Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 90

ШЕЪРЛАР
СЕВГИ МАМЛАКАТИ
СЕНИНГ ИТИНГ

Оглавление

А.В.Эркин таржима

Менинг сирларим бор сенинг итингда.

Бу ҳовли,

       бу эшик,

             бу йўл – қарийди.

Йилларни оралаб келган пайтимда

Сен таний олмасанг…

Итинг танийди!


Сезаман: Дордаги кўйлаклар ўзга,

Ўзгадир ҳовлида гулларнинг ҳиди.

Мен жойлаб кетганман итнинг кўзига

Махфий тунларимни –

Танийди итинг.


Мен сенинг умрингга ою осмонни

Олиб кирганимдан –

ўшандан бошлаб

Итингга, махфий бир қадрдонликдай

Махфий бир дўстликни кетганман ташлаб.


Кетганман, ўзимга, сенга-да аён,

Махфий бир даврни қолдириб итга.

Ит сўзлаб беролмас ахир ҳеч қачон!

Ит айтиб бермайди бизни ҳеч кимга!


Бу сирли учликнинг сирли мактаби

Итнинг кўзларида қолар қасамдай.

Қолар энг ишончли эсдалик каби,

Итда – энг ишончли, содиқ қафасда.


Сен вафо ҳақида куюнганингда…

Итинг яқинлашиб келаркан аста

Ва ногоҳ эрингга термулганида

Қўрқасан:

Наҳотки барчасин айтса?!


Аммо…

У айтмайди!

У айтмай яшар,

Сенинг таҳликангни тушуниб, билиб.

У айтмай яшайди – рўзғоринг ичра

Якка, садоқатли сирдошинг бўлиб.


Бу ҳовли, бу эшик, бу йўл – қарийди,

Бу ит ҳам қарийди бир кун дафъатан.

Сезмайсан:

Дафъатан, ярим тун пайти

Итинг жон беради хайрлашмасдан.


Сен эса

шундай бир ҳаёт бошлайсан.

Унда бўлмас асло қўрқув, таҳлика.

Унда сен бемалол кўзинг ёшлайсан,

Қўрқмай куюнасан вафо ҳақида!


1983

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх