Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 68
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
«Йўлни олиб ташлама, адир…»
ОглавлениеЙўлни олиб ташлама, адир!
Қўйгин, ёлғизгина мўйсафид
Юриб бораверсин у йўлдан.
Қўйгин ёлғизгина юк машинаси
У йўлни чангитиб турсин,
Олиб ташлама!
Ёзнинг ўшал саратонида
Шу кўл қирғоғида турар эдим мен.
“Хайр, болалигим!” дедим,
Адирга боқдим,
Қирғоқ ўпирилди,
Шўнғидим кўлга.
Кейин
Дазмолланган шимдай
Текисланди йиллар.
Оғриқлар қизлар каби
Кўксимга бош қўйдилар.
Кейин кўл қуриди,
Менинг “Хайр”имни
Эшитган балиқлар нобуд бўлдилар.
“Бир марта берилган, – дедим, – бу ҳаёт”.
Кўп намчил соғинчлар кечди бошимдан:
Ёмғирли, қор босган соғинчлар…
Энди кўл қуриган,
Мўйсафид ҳам йўқ.
Фақат йўлни олиб қол, адир!
Қўйгин, ёлғизгина юк машинаси
У йўлни чангитиб турсин,
Олиб ташлама!
Қўйгин, чангиб турсин сўнгги соғинчим.
1982