Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 83

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
КОПТОКЛАР

Оглавление

Исматулла Комилов хотирасига

Хайр, Исмат ака!

Ўйин тугади.

Йиллар ўлим билан тугади.

Бу майдон ҳеч қачон энди тўлмайди,

Синфдошлар футбол деб келмайди.

Мактаб.

Сўнгги қўнғироқлар чинқирар,

Ойналар ҳеч қачон энди синмайди!

Энди умр бўйи кўз ўнгимдан кетмай

Оёқсиз кеталар мени қийнайди.

Хайр, Исмат ака!

Югурар ойлар,

Коптокларни олиб кунлар югурар.

Коптоклар.

Коптоклар.

Коптоклар қолар,

Коптоклардан юлқиб олар мени орзулар.

Сўнг бир кун,

Ғам билан кўкка қарайман:

Узуқ-юлуқ юзиб юрган оёқлар – надир?

Англайман:

Самода булутлар эмас,

“Пахтакор”нинг портлаб кетган коптокларидир!

Теграмда нидолар, фарёдлар, ёдлар,

Видоларга тўлди ўсмир жаҳоним.

Мен ҳам коптогимни кўкларга тепдим,

Қайтариб бермади уни осмоним.

Сизни излаб юрар кўклам еллари,

Сизни кўрмоқ истаб гуллар бутоқлар.

Мени қалбда қолган сўзлардек қийнар

Йилларнинг тўрида қолган коптоклар.


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх