Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 89

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
ҚОҒОЗ ҚАСИДА

Оглавление

Қоғоз, қоғоз, ҳаммаси қоғоз!

Мана бу одамнинг юзи – газета.

Мана бу сулувнинг чеҳраси – журнал.

Мана бу кўзойнак, олтмиш йил яшаб

Ўн жилд қоғоз ёзди,

Эҳ, носоз ёзди.

Бу қилмиши учун уни бир куни

Муқаддас Сўз ҳаққи,

Ҳақиқат ҳаққи

Абдулла Қаҳҳорнинг руҳи уради!

Мени афишалар ўрайди.

Ботир Зокиров ҳам энди йўқ.

Эълонлар қуршовга олар дунёни,

Дунёда қоғозлар бўрони.

Сиз ҳали уйқудан уйғонмай, тонгда

Эшикларни тақиллатар қоғоз.

Режалар инграйди қоғозлар аро,

Нутқлар қоғоздир,

Ютуқлар – қоғоз.

Архивлар –

тахланган, чанг босган асрлар –

Қоғоз қасрлар.

Қайлардадир шовуллайди яшил ўрмонлар –

Бўлажак қиссалар, рўмонлар!

Сизни –

(Умрингизда гуллар ўрнига

Пуллар очилади,

Наслингиз қоғоз).

Қандай қайтарайин одамийликка?

Мен нима қилайин –

Аслингиз қоғоз?!


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх