Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 95
ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
БОЙСУН ҚЎШИҒИ
ОглавлениеФарҳод Аъзамга
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бу доғларим мени букун доғлар-ей.
Мен бахт эдим, мен бахт эдим, бахт эдим,
Само айтгил, қани ўшал чоғлар-ей?
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга, тоғлар-ей.
Кимгаки ёр бўлдим – дилим оғриди,
Орзулар хор бўлди – дилим оғриди.
Кафтларимга қадалмоқда юлдузлар,
Дўстлар, менинг қизил гулим бор эди.
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга, тоғлар-ей.
Ошиқ бўлдим, қўшиқ бўлдим, ишқ бўлдим,
Ишқим бирлан осмонларга хеш бўлдим.
Нима бўлди бу дунёйи бечора,
Мен минг бор ёз, минг боралар қиш бўлдим.
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга, тоғлар-ей.
Кўзларми ё қаро қошлар азизроқ?
Кулгуларми ё кўзёшлар азизроқ?
Бу кўнглимни буюк тоғлар тушунгай,
Менга букун тоғу тошлар азизроқ.
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга, тоғлар-ей.
1984