Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 97

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
СЕН ВА МЕН

Оглавление

I

Шон-шуҳратдан кечдим мен,

       Орзулардан кетдим мен.

Ҳижронларни йиртдим мен.

       Исёнларни ютдим мен.

Суронлардан ўтдим мен.

       Тўфонларни титдим мен.

Айро кўнгиллар аро

       дил дардига етдим мен.

Айтдилар: Бундай кетсанг

       ким топгай нишонингни?

Ўзингни куйдиргайдир –

       унутгил имонингни.

Рост йўлга буролмайсан

       бу ёлғон жаҳонингни.

Шул сабаб жонни ўйла,

       ўйлама зиёнингни.

Боз айтдилар: Тириклик

       кўйида сенким адо.

Фарёдким чекдинг неча

       бердими биров садо.

Билиб бўлмас қайдасан –

       – ниҳонимсан ё пайдо?!

Сирожиддин, алвидо!

Сирожиддин, алвидо!

Мен шундай гап-сўзларнинг

       орасиндан ўтганман,

Уларнинг назарида

       норасида ўтганман.

Лекин аслида қалблар

       ёрасиндан ўтганман,

Ҳар қаерда ҳамдардлик

       чорасинда ўтганман.

Сўзларнинг кўзида ёш –

       девонларда куйдим мен.

Навоий бирлан тунлар

       туғёнларда куйдим мен,

Шул диёрнинг хор ила

       хасин бирдек суйдим мен.

Дардин ўзимга олдим,

       гардин кўзга суртдим мен.

Ўн йилларким мен шундай

       дунёни ёд айладим.

Ҳаёт парвозларига

       дилни қанот айладим.

Кейин… Сен бўлдинг пайдо,

       ажиб ижод айладим –

Ўзимни қайта бошдан,

       ишқдин бунёд айладим.


II

Куртаклар кўксимда гул каби битди,

Ўн йил ўтиб кетди. Ўн йилим ўтди.


Кўзим васлу фироқ фаҳмига етди.

Сўзим юракларнинг заҳмига етди.


Англадим: Бу дунё қўшиқлик экан,

Унда олий мансаб – ошиқлик экан.


Кўрдим: шоҳу гадо ёнма-ён келур.

Кимки беишқ бўлса бенишон келур.


Биров булутларга дилни ўрайди.

Биров ўз кўнглини мендан сўрайди.


Бундай савдоларнинг айтай несини?

Мен сени, мен сени, мен сени.


Мен сени яратдим дуоларимдан.

Оҳулар чўмилган дарёларимдан.


Шабнамларнинг жилосидан яратдим сени.

Шамолларнинг қиёсида яратдим сени.


Ҳеч ким илғамаган нурлардан сени

Мен яратдим ҳурлардай, сени…


III

Ҳеч ким тушунмагай мени сенчалик.

Мени ўзимдан ҳам яхшироқ билдинг.

Ҳаётим саҳродай қовжираганда

Шамол бўлиб келдинг!

Шамол бўлиб келдинг!


Мени телефонлар чинқириб излаб

Нурсиз хоналарда минг карра ўлди.

Қароғсиз қолганда тунларим. Сокин

Нигоҳ бўлиб келдинг.

Огоҳ бўлиб келдинг.


Бир юлдуз юзингдан кўксингга томди.

Кўзларинг ёшланди нега, шоҳи жон?

Бу ёшлар.

       бу сочлар,

             бу қўлларчалик

Ҳеч ким тушунмагай мени ҳеч қачон!


Қарашлар шунчалик раҳмдил, азиз.

Фидо бўлиб турар юзлар бунчалик!

Булутлар устида учиб боряпман,

Ҳеч ким тушунмагай мени сенчалик!


Осмон оёғимга йиқилар шодмон,

Тириклик муқаддас эрур қанчалик.

Кўксимга дунёни сиғдирган севинч.

Ҳеч ким кутган эмас сени менчалик.


Ҳеч ким сенингчалик қонлар ютмаган

Ғамнинг тиғларига унсиз санчилиб.

Сенинг ҳасратингда менинг қисматим,

Ҳеч ким ўйламаган мени сенчалик!


IV

Сенинг нигоҳинг бор ҳар бир гиёҳда.

Сенинг нигоҳинг бор сувда, зиёда.

Сенинг нигоҳингни сезмай, бехабар

Қандай яшар эдим мен бу дунёда?


Қандай яшар эдим?

Наҳот, яшардим

Сен туғилган кунни билмай абадий,

Нима бўлар эди сен бўлмаганда?

Ҳаётим музлайди қаҳратон каби!

Нима бўлар эди? Руҳимда менинг

Чақинлар чақнайди.

Соҳил. Оқ отлар.

Бир бола кезарди тоғу тошларда.

Унга нима бўлди, самолётлар?!


Барча яхши кунлар.

Барча қувончлар

Сенинг кўзларингда –

Бунчалар тиниқ!

Мен қандай яшардим улар бўлмаса?

Сокин сувлар янглиғ кетардим тиниб.


Бу йиллар, бу гуллар

       бунчалар тоза!

Ёруғ йўлаклардан елиб келяпсан.

Сен ўз лабларингда кулгулар эмас,

Менинг тонгларимни олиб келяпсан.

Юрак осмон бўлиб боқади сенга!

Бугун кийиб келган кўйлагинг оқдир.

Боқдим.

Тошқинларнинг севинчи билан

Тоғларим севгимга севиниб боқди.


Боқдинг.

Нигоҳингда жамийки қувонч.

Покликка элтгувчи барча армонлар.

Боқдинг, шамолларнинг сочлари аро

Киприклар умримга битди достонлар.

Дунё!

Сен ҳам боққин. Ҳаваслар қилгин!

Биркам дунёликнинг ташвишларидан

Дунё, сен бизларни халос айлагин.

Фақат Севинч қолар севишганлардан.


V

Сенинг борлигингни ўйлашнинг ўзи

Шубҳасиз мен учун энг олий тақдир.

Сенинг нафасингсиз ва лекин менга

Энди тирикликнинг маъниси йўқдир.


Кеча тонготарда туш кўрдим:

Даҳлсиз…

Нурларга чулғанган ҳали йўқ уйим.

Баҳор тошиб турмиш деразаларда,

Сен эса йиғладинг, йиғладинг юм-юм.


Мени табрик этди дўстларим шодон,

Тилаклар янгради уйимда илк бор.

Бир маҳбуб қўшиқлар!

Сен эса

Йиғладинг, йиғладинг зору зор.


Кўнглингдан не алам кечди, оҳужон?

Гоҳи жон ўртанур – чун илғамадим?

Менга нима бўлса, майлига, лекин

Фақат сен йиғлама!

Сен йиғламагин!


Энди мен воқеа, ҳодисаларга

Хавотир, таҳлика билан қарайман.

Ердаги жамийки тасодифлардан

Сенинг ҳаётингни сўрайман.


Фақат сен йиғлама.

Ҳаёт – улуғ куй!

У ҳам такрорланмас мену сендайин.

Мен учун ҳар недин муҳимроқ энди

Сени аламлардан асраш, сиймтаним.


Кўрганда ҳар оқшом,

Ҳар тонг даҳлизда

Бир жуфт кабутардай туфлиларингни.

Ўйлайман: Рўзгорим ўтгучи.

Асра

Ки, ҳазин кўрмайин кулгуларини!


VI

Ҳижронларим билагида сенинг соатинг.

Тунларимнинг соясида сенинг ҳолатинг.

Ҳар тонг туриб қарайман:

Кўзгуларим қирғоғида сенинг узугинг.

Сўнгра бир юз юзиб чиқар кўзгудан,

Бу – ўзинг.


Бу ўзинг.

Муз сувни куйдирар юзим.

Ҳар тонг ювинганда шуни ўйлайман.

Сенинг борлигингга ишонмай, ҳар тонг

Кўриб севинганда шуни ўйлайман.


Бу ўзинг.

Мен – беруҳ Сурхондарёда

Ғамдан ҳам ғамгинроқ кезган пайтларим.

Йиғлатиб симларни, телефонларни

Чорлаган соғиндим, деб айтганларинг!


Ўтмади роз айтган абри найсонлар.

Тинган оқ ёмғирлар ҳали тинмади.

Бу ўзинг.

       Шу замин. Мана шу осмон,

Учган ҳар бир юлдуз қалбни тирнайди.


Ҳарир пардаларнинг ҳарир хаёли,

Бу ёруғ, ораста, тоза уй ҳам сен.

Ювилган бу нафис чинни идишлар,

Сўзана, дераза, кўзгу – бу ҳам сен.


Менинг йилларимни дазмоллаяпсан.

Тугмам қадаяпсан. Чой тутяпсан.

Менинг кўз ўнгимда эса лаҳзалар.

Ўшал оқ ёмғирлар. Сен. Кутяпсан.


VII

Сен – менинг саратоним,

       Сенгадир сара тонгим.

Жоним сенинг кафтингда,

       Кафтингдаги тафтингда.


Сочларнинг қўзғолони,

       Ёнғиндайин исёни

Сескантиради тунни,

       Сескантиради мени.


Лаблар ўтли сўз айтар.

       Қолганини кўз айтар,

Оташингга сингдим мен.

       Оташингда ундим мен.


Қўлларнинг алангаси

       Ҳали кўп ялингуси.

Токим ҳарорат бўлгай

       Ҳаёт саломат бўлгай!


Сен – менинг саратоним,

       Сенгадир сара тонгим.

Исмингдан жон топдим мен,

       Жонимга ном топдим мен.


Сен – олов. Йиллар – олов.

       Кўксингда гуллар олов.

Оловга ошиқ бўлдим,

       Оловли қўшиқ бўлгум.


VIII

Дарёларинг бир умр

       соф қолсин, зангор қолсин.

Дунёларинг чеҳрангдай

       ёруғ, беғубор қолсин.

Таманнолар, иболар

       тиниқ бўлсин, безавол,

Лабларингда кулгулар

       шундай беозор қолсин.

Елкаларинг даврида

       даврон сурсин саболар.

Сочларингнинг баҳсида

       шамоллар нисор қолсин.

Ҳар ғамким сенга боқса

       барбод ўлсин оқибат.

Ҳар қисматким, қасд қилди

       сенга, хору зор қолсин.

Хазон бўлмасин ҳеч вақт

       кўнглингдаги кўкламлар.

Руҳингдаги юлдузлар

       сўнмасин, бедор қолсин.

Ораста хаёлсан сен,

       шундай пок қолгил, токи

Менинг тириклигимда

       шеър қолсин, баҳор қолсин.


IX

Мен сени асрайман қароғларимда.

Дил билар. Дийдоринг билади.

Бизнинг ўртамизда неки рўй берди –

Бизнинг ўртамизда қолади.


Қарайсан. Йиллармас, қанотлар ўтар.

Сенинг юзларингдан бахт ранг олади.

Бизнинг ўртамизда неки рўй берди –

Бизнинг ўртамизда қолади.


Лаблар, нафасларнинг минг бир шивири

Минг бир кечаларим ўтга солади.

Бизнинг ўртамизда неки рўй берди

Бизнинг ўртамизда қолади.


Шундоқ оқаверар сувлар бехабар.

Билмайди соҳилнинг соҳир толлари.

Бизнинг ўртамизда неки рўй берди –

Бизнинг ўртамизда қолади.


Давронлар, армонлар, шонлар ўткинчи,

Вақт ёнғинида бари ёнади.

Бизнинг ўртамизда неки рўй берди –

Бизнинг ўртамизда қолади.


Бизнинг ўртамизда шаҳарлар қолмас,

Манзиллар қолмагай ўртаниб, куйиб.

Бизнинг ўртамизда қошлардай пайваст

Бир меҳр қолади – дунёдай буюк.


Х

Сен бу муҳаббатни тонгингда асра.

Энг ожиз, энг ёлғиз онингда асра.


Бергил шомларингнинг жозибасини,

Юзингда порлаган ёнғинда асра.


Не ойлар, қуёшлар йироқ тушмишлар,

Сен ўз қуёшингни ёнингда асра.


Бағир лолаларим менинг куй бўлди,

Бу куйни сен бағир қонингда асра.


Муҳаббат ҳеч қачон жонсиз кечмагай,

Сен уни жонингда, жонингда асра.


1985

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх