Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 84

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
РУҲИМ ХАРИТАСИ

Оглавление

Мен – кичик мамлакат,

Йиллар – шаҳарларим,

Ойлар – аҳолиси шаҳарларимнинг,

Кунлар – ойларимнинг болалигидир.


Мен – кичик мамлакат,

Пойтахтим – умрим.

Бу пойтахтнинг ёлғиз ҳомийси,

Ёлғиз аҳолиси – мен бўламан.

Қолгани сайёҳлар.


Мен – кичик мамлакат,

Хотирам – музей,

Туман ойналари остида унда

Сақланади менинг ўтмишим –

Менинг тарихимнинг алифболари.


Мен – кичик мамлакат,

Туғилиш, ўлим –

Географик майдоним шулдир.


Вақтнинг чигал харитасидан

Ўчирилар пойтахтим – умрим.

Сизларга қолади пойтахтсиз,

Руҳим харитаси – шеърларим.


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх