Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 105
ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
«Газеталар бўронида кетяпман…»
ОглавлениеГазеталар бўронида кетяпман,
кетяпман.
Метродайин бу дунёнинг
қоқ бағридан ўтяпман, ўтяпман.
Ҳаётимда янгиликлар,
ҳодисалар, воқеалар,
Ракетадай учқурдиру,
бомба янглиғ оғирдир бу дақиқалар.
Дақиқалар!
Менинг асл фаслларим
сароб бўлди,
хароб бўлди.
Она нега йиғлаяпсиз, нима бўлди?
Тегрангизда кузатувлар,
айрилиқлар,
йўқотишлар…
Орзуларим ўтмишимдан
менга қараб ўқ отишар,
ўқ отишар.
Олисдаги ул мактабда энди менинг дарсим йўқ.
Кўз очаман:
Газета бор. Дўстларим йўқ.
Асрим йўқ.
Дарёлардай ортга боқмай,
дарёлардай тўлғониб
Асфальтларнинг чинқириғи
поёни йўқ манзилларга
олиб кетар дунёни.
1985