Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 94
ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
ХОБУ ХАЁЛ
ОглавлениеМен ухлаб қолибман.
Йилларим куйди –
Бировнинг додига етмаган сўзим.
Фаслим ўтаверди.
Асрим ўтаверди.
Мен ухлаб қолибман, дунёйи азим.
Қоялар қулади Тўполондарёга,
Балиқлар кўзида даҳшат, алвидо.
Фалаклар қаърида Замин фарёди.
Мен эса – бесадо, бесадо…
Кимнинг тушларига нур сочдинг, осмон,
Шабнамларга чайиб овозларини?
Йилларим куйди,
Мен ухлаб қолибман,
Қўйвориб асримнинг тормозларини.
Адирлар сарғайди.
Абадий сувлар
Оқиб кетаверди,
кетаверди.
Мени уйқу отлиғ тинч оқар дарё
Олиб кетаверди,
кетаверди.
Қаро қирғоқларда қолди тушларим.
Ўйладим:
Мен энди бошқа қайтмайман.
Бу хобу хаёлнинг мавҳум қиссасин
Ҳеч кимга айтмайман.
Айтмайман!
Олис чинқириқдан уйғондим ногоҳ,
Қарадим:
Теграмда бирор одам йўқ.
“Увв-увв” йиғи келди Сурхондарёдан:
“Отам йўқ, акажон, энди отам йўқ!”
Ғафлатда қолгандим илк бор умримда,
Энди кечалари уйқу келмайди.
Энди тўполонсиз оқар Тўполон,
Отамни ўйлайман, у-ку, келмайди.
Бироқ тунларимнинг туби-тубида
Чўккан кўзлардайин бедор унлар бор.
Дўстим, яшамоқ бор ҳали дунёда,
Дўстим, бу дунёда ҳали кунлар бор.
Ва сиз, оталари тирик юрганлар,
Меҳру оқибатни ўйлаб тўлғонинг.
Севги бор.
Ҳаёт бор.
Ҳамма нарса бор.
Сиз фақат уйғонинг, уйғонинг!
1984