Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 7

2-боб. Ажиб жуфтлик. Иккита Стив
Кўк қутича

Оглавление

Электроникадан фойдаланиб, энг моҳирона ижро этилган ҳазил ва Apple компанияси пайдо бўлишига сабаб бўлган воқеа шундай бўлган эди: Возняк онаси унга ошхонадаги столда қолдирган Esquire журналидаги бир мақолани ўқиб қолади. 1971 йил сентябрь эди, кейинги куни Стив Бёрклига, ўзининг учинчи университетига бориши керак эди. Рон Розенбаумнинг “Кўк қутича сири” мақоласида хакерлар ва телефон фирибгарлари AT&T тармоғи сигналининг товушларини сунъий равишда таратиб, шаҳарлараро ва халқаро қўнғироқларни бепул амалга оширишни ўрганиб олишгани таърифланганди. “Мақолани ярмигача ўқиб, мен ўзимнинг энг яхши дўстим – Стив Жобсга қўнғироқ қилдим ва унга мақоладан узун парчаларни ўқиб бердим”, – дея эслади Возняк. У Жобс унинг завқига шерик бўла оладиган камдан-кам инсонлар қаторига киришини биларди. Жобс ўшанда Хоумстеддаги тўртинчи ўқув йилини бошлаганди.

Мақола муаллифи Жон Дрейпер исмли хакер Капитан Кранч лақабини олганди. У нонушта ёрмаси солинган қутича билан бирга бериладиган ўйинчоқ ҳуштакнинг овози телефон тармоғида қўнғироқларни ўтказадиган коммутатор сигналига (2600 Гц) частотаси бўйича мос келишини аниқлайди. Унинг ёрдамида тизимни алдаш ва бошқа шаҳарларга ва мамлакатларга бепул қўнғироқ қилиш мумкин эди. Мақолада, шунингдек, бошқа қўнғироқ сигналларининг частотаси Bell System Technical Journal сонларининг бирида кўрсатилгани ҳам тилга олинганди. Албатта, AT&T дарҳол барча кутубхоналарга мазкур журнал сонини олиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилди.

Жобс сигналлар частоталари кўрсатилган журнал сонини билишни жуда хоҳлади. “Бир неча вақт ўтгач, мени олиб кетгани Воз келди ва биз уни излаш учун SLAC (Стэнфорд линиявий тезлатгичлар маркази) кутубхонасига отландик”, – деб сўзлаб берди Жобс. Кутубхона якшанба куни ишламасди, лекин дўстлари доим очиқ турадиган эшикни биларди. “Жавонларни шоша-пиша титиб чиққанимиз эсимда. Ниҳоят Воз керакли сонни топди. “Мана бу!” – деб наъра тортдик биз. Журнални очдик ва ҳақиқатан ҳам у ерда рўйхат бор эди. Биз хурсандлигимиздан “қойил, зўр” деб такрорлардик. У ерда ҳамма нарса бор эди: товушлар, частоталар”.

Ўша кеча Саннивейлдаги электроника дўкони ёпилгунига қадар Возняк у ердан овоз частотасининг аналог генератори учун деталлар сотиб олишга улгурди. Жобс ўз вақтида HP компаниясининг илмий-техник клубида ясаган рақамли частотомер ёрдамида дўстлар керакли частоталар тўғрими-йўқми текширмоқчи бўлишди. Рақам териладиган диск мақолада сўз борган товушларни такрорлаш ва ёзиб олиш имконини берарди. Ярим тунга келиб иккала Стив ҳам қурилмани синаб кўришга тайёр эди. Афсуски, улар фойдаланган генераторлар етарлича узлуксиз ишламасди ва телефон компаниясини алдаш учун зарур частоталарни ярата олмасди. “Биз турғун сигналга эриша олмадик”, – деди Возняк. – Эртаси куни мен Бёрклига жўнаб кетишим керак эди ва биз мен қурилманинг рақамли версиясини коллежда ясаб келишимга келишиб олдик.

Кўк қутичанинг рақамли версияси табиатда мавжуд эмасди, лекин Воз ўз кучини синаб кўриш учун берилган имкониятни жон деб қабул қилди. У RadioShack компаниясида ишлаб чиқариладиган диод ва транзисторларни олиб, куй ва оҳангларни яхши сақлайдиган бир мусиқачи талаба ёрдамида Шукроналик кунигача керакли қурилмани ясади. “Ясаган схемаларимнинг ҳеч биридан бу қадар мағрурланмаганман. Мен ҳозиргача бу схемани нодир деб биламан”, – деб ёдга олди у.

Кечки пайт Возняк ихтирони синаб кўриш учун Бёрклидан Жобсникига келди. Дўстлар Лос-Анжелесдаги Вознинг амакисига қўнғироқ қилмоқчи бўлишди, лекин рақамда адашишди. Шундай бўлса ҳам бу уларни сира хижолат қилмади. Асосийси, қурилма ишлаяпти. “Салом! Биз сизга бепул қўнғироқ қиляпмиз! Бепул қўнғироқ қиляпмиз!” – деб қийқирди Возняк гўшакка. Уни эшитаётган абонент ҳеч нарсани тушунмай жаҳли чиқди, Жобс эса қўшимча қилди: “Биз Калифорниядан қўнғироқ қиляпмиз! Калифорниядан! Кўк қутича ёрдамида!”. Унинг сўзлари у ҳам Калифорнияда бўлган абонентни гаранг қилиб қўйди.

Дастлаб кўк қути ёрдамида дўстлар ҳазил уюштирарди. Ватиканга қўнғироқ энг эсда қоларлиси бўлди: Возняк ўзини Генри Киссинжер деб таништирди ва Рим папаси билан гаплашмоқчи эканини айтди. Унга ҳозир Ватиканда тонгги олти ярим эканини ва Рим папаси ҳали ухлаётганини айтишди. Воз қайта қўнғироқ қилганида унга епископ жавоб берди. Епископ уларнинг суҳбатини таржима қилиши лозим эди. Лекин Рим папаси билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. “Улар бу Генри Киссинжер эмаслигини пайқаб қолишди, – деб тан олди Жобс. – Чунки биз кўчадаги телефон-автоматдан қўнғироқ қилгандик”.

Айнан ўшанда улар ҳамкорликнинг кейинги режасини тузишди. Жобс кўк қутичалар ёрдамида нафақат ўйин уюштириш, балки фойда олиш мумкинлигини тушуниб етди. “Мен етмаган нарсани сотиб олдим: ўрамни, таъминот блогини, клавишларни. Кейин биз қурилмани қанчага сотишимиз мумкинлигини ҳисоблаб чиқдим”, – деб айтиб берди Жобс. Улар кейинчалик Воз билан Apple’га асос солишгач, роллар айнан шундай тақсимланди. Тайёр маҳсулотнинг ҳажми икки даста ўйин қартасидек эди. Деталлар уларга 40 долларга тушди ва Жобс қурилмани 150 доллардан сотиш керак деган қарорга келди.

Капитан Кранч сингари телефон фирибгарларидан ўрнак олиб, дўстлар ўзларига хаёлий исмлар танлади. Возняк Бёркли Блу, Жобс эса Оуф Тобарк исмини олди. Улар ётоқхонадаги хоналарни айланиб чиқиб, барча хоҳловчиларга ўз ихтиросини таклиф қилишди ва потенциал харидорларга у қандай ишлашини кўрсатиб беришди: қурилмани телефонга ва қулоқчинга улаб, турли жойларга қўнғироқ қилишди. Масалан, Лондондаги Ritz меҳмонхонасига ёки Австралиядаги телефон ҳазиллари хизматига. “Биз тахминан юзта кўк қутича ясадик ва деярли ҳаммасини сотдик”, – деб эслайди Жобс.

Лекин Саннивейлдаги пиццерияда бўлган воқеадан кейин


ўйин-кулгуга нуқта қўйилди. Жобс ва Возняк ҳозиргина ясалган кўк қутича билан Бёрклига боришмоқчи эди. Жобсга пул керак эди ва у қурилмани сотишни хоҳлаб, уни қўшни столда ўтирган мижозларга таклиф қилди. Улар қизиқиб қолишди. Жобс телефон будкага бориб, Чикагога қўнғироқ қилди ва қурилма қандай ишлашини кўрсатиб берди. “Харидорлар” пуллари машинада эканини айтишди. “Биз Воз икковимиз улар билан бирга бордик. Кўк қутича менда эди. Ўспирин машинага ўтирди, ўриндиқ остини титкилади ва пистолет олди”, – деб ҳикоя қилди Жобс. Стив ҳеч қачон қуролни бундай яқиндан кўрмаганди, унинг ўтакаси ёрилиб кетди. “Кейин у қорнимни нишонга олиб, шундай деди: “Уни менга бер”. Мен саросимага тушдим. Уни машина эшиги билан уриб, қочиб кетишга улгурармиканман деб ўйладим. Йўқ, бунгача бу ифлос менга ўқ узади. Ва мен унга эҳтиёткорлик билан қурилмани узатдим”. Ўғрилик ғайриоддий тарзда содир этилди: дўстлардан кўк қутичани олиб қўйган нобакор Жобсга телефон рақамини қолдирди ва агар қурилма ишласа, кейин пулини тўлашга ваъда берди. Жобс шу рақамга қўнғироқ қилганида жиноятчининг қурилмага ақли етмагани аён бўлди. Ўшанда Жобс бир сония ҳам ўйлаб ўтирмай, аблаҳни у ва Возняк билан бирорта гавжум жойда учрашишга кўндирди. Лекин охири дўстлар ваҳимага тушишди ва яхшиси 150 доллардан воз кечиб, бошқа уларга пистолет билан ўқталадиган ҳолатга тушиб қолмасликка қарор қилишди.

Бу кичик саргузашт жиддийроқ саргузаштлар учун пойдевор яратди. “Кўк қутиларсиз Apple ҳам бўлмасди, – деди кейинчалик Жобс. – Менинг бунга юз фоиз ишончим комил. Биз Воз билан бирга ишлашга ўргандик, техник вазифаларни ҳал қила олишимизга ва арзигулик бир нарса ясай олишимизга ишончимиз комил бўлди”. Улар ясаган кичкина монтаж платаси инфратузилмани назорат қилиш имконини берди. Унинг қиймати эса миллиардлаб долларларни ташкил этарди. “Бу руҳимизни қанчалик кўтариб юборганини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз, – деб хулоса қилди Воз. – Эҳтимол, кўк қутича билан савдо қилмаганимиз маъқул эди, лекин шу орқали биз менинг муҳандислик кўникмаларим ва Стивнинг ишбилармонлик қобилияти ёрдамида нимага эриша олишимизни тушуниб етдик”. Кўк қути билан бўлган ҳикоя уларнинг бўлажак ҳамкорлиги принципларини белгилаб берди: Возняк инсоният билан шунчаки баҳам кўришни хоҳлаган навбатдаги ноёб ихтирони кашф қилади, Жобс эса уни қандай қилиб истеъмолчининг эҳтиёжига мослаштириш, уни қандай қилиб истеъмолчига етказиш, қандай қилиб сотиш ва бунинг эвазига пул ишлаб олиш масаласини ҳал қилади.

Стив Жобс

Подняться наверх