Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 86

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
МУИН БСИСУ МОНОЛОГИ

Оглавление

Мен дунё овозиман.

       Мангу дард зурёдиман,

Юракнинг парвозиман,

       тилакнинг муродиман.

Борим-йўқлигим бирлан

       тирикликнинг ёдиман.

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.


Умрим менинг минг битта

       аламларда турланди,

Қалбимнинг зиёсидан

       не зулматлар нурланди,

Шеърлар айтдим – виждонлар

       тозаланди, ҳурланди,

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.


Кўз олдимда судралди

       неча тиллар, элатлар,

Ўзлигини тополмай

       сарсон юрган миллатлар,

Одамзод ичра юрган

       одамсифат иллатлар,

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.


Бу нокаслар – бу хаслар

       ўз жонини ўйлайди,

Сени хор кўрмагунча

       тубан кўнгли тўлмайди,

Алар бор ерда яшаб,

       ҳатто ўлиб бўлмайди,

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.


Арабистоним менинг –

       харобистоним менинг,

Булбулидан абадий

       айро бўстоним менинг,

Сени қутқаролмадим шеъру

       достоним менинг,

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.


Бу Замин – менинг элим,

       бу Замин – менинг дилим,

Бу Замин – менинг онам,

       бу Замин – менинг синглим,

Оғир тушмасин унга

       ҳатто сўзсиз ўлимим…

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.

Мен Замин фарёдиман –

       самоларда жон бердим.


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх