Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 74
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ОНА ПОРТРЕТИ
ОглавлениеРассом Одилбек Аҳмад ўғлининг
“Менинг қуёшим” асарига ёзув
Кўрпачада ўтирган Қуёш,
Чойнак тўла заъфарон умр.
Пиёлада иссиқ хотира
Ҳали совумаган.
Атрофда гуллар,
Дастурхонда гуллар,
Гулдир пардалар.
Гуллар тасвирида пинҳон фарёдлар.
Ҳаммаси бу эмас,
Ҳали йиллар бор –
Қийналиб, ўртаниб яшасанг арзир!
Қийналиб, ўртаниб яшашинг – қарздир!
Қуёшлар кўп эди Ўзбекистонда,
Аммо рассом чизди фақат ёлғиз Қуёшни.
Бўёқларнинг қонларига беланиб чизди.
Бу Қуёшнинг ҳасратларини,
Дардларини яширди аммо
Хомуш додлаётган гуллар рангига.
Бу Қуёш тирикдир, ҳали бошингни
Силар экан нурлари билан,
Руҳингда унмагай бирорта ҳам ғам,
Бу Қуёш бор экан – ёлғиз қолмайсан,
Хўрланмайсан ҳали сен, одам!
Ҳаммаси бу эмас,
Ҳали дардлар бор –
Безарлар уйқусиз кечаларингни.
Ҳали йўллар бордир, тулпорлар каби
Бостириб киргувчи юракларингга!
Ҳаммаси бу эмас,
Бироқ айтгин сен,
Нега шамолларни соғинамиз биз?
Ўзгаларни севиб, уларни қўмсаб,
Нега бу Қуёшга сиғинамиз биз?
Кўрпачада ўтирган Қуёш,
Чойнак тўла заъфарон умр.
Пиёлада иссиқ хотира,
Олам совиб бормоқдадир. Куз.
Хазонларга қўшма юрагингни сен,
Яшил барглар сўра, кўкламлар сўра.
Қуёшим,
сен эса бу хотирани,
Ичиб юбормагин, қўйгин, турсин у.
Совиб бораётган оламга бугун
Иссиқ хотиралар жуда ҳам керак!
1982