Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 85

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
НУТҚ

Оглавление

Фақат ёзиш керак!

Фақат ёниш керак!

Майда-чуйда савдолар эмас,

Ёзиш керак,

Ёниш керак

       катта дард, ғамлар билан!

Фоний ўкинчларга қўл силташ керак,

Ёниш керак фақат улкан аламлар билан!

Майдонларда кезиб юраркан

Ёзиб бориш керак қадамлар билан!

Одамларни тишламасдан нигоҳлар билан

Кўзлардан шеър яратиш керак!

Юзлардан шеър яратиш керак!

Фақат ёзиш керак!

Фақат ёниш керак!

Шахсий бахтсизликлардан

Устун туриш керак ҳамиша,

Шеърий оҳлар тортмаслик керак!

Касалманд мисралар битмаслик керак!

Ҳайиқмаслик керак

Хато қилиб қўйишдан асло!

Заҳириддин Бобурдек ёки

Абдулҳамид Чўлпон мисоли

Севгини ҳам,

       нафратни ҳам

Енгиб бориш керак!

Енгиб бориш керак!

Улар етолмаган баҳорга аммо

Сўзсиз

Етиб бориш керак!

Етиб бориш керак!

Фақат ёзиш керак!

Фақат ёниш керак!

Гуллар сўлса сўлар,

Йиллар ўтса ўтар.

Ўтмаслиги керак фақат бесамар!

Япроқлар устида мотам тутмасдан,

Бир гулнинг ҳажрида қонлар ютмасдан,

Саратон остида куйиб ўтаётган,

Ерни суйиб ўтаётган бир халқ ҳурмати,

Бир Ватан ҳурмати,

Ҳар битта сатрда

Ёниш керак!

Ёниш керак!

Фақат ёниш керак!

Ёниш керак!


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх