Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 75
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
“ТЕЗ ЁРДАМ” МАШИНАСИДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР
ОглавлениеА. В.га тазмин
Ўтганга ёрдам беринг.
Кетганга ёрдам беринг.
Меҳрингизни қон ютиб
кутганга ёрдам беринг.
Осмонлари синганга,
армонлари сўнганга,
Қуёшлари муз бўлиб
қотганга ёрдам беринг.
Кўзи тўрт манзилларга
кириб борманг мунғайиб,
Ишонч бўлинг, мунғайган
ҳижронга ёрдам беринг.
Оз эмасдир замону
имонини сотганлар,
Виждонлироқ бўлинг сиз,
замонга ёрдам беринг!
Баҳор келди, деб боринг,
йил бўйи газет ўқиб,
Газетага айланган
одамга ёрдам беринг.
Соғ эди ‒ худо эди,
энди-чи, Худо дейди,
Оқ халатли тангрилар,
отамга ёрдам беринг!
Ҳаётга таянч бўлинг.
Севинг, суюнинг, кулинг,
Севолмай юрган шўрлик
гадога ёрдам беринг.
Бу зотларнинг наслини
билмай Оллоҳ ҳам ҳайрон,
Сиз софдил инсон бўлинг,
Худога ёрдам беринг!
(Симлар, симсўзлар аро
бўғилмоқда дардларим,
Қадим туркий сўзларим,
дардимга ёрдам беринг.
Мен сизни унутмайман
ёмғирларим, селларим,
Далалари қақраган
юртимга ёрдам беринг.)
Барча билан бир бўлинг,
бирлашган тақдир бўлинг,
Халқ учун фақир бўлинг,
Тенгликка ёрдам беринг.
Кундуздан ҳайратланинг,
юлдуздан ҳайратланинг,
Урушдан нафратланинг,
Тинчликка ёрдам беринг!
Бўйи бўстон бу чаман
бўлгай бундан музайян,
Кўнгилларни гул айланг ‒
чаманга ёрдам беринг.
Бедор бўлинг ҳам ҳушёр,
мангу қолсин навбаҳор,
Ота юрт, она диёр ‒
Ватанга ёрдам беринг.
Ҳалокатдан қутқаринг
балиқни, ўсимликни,
Тирикликнинг камию
Ғамига ёрдам беринг!
Бағрига босиб Буюк
Дардни ‒ инсониятни,
Чинқириб учиб борар ‒
Заминга ёрдам беринг!
1982, 2013