Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 103

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
АХБОРОТ ҚИРОЛИ

Оглавление

Устоз журналист Абдулла Пўлатовга

Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?

Асаб чақинлардай чақнаганида,

Юзида ҳодисот чинқирганида,

Унинг қаршисида ҳеч турганмисиз?


Кўзларида унинг замон айланади,

Армон айланади. Жаҳон айланади.

Қаранг: ўз қўлида ўзи нурайди,

Кўксини чангаллаб, телефонлардан

Ҳаво сўрагандай –

Янгилик сўрайди, хабар сўрайди.


Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?

Ғафур Ғулом,

Шайхзодани шеър ўқишга кўндирган у.

Мақтанчоқ мухбирлар довдираган чоғда,

Абдулла Қаҳҳордан сўз ундирган у.


Менинг тушларимга киради унинг

Кўзлари доим қўш кассета бўлиб.

Бу одам умрини тарқатиб борар

Ҳар куни, ҳар туни газета бўлиб.


“Тошкент оқшоми”нинг ҳар бир сонида

Бешми, ўн дил зарби жой олган унинг.

Шул сабаб уйғоқдир балки бу ҳаёт,

Шул сабаб зарби зўр балки бу куннинг.


Қаранг, у қийналар, чекар асабий,

Рўзғорини ўйлаб кўнглин ғашлайди.

Ва яна дзотга ташланган каби

Ёзув столига кўксин ташлайди.


Янгилик йўқ дейди, аҳвол сўрасам,

Вақт ҳам йўқ дейди, саломатликка.

Бир зум алоқани узинг дунёдан,

Қаҳҳордан гапиринг, Абдулла ака!


Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?

Кўксини чангаллаб, гезариб лаби,

Уйига боради қоронғу тунда,

Гўё ғижимланган газета каби!


1985

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх