Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 69

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
«Сен йиғладинг…»

Оглавление

Сен йиғладинг,

Мендан юз ўгирди қувончлар.

Сен йиғладинг,

Тонгларим бўғзида қолди қуёшлар.

Сен йиғладинг,

Шаҳарларим ғамга бурканди.

Фарёдга чулғанди йилларим,

Сочлардай тўзғиди йўлларим.

Сен йиғладинг,

Юлдузлар ўчди.

Мен бўлса ишқ, дедим минг бора,

Ишқ, деб шафақларга қарадим,

Шафақлар – қора.

Сен йиғладинг,

Соҳилларим зимистон бўлди,

Сойларим қорайиб оқдилар.

Ишқ, дедим,

Тоғларим ишқ дея

Қорайиб, қорайиб боқдилар.

Ҳовлидаги ўрик тагида

Сен йиғладинг.

Фасллар ўтди.

Йилларга айланди онларим,

Асрлар ўтди.

Сен йиғладинг,

Тошлар кўкарди,

Боғлар гуллади.

Ҳовлидаги ўрикнинг бу йил

Мевалари аччиқ бўлади…


1982

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх