Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 99

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
МЕҲМОН

Оглавление

Унинг дийдорига кўпдан зор эдим,

Келди, аён этди йўғу боримни.

Уч кун. Мен ўзимга ўқидим ҳукм,

Уч кун жим кузатди рўзгоримни.


Унга керак эмас шону мартабам,

Унга юпанч бермас мен топган ноним.

Бу – менман, бу – ҳаёт, касбу корим бу,

Нега индамайсиз, меҳмоним?


Булар бу дунёнинг одамларидир,

Меҳрдан гапирса – кўнгли бузилган.

Менинг қўлларим кўп улоқиб кетди,

Улар аллақачон Сиздан узилган.


Уч кунми, тўрт кундан кейин кетаман,

Мен бир меҳмон, дейсиз, дилда хавотир.

Англайман: берилган тириклик менга

Сизнинг қадрингизга етган бўлсам – раводир.


Муҳими ҳеч кимни ўкситмадим мен,

Кўксимда беармон улғайди армон.

Заминнинг сернеъмат дастурхонида

Она, Сиз меҳмонсиз,

Мен ҳам бир меҳмон.


Бошимда чайқалар мезбон дарахтлар,

Мезбон дарёларим куйманар шодмон.

Соҳиллар абадий қолаверади.

Она, биз меҳмон.


Тоғлар чоллардайин чордона қурган,

Жайрон жилғалардай қувончлар равон.

Боғлар кўз-кўз қилар ҳосилларини,

Она, биз меҳмон.


Меҳмондир ўртада ўртанган ғамлар,

Умр севинчларга яна тўлгуси.

Фарзанд кутаётган гулдай келинчак –

Ҳаёт кулгуси.


Мангу ўтаверар булутлар, мангу,

Булутлар ўхшайди хайру ёдларга.

Менинг уйим қани?

Чорак умрим кечди аэропортларда!


Ёлғон ҳашам кўрса ўнғайсизланиб,

Уч пуллик совғамга дилдан суюнган,

Она, билиндими меҳмонлигингиз?

Она, куйинманг!


Иссиқ нонлардайин тонглар бор ҳали,

Толедан суюнчи тутгайдир тақдир.

Шукрким, олов бор тандирингизда,

Шукрким, мақбара эмас у тандир.


1985

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх