Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 15

4-боб. Atari ва Ҳиндистон. Дзен ва ўйинлар дизайни
Кескин ўзгариш

Оглавление

1975 йилнинг бошида Элкорннинг Atari’даги хонасига Рон Уэйн учиб киради. “Тасаввур қиляпсанми, Стив қайтиб келди!” – деб ҳайқирди у. “Ўҳў! Унда кирсин”, – деди Элкорн.

Жобс оёқ яланг, тўқ сариқ кийимда қўлида “Шу ерда ҳозирнинг ўзида бўл” китоби билан кириб келди. У китобни Элкорнга узатиб, уни албатта ўқиб чиқишини талаб қилди. “Мен ишга қайтсам бўладими?” – деб қизиқиб сўради Жобс.

“Стив кришнаитга ўхшарди, лекин мен уни кўрганимдан хурсанд эдим, – деб эслайди Элкорн. – Шунинг учун, табиийки, “ҳа” деб жавоб бердим”.

Жамоада осойишталикни сақлаш учун Жобс аввалгидек тунда ишларди. Кечки овқатдан кейин унинг олдига гаплашиб ўтириш ва ўйин ўйнаш учун Возняк келарди. У HP’га ишга кириб олгач, шу атрофдан квартирани ижарага олганди. Pong ўйинига у Саннивейлдаги боулингда қизиқиб қолганди ва ҳатто ўзи учун телевизорга приставка ясаганди.

1975 йил ёз фаслининг охирида Нолан Бушнелл ҳамманинг бундай ўйинлар вақти тугади деган фикрига тупуриб, Pong’нинг бир кишига мўлжалланган версиясини ишлаб чиқишга қарор қилди. Шериги билан ўйнаш ўрнига тўпни деворга зарб билан отиш керак эди. Ҳар бир зарбдан сўнг деворнинг ғишти кўчарди. Нолан Жобсни олдига чақириб, доскага эскизни чизди ва Стивга ғояни рўёбга чиқаришни топширди. Ва агар Жобс элликтадан камроқ деталь сарфлаб, ўйин ясаса, ҳар бир тежалган деталь учун мукофот пули олишини қўшиб қўйди. Бушнелл Жобс энг зўр муҳандис эмаслигини биларди, лекин у уни тез-тез кўргани келадиган Вознякни ишга жалб этади деб тахмин қилди ва ҳақ бўлиб чиқди. “Мен учун бу икки ҳисса фойда эди, – деб эслайди Бушнелл. – Чунки муҳандис сифатида Воз анча қобилиятлироқ эди”.

Жобс Вознякдан ёрдам сўраб, мукофотни тенг бўлишишга


ваъда қилганида у жуда хурсанд бўлиб кетди. “Миллионлаб кишилар ўйнайдиган ўйин лойиҳаси ҳаётимдаги энг қизиқ таклиф бўлди”, – дейди Возняк. Лекин Жобс ҳаммаси тўрт кунда тайёр бўлиши, устига-устак деталлар камроқ ишлатилиши кераклигини айтди. У муддатни ўзи белгилаганини айтмади, чунки ҳосил йиғишга тайёргарлик кўриш учун Фридланд фермасига отланаётганди. У шунингдек, ҳар бир тежалган деталь учун Нолан мукофот ваъда қилгани ҳақида ҳам оғиз очмади.

“Бундай ўйинни яратиш учун кўпчилик муҳандислар бир неча ой сарфлаган бўларди, – эслайди Возняк. – Мен ҳеч ҳам уддасидан чиқа олмайман деб ўйлагандим, лекин Стив ҳаммаси ўнгидан келади деб мени ишонтирди”. Воз тўрт кеча ухламади, лекин лойиҳани бажарди. Кундузи HP компаниясида у чизмалар чизарди, апил-тапил тамадди қилиб олиб, Atari’га елдек учарди ва тунда тинмай ишларди. Возняк чизмалар устида бош кўтармай ишлаётган вақт Жобс олдида ўтирар ва макет платадаги микросхемалар симини уларди. “Стив модель ясарди, мен эса севимли ўйиним – Gran Trak 10 автопойгасини ўйнардим”, – деб айтиб берди Возняк.

Икки дўст лойиҳани ҳақиқатан ҳам тўрт кун ичида атиги 45 та микросхемадан фойдаланиб тугатишга муваффақ бўлди. Мукофот пули ҳақидаги фикрлар бир-бирига тўғри келмайди, лекин кўпчилик Жобс гонорарнинг ярмини Вознякка берган деб ҳисоблайди. Аммо бу тежалган деталлар учун Бушнелл тўлаган мукофот пули эмасди. Фақат ўн йил ўтиб, Возняк Atari тарихи ҳақидаги китобни унга кўрсатишганида мукофот ҳақида билиб қолади. “Эҳтимол Стивга пул керак бўлгандир, шунинг учун у менга ҳеч нарса айтмаган бўлса керак”, – деди Возняк. Лекин бир оз жим туриб ўйлаб кўрди-да, бу воқеа унга оғир ботганини тан олди. “У менга тўғрисини айтгани яхши эди. Агар унга пул кераклигини рўйирост айтганида, мен ўзим ҳаммасини унга берардим. У ахир менинг дўстим-ку. Дўстларга эса ёрдам бериш керак”. Вознякнинг сўзларига қараганда бу воқеа уларнинг характерлари ўхшамаслигини кўрсатиб берган. “Инсофлилик мен учун бекорчи гап эмас. Стив нима учун мендан унга аслида қанча тўлашганини яширганини ҳозиргача тушуна олмайман. Ҳамма одамлар ҳар хил бўлар экан”, – деди Возняк.

Ўн йилдан кейин бу воқеа матбуотда тарқалиб кетгач, Жобс Вознякка қўнғироқ қилиб, ҳаммасини инкор этади. Вознякнинг сўзларига қараганда Стив “бундай воқеани эслай олмаслигини, агар у бундай ишни қилган бўлса, уни албатта эслаб қолган бўлишини, эсида йўқ эканми, демак, бу воқеа бўлмаганини айтган”. Жобсдан буни очиқдан-очиқ сўраганимда, у сукут сақлади, кейин эса ишончсизлик билан шундай деди: “Билмайман, бу миш-мишлар қаердан пайдо бўлди. Менга тўлашган пулнинг ярмини мен Возга берганман. Мен ҳар доим шундай қилганман. Воз ишни 1978 йилда ташлаб кетган ва шундан кейин ҳеч нарса қилмаган, лекин Apple акцияларидан мен билан бир хил улуш олган”.

Эҳтимол бу шунчаки англашилмовчилик бўлиб, Жобс аслида Вознякни алдамаганмикан? “Балки мен хато қилгандирман, унутгандирман, – деди менга Возняк, лекин шу ондаёқ тузатди. – Йўқ. Аниқ эсимда. Стив 350 долларлик чек берган”. У масалага Бушнелл ва Элкорн орқали аниқлик киритди. “Возга мукофот пули ҳақида айтганимда у хафа бўлиб кетгани эсимда – дейди Бушнелл. – Ҳар бир тежалган деталга мукофот пули берганимни тасдиқладим, у эса бошини сарак-сарак қилди”.

Нима бўлса ҳам кейин Возняк ўтган гапни ковлаш яхши эмас деб айтди. Жобс одамлардан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган мураккаб инсон эканини айтди. Унинг бундай жиҳатлари унга муваффақият қозонишида ёрдам берди. Возняк ҳеч қачон бундай йўл тутмаган бўлардим деди, лекин Apple’ни бир ўзи ярата олмаслигини ҳам тан олди. “Низони тинч йўл билан босди-босди қилишни маъқул кўраман. Бу воқеа ҳақида Стив билан судлашмоқчи эмасман”.

Atari’даги иш тажрибаси Жобсга бизнес ва дизайнга бўлган ўз ёндашувини ишлаб чиқишда ёрдам берди. Atari ўйинларининг оддийлиги ва қулайлиги (“танга киритинг, клингонларга чап беринг”) унинг дидига мос келарди. “Жобс бу оддийликни ўзлаштирди ва Apple маҳсулотларига сингдирди”, – дейди Стивнинг ҳамкасби Рон Уэйн. Бушнеллдан Жобс ўз айтганида туриб олиш қобилиятини ҳам ўзлаштирди. “Нолан рад жавобини умуман қабул қилмасди ва Стив буни ўзининг иш принципига айлантирди. Тўғри, Бушнелл Жобсдан фарқли равишда ҳеч кимни ҳеч қачон ҳақоратламаган. Лекин қисташи мумкин эди. Бундай муносабат ғашимни келтирарди, лекин нима бўлса ҳам бундай ёндашув иш берарди. Бу жиҳатдан Нолан Жобс учун ўрнак бўлиб хизмат қилди”, – деб эслайди Элкорн.

Бушнелл бунга қўшилади. “Бизнесменнинг истеъдодини яшира олмайсан ва мен буни Стивда пайқаганман, – деди у. – Уни нафақат чизмалар, балки тадбиркорлик масалалари ҳам қизиқтирарди. Унга тушунтирдим: агар қўлимдан ҳамма нарса келади деб ҳисобласанг, мақсадингга эришасан. Ўзингни вазиятни назорат қилаётгандек тут ва одамлар бунга ишонади”.

Стив Жобс

Подняться наверх