Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 81

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ТЕЛЕВИЗОР БИЛАН СУҲБАТ

Оглавление

Ўша кун сўрида ўтиргандим мен,

“Алпомиш”,

       “Гўрўғли”,

             “Авазхон” тинглаб.

Сен менинг ям-яшил болалигимга

Кирдинг ёлғизгина зангор кўз билан.

Кирдинг,

       эгалладинг дарс столимни.

Дўмбиралар тинди.

             Тинди замонлар.

Саллалар қаршингда лол қотди.

                   Боқди.

Соқолларда – чала достонлар!

Мени достонлардан жудо айладинг,

Бийрон сўйлар эди ўша кун тилинг:

Бола, тулпорларни нима қиласан,

Бола, ёнимга кел, мана мултфилм!..

Отини кишнатиб Авазхон кетди,

Ёлларида шамол – менинг кунларим.

Саллалар бирма-бир ғойиб бўлдилар,

Сен ҳамон тириксан –

       порлар нурларинг.

Умрлар емрилар.

       Қисматлар сўнар.

Хазон, хазон, хазон бўлади диллар!..

Сенинг ёлғиз кўзинг

       сўнмас ҳеч қачон,

Сен тирик яшайсан ҳали минг йиллар!

Дарсларим чинқирди дафтарларимда,

Мени китоблардан айладинг жудо.

Мени тортиб олдинг осмонларимдан,

Бугун осмон бўлдинг,

Бугун сен – Худо!

Сенга термулади ҳиссиз гавдалар,

Сенга маҳлиёдир жонли халталар.

Болалар юзингга тупургай баъзан,

Мултфилм кўради катталар.

Бугун жаҳонларни айладинг ишғол,

Жаҳонгир!

       Нурларинг бунча турланар.

…Ажаб одамлари бордир дунёнинг –

Хотинини қўйиб, сенга уйланар.


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх