шу ерда бир муаммо пайдо бўлди. Ўйинлар Америка учун яратилганди; шу сабабли кадрларнинг алмашиш тезлиги Европадагидек бир сонияда 50 та эмас, балки 60 та эди. Элкорн Жобс билан буни қандай тўғрилашни ўйлаб топди. Стив масалани жойнинг ўзида ҳал қилиш учун Европага борадиган, компания эса сафар ҳақини унга тўлаб берадиган бўлди. “У ердан Ҳиндистонга парвоз арзонроққа тушади”, – деб изоҳлади буни Элкорн. Жобс рози бўлди ва Эл уни Германияга юборди. Элкорн Жобс билан хайрлашаётиб, гуруга саломини етказишини айтди.

Жобс бир неча кунни Мюнхенда ўтказди. У муаммони муваффақиятли ҳал қилди, лекин расмиятпараст немис раҳбарларнинг жиғига тегишга ҳам улгурди. Улар Элкорнга Жобсдан ювинди ҳиди келаётганини ва одамларнинг ғашини келтираётганини айтиб нолишди. “Мен қизиқиб сўрадим: “У муаммони ҳал қилдими ахир?” Улар “Ҳа” дейишди. Ўшанда шундай деб жавоб бердим: “Унда агар бирорта савол туғилса, қўнғироқ қилинг, менда бундай болалардан кўп!” “Йўқ-йўқ, раҳмат, ўзимиз уддалаймиз”, – дейишди улар”. Жобс ҳам уни гўштли картошка билан боқишмоқчи бўлгани учун дарғазаб бўлиб юрганди. “Вегетарианча овқатмиш, улар ҳатто бундай сўзни ҳам билишмайди!” – деб шикоят қилди у телефон орқали Элкорнга.

У дистрибьютор билан учрашиш учун Туринга жўнаб кетди. У ер унга кўпроқ ёқди: итальянча паста ва мезбоннинг меҳмондўстлиги Стивнинг кўнглига малҳамдек бўлди. “Мен Туринда икки ҳафтани ажойиб ўтказдим. Гавжум саноат шаҳри, – деб хотирлайди Жобс. – Дистрибьютор жуда яхши инсон экан. Ҳар кеча мени ресторанда овқатланишга таклиф қиларди. У ерда атиги саккизта стол бор эди ва ҳеч қандай меню йўқ эди. Шунчаки официантга нима хоҳлашингни айтасан ва сенга буни тайёрлаб беришади. Столлардан бири Fiat президенти учун банд қилиб қўйилганди. Умуман олганда, муҳташам жой эди”. Туриндан Стив Швейцариянинг Лугано шаҳрига бориб, Фридланднинг амакисиникида тўхтади, у ердан эса Ҳиндистонга учиб кетди.

Нью-Делига етиб келиб, самолётнинг кўчма зинасидан тушиши билан Жобс апрель ойи бўлишига қарамай, юзига дим жазирама ҳаво эсаётганини сезди. Жобсга меҳмонхона номини айтишди, лекин у ердан жой тополмади, шунда у такси ҳайдовчиси тавсия қилган меҳмонхонага борди: “У бунинг учун қандайдир улуш олган бўлса керак, чунки мени ғирт қишлоққа олиб бориб ташлади”. Стив меҳмонхона хўжайинидан крандаги сув фильтрланганми деб сўради ва эҳтиётсизлик қилиб ундан татиб кўрди. “Кўп ўтмай мен дизентерия юқтириб олдим. Аҳволим ёмонлашди, ҳароратим кўтарилди. Бир ҳафтада 15 килограмм вазн йўқотдим”.

Иқлимга бироз мослашиб олгач, Стив Деҳлидан тезда кетишга қарор қилди. У Ҳиндистоннинг ғарбий қисмида жойлашган Харидвар шаҳрига йўл олди. Шаҳар Ганганинг бошида жойлашганди. У ерда ҳар уч йилда Мела деб номланган йирик ҳиндча фестиваль бўлиб ўтарди. 1974 йил ўн икки йиллик даврнинг охиргиси эди. Демак, Кумбха-мела деб аталган яна ҳам дабдабали байрам бўлади. Ўн миллион зиёратчи катталиги Пало-Альтодек шаҳарда тўпланади. Пало-Альтода атиги юз минг киши яшайди. “Тақводорларни ҳар қадамда учратиш мумкин эди. Қаерга қарасанг чодир: ҳар бир чодирда устоз. Филларни ҳайдаб борувчилар ва ҳоказолар. Мен у ерда бир неча кун бўлдим ва тезроқ у ердан кетишга қарор қилдим”.

Поезд ва автобусда Стив Наиниталга яқин ерда жойлашган Химолай этагидаги қишлоққа етиб борди. У ерда Ним Кароли Баба яшарди, аниқроғи, унинг уйи бор эди. Жобс келганида гуру тирик эмасди, ҳеч бўлмаса Ердаги аввалги тимсолида тирик эмасди. Жобс полга ёзилган тўшакли хонани бир оиладан ижарага олди; уй эгалари Стивни вегетарианча таом билан боқишди ва кучини тиклаб олишида ёрдам беришди. “Уларда инглиз тилида “Йога автобиографияси” бор эди; уни аввалги саёҳатчи қолдириб кетганди. Уни бекорчиликдан бир неча марта ўқиб чиқдим. Яна мен атрофни айланардим, умуман олганда, бутунлай соғайиб кетдим”. Ашрамда Жобс чечакка қарши курашувчи эпидемиолог Ларри Бриллиант билан танишди; кейинчалик у Google компаниясида хайрия тадбирлари учун жавоб берди ва Сколл жамғармасига раҳбарлик қилди. Стив ва Ларри бир умр дўст бўлиб қолишди.

Бир куни Жобсга ёш ҳинд авлиёси ҳақида айтиб беришди. У бир бой бизнесменнинг Химолайдаги уйида шогирдлари билан учрашиши керак эди. “Бу фикри тоза инсон билан танишиш, унинг издошлари билан мулоқот қилиш ва албатта, яхшироқ овқатланиш имконияти эди. Етиб борганимизда овқат ҳидидан сўлагим оққани эсимда. Қорним жуда оч эди”. Жобс тўда орасида овқатланиб ўтираркан у ёши ўзиникидан бироз катта бўлган авлиёнинг нигоҳини ўзига тортди, авлиё уни бармоғи билан кўрсатиб, телбалардек қаҳ-қаҳ уриб кулди. “У ёнимга чопиб келиб, қўлимдан тутиб бир урди ва шундай деди: “Сен ёш болага ўхшайсан”. Унинг эътибори мени хавотирга солди”, – деб хотирлайди Жобс. Тақводор Стивни оламондан нарироққа – тоғдаги кичик ҳовуздаги қудуққа етаклаб кетди. “Биз ўтирдик ва шу заҳоти у устара олди. Мен авлиё ақлдан озибди деб ўйладим, қўрқиб кетдим, лекин у бир парча совун олиб, бошимни юва кетди. Ўшанда сочим узун эди, уни бутунлай олиб ташлади, ва ҳаётимни сақлаб қолаётганини айтди”.

Ёз ойининг бошида Ҳиндистонга Дэниел Коттке етиб келди ва Жобс уни кутиб олиш учун Нью-Делига кетди. Улар мамлакат бўйлаб кўп саёҳат қилишди, асосан автобусда. Бу вақтга келиб Жобс энди у билан донишмандликни ўртоқлашадиган гуруни изламасди, балки тийилиш, очлик сақлаш ва оддийлик ёрдамида онгни равшанлаштиришга интиларди. Ички сокинликка у барибир эриша олмади. Коттке қишлоқ бозорида уларга сут сотган савдогар аёлдан Стивнинг жаҳли чиққанини ва аёлга сутга сув қўшганини айтиб ўшқирганини ёдга олди.

Жобс сахий ҳам бўла оларди. Тибет чегарасига яқин жойдаги Маналида Коттке йўл чеклари солинган қопкўрпасини ўғирлатиб қўяди. “Стив мени овқатлантирди ва Деҳлигача автобусга чипта олиб берди”, – хотирлайди Коттке. Яна Жобс дўстига юз доллар берди – бор пули шу эди.

Кузда уйга қайтаётиб, Стив Лондонда Ҳиндистонда танишган аёлникида тўхтади. У ердан Оклендгача арзон чартер рейси бор эди. Ота-онасига Стив кам ёзарди, почтани эса American Express офиси олдидан ўтсагина оларди, шу сабабли Стив аэропортдан Пол ва Кларага қўнғироқ қилиб, мени кутиб олинглар деб айтганида, ота-онаси жуда ҳайрон бўлди. Улар шу заҳоти Лос-Альтосдан Оклендга отланишди. “Мен сочимни бутунлай олдириб ташлагандим, ҳиндча кийимда эдим, баданим офтобда куйиб, қизил-жигарранг тус олганди, – деб эслайди Жобс. – Аэропортда ўтирган эдим, ота-онам келди. Мени танимай ўтиб кетишди, тағин беш марта. Ниҳоят, онам ёнимга келиб сўради: “Стив, бу сенмисан?” Мен эса – “Салом!” – деб жавоб бердим”. Ота-онаси ўғлини Лос-Альтосга олиб кетди. У ерда у ўзини излашда давом этди. Боз устига, Стив ҳар хил усуллар билан ўзини тарбияларди. Тонгда ва кечаси медитация ўтказарди ва дзенни ўрганарди, оралиқ вақтда эса Стэнфордда физика ва муҳандислик иши бўйича маъруза эшитарди.

Стив Жобс

Подняться наверх