Читать книгу Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш - Рахматулла Усманов, Рахматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 12

3. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МУҲИТИ НОҚУЛАЙ ОМИЛЛАРИНИНГ СИНФЛАНИШИ ВА УЛАРНИНГ ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯЛАШ
3.2. Акустик тебранишлар, шовқин манбалари, синфланиши, таъсири, нормалаштирилиши

Оглавление

Суръатли шовқинни одам организмига таъсири асаб жараёнларини кечишига ноқулай таъсир этади, толиқишни ривожланишига олиб келади, юрак-қон томирлари тизимини ўзгаришига ва шовқин патологиясини вужудга келтиради ва унинг натижасида секинлик билан эшитиш пасайиши ривожланади. Ишлаб чиқариш шароитларида шовқин манбалари ишлаётган дастгоҳлар ва механизмлар, механизациялашган қўл асбоблари, электр машиналари, компрессорлар, кўтариш-ташиш машиналари, ёрдамчи ускуналар (вентиляция қурилмалари, кондиционерлар) ва б.қ. бўлади.

Спектрининг тавсифи бўйича шовқинлар кенг қамровли ва маромлига бўлинади. Вақт тавсифи бўйича шовқинлар ўзгармас ва ўзгармас бўлмаганга бўлинади. Ўз навбатида ўзгармас бўлмаган шовқинлар вақт бўйича тебранувчан, танаффусли ва импульсли бўлиши мумкин. Иш жойларида ўзгармас шовқинни тавсифномаси сифатида, шунингдек унинг ноқулай таъсирини чеклаш бўйича самарали тадбирларни аниқлаш учун, товуш босими даражаси децебелда (дБ) қабул қилинади. Иш жойларида ҳам шовқиннинг умумий характеристикаси сифатида товуш даражаси децебелларда қабул қилинади, у товуш босимини частота тавсифномасининг ўртача қийматини бидиради.

Шовқин билан курашишнинг асосий тадбирлари – техникавий бўлади ва учта бош йўналишлар бўйича олиб борилади:

шовқинни пайдо бўлиш сабабларини бартараф қилиш ёки уни манбасида пасайтириш;

шовқинни узатиш йўлларида секинлаштириш;

ишловчиларни бевосита шовқиндан ҳимоялаш.

Шовқинни пасайтиришнинг самарали воситаси шовқинли технологик операцияларни кам шовқинли ёки тўлиқ шовқинсизлари билан алмаштириш. Шовқинни унинг манбасида камайтиришга: ускунанинг шовқин чиқарадиган қисмини конструкциясини такомиллаштириш; конструкциясида акустик хоссалари пасайтирилган материаллардан фойдаланиш; шовқин манбасида имкон борича унинг яқинида қўшимча товуш изоляцияловчи ёки тўсувчи ўрнатиш эвазига эришилади. Шовқинга қарши курашнинг энг содда техник воситаларидан бири машинани шовқинли бирикмасини ёпувчи товушни изоляцияловчи ғилоф ўрнатиш. Акустик экранларни қўлланилиши ускунадан тарқалаётган шовқинни самарали камайтиришга хизмат қилади. Шовқинли механизмни иш жойини ёки машинани хизмат кўрсатиш зонасини чегаралайди. Шовқинли хоналарда товуш ютувчи юзали қопламаларни шип ёки деворлар учун қўлланилиши шовқин спектрини пастроқ частоталигига ўзгаришига олиб келади ва бу меҳнат шароитларини яхшилайди.

Инфратовуш – товуш тўлқинини 25 Гц дан кам частота билан тебраниши.

Инфратовушли тебранишларнинг пайдо бўлиш табиати эшитиладиган товушники каби бўлади, шунинг учун инфратовуш ҳам худди эшитиладиган товуш бўйсинадиган қонуниятларга бўйсинади ва уни ифодалаш учун эшитиладиган товуш учун қўлланиладиган математик аппарат қўлланилади (товуш даражаси билан боғланган тушунчалардан ташқари). Инфратовуш муҳитда оз сўнади, шунинг учун анча узоқ масофага тарқалади. Инфратовуш манбаси секундига 20 дан кам давр частотаси билан ишлайдиган ускуналар бўлади. Инфратовуш марказий асаб тизимига зарарли таъсир кўрсатади ва қўрқув, безовталик, чайқалиш ҳисини ва б.қ. келтириб чиқаради.

Инфратовуш тебранишлари оралиғи одамни алоҳида органлари ички частоталарига мос (6—8 Гц), демак, резонанс бўлганлигидан оғир оқибатлар вужудга келиши мумкин. Товуш босимини 150 дБА кўпайиши овқат ҳазм қилиш фаолияти ва юрак ритмини ўзгаришига олиб келади. Эшитиш ва кўришни йўқотиш мумкин.

Ҳимоя тадбирлари: 1) пайдо бўлиш манбасида инфратовушни пасайтириш; 2) шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш; 3) инфратовушни ютувчи қурилмалардан фойдаланиш. Назорат приборлари сифатида ФЭ-2 фильтрли ШВК турли шовқин ўлчагич ва RFT турли виброакустик аппаратура қўлланилади.

Шовқин манбаларига (шу жумладан юқори ва паст частотали) ишлаётган кондиционерлар, турбиналар, вибрация майдончалари, катта машиналарнинг айланувчан қисмлари ва б.қ. киради. Ишлаб чиқариш инфратовуши ҳам эшитиладиган шовқин соладиган жараёнлардан, турболентлиликдан, резонансдан, пульсациядан, илгариланма қайтма ҳаракатдан содир бўлади. Саноат ва транспортда инфратовушни суръатининг умумий даражасини ўртача қиймати 108 дБ га тенг бўлади. Инфратовушни организмга узоқ муддатли таъсири кичик суръатли бўлганда ҳам ақлий меҳнат қобилиятини пасайтиради, толиқишга, ғашланишга, бош оғришига, безовталикка, асабийликка олиб келади.

Суръатининг даражаси ва таъсирининг давомийлигига кўра инфратовуш ёқимсиз туйғулар (бош айланиши, чанқоқлик, эзилиш ва қўрқиш ҳиссиётлари) ҳамда юрак-қон томирлари ва нафас олиш тизимида турли даражада ифодаланадиган ва кўп сонли номақбул ўзгаришларни келтириб чиқаради. Инфратовушни ноқулай таъсирини олдини олишда гигиеник нормалаштириш етакчи ўрин эгаллайди. Нормага биноан инфратовушни суръатлилик даражаси иш жойларида 2—16 Гц частотали октав полосаларда 105 дБ дан ва 31,5 октав полосада 102 дБ дан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ультратовуш – товуш тўлқинларининг 20 кГц (эшитиш чегарасидан ташқарида) дан ортиқ частотада тебраниши. Паст частотали ультратовуш тебранишлар ҳаво ва тегиш (контакт) йўли билан тарқалади; юқори частоталиси эса тегиш йўли билан тарқалади. Ультратовуш юрак-қон томирлари, асаб ва эндокрин тизимига зарарли таъсир ўтказади; терморостлаш ва моддалар алмашувини бузади. Маҳаллий (жойига) таъсири гунг бўлиб қолишга олиб келиши мумкин. Ҳимоя тадбирлари: 1) тўсқичлантиришдан (блокировкадан) фойдаланиш; 2) товушни изоляциялаш (экранлаш); 3) масофадан бошқаришни қўллаш; 4) антишовқинларни қўллаш. Назорат қилиш приборлари сифатида RFT турли виброакустик тизими қўлланилади. Ультратовуш эластик тўлқинлар каби хоссалари бўйича эшитиладиган товушдан фарқ қилмайди, бироқ тебраниш жараёни частотаси, энергияни иссиқликка трансформацияланиши ҳисобига, тебранишни тезроқ сўнишига ёрдам беради.

Частотали спектри бўйича ультратовуш паст частотали ва юқори частоталига бўлинади; тарқалиш усули бўйича – ҳаво ва тегиш (контакт) йўли билан тарқаладиган ультратовуш фарқланади. Паст частотали ультратовуш тебранишлар ҳавода яхши тарқалади. Уларни организмга таъсирини биологиявий самарасининг суръати, таъсир давомийлиги ва ультратовуш таъсирига учраётган жисм сиртининг ўлчамига боғлиқ бўлади. Ҳавода тарқаладиган ультратовушни узоқ вақт систематик таъсири асаб, юрак қон томирлари ва эндокрин тизимларини, эшитиш ва вестибулятор анализаторларини фаолиятларини бузилишига олиб келади. Ультратовуш ускуналарида ишлаётганларда аниқ астения, қон-томирлари гипотонияси, юрак ва мияни электр фаоллигини пасайиши, чекланган ҳудудда, қоронғуликда қўрқув ҳиссиёти, тез-тез ўзидан кетишлар, ортиқча терлаш, қоринда, ингичка ичакда, ўт пуфагида спазмалар кузатилади.

Энг тавсифли шикоятларга тез толиқиш, бош оғриғи ва бошда босим ошишини сезиш, қийинчилик билан диққат қилиш, фикрлаш жараёнининг тормозлашуви, уйқусизлик киради. Юқори частотали ультратовушни қўлларга контактли таъсири қўллар капларида капиляр қон айланишини бузилишига, оғриқ сезишни пасайишига олиб келади, яъни асабий бузилиш ривожланади. Касбий касалланиш фақат ультратовушни қўлларга тегиш (контактли) таъсирида рўйхатга олинган. Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқариш шовқини ва титраши ультратовушдан кўра кўпроқ агрессив таъсир қилади.

Ультратовуш ускуналарига хизмат кўрсатувчи шахсларга таъсир этувчи касбий зарарларнинг таъсири кўпчилик омиллар билан, авалом бор паст частотали шовқиннинг генерацияланадиган ультратовуш тебранишларининг частотаси билан аниқланади. Умумий суръатлилик даражаси эшитиладиган ва ульратовуш оралиқли частоталарда 90—120 дБ чегарасида тебранади. Организмга умумий таъсирдан ташқари паст частотали ультратовуш тебраниш қўзғатилган ишлов берилаётган деталлар ёки приборларга тегканда жорий таъсир ҳам ўтказилади. Ульратовуш аппаратлари билан узоқ вақт ишлаётган шахсларда бош оғриғи, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, тез толиқиш, уйқуни бузилиши, ғашлилик, хотирани ёмонлашуви, товушга юқори сезгирлик, тана массасини йўқотилиши кузатилади.

Ультратовуш манбалари таъсирида узоқ вақт ишлаш, масалан дефектоскоплар билан ишлаш операторларда вегетатив-қон-томирлар бузилишини ривожланишига олиб келади. Ишловчиларга ультра- ва инфратовушни ёқимсиз таъсирини огоҳлантириш бўйича чоралар (ташкилий-техник, санитар-гигиеник ва даволаш профилактика) мажмуавий олиб борилади, товушни унинг ҳосил қилиш манбасида пасайтириш йўли билан, ускуналарни ишлаш тартибини рационаллаштириш, шунингдек ульратовушни контактли таъсирида жамоа (кузатиш кабинаси, масофадан бошқариш) ва шахсий (шовқинга қаршилар ва икки қаватли перчаткалар- ташқариси резинали ва ичкариси пахтали) ҳимоя воситаларидан фойдаланилади. Бевосита ультратовушни таъсирига учрайдиган шахслар дастлабки (ишга қабул қилишда) ва ҳар йиллик даврий тиббий кўриклардан ўтказиб турилиши керак. 18 ёшдан кичик ва ҳомиладорлар ультратовуш манбаси бўлган ишларга қўйилмайди.

Шовқиндан ҳимояланишга шовқини хавфсиз техникалар ишлаб чиқиш, жамоа ва шахсий ҳимоя воситалари ва методларини, қурилиш-акустик методларни қўллаб эришилади. Жамоа ҳимоя воситалари шовқин манбасига нисбатан шовқинни унинг пайдо бўлиш манбасида пасайтирувчи (энг самарали) ва шовқинни унинг тарқалиш йўлида пасайтирувчиларга бўлинади. Амалга ошириш услуби бўйича қуйидаги ҳимоялаш методлари фарқланади:

акустик – хонани акустик ҳисоблаш ва ишлаш принципи бўйича товушни изоляциялаш, товушни ютиш, титрашни изоляциялаш, демпфирлаш, шовқин сўндиргич воситаларини танлашга асосланган;

қурилиш-акустик экранлар, товушни изоляциялаш, кузатиш кабиналари, масофадан бошқариш, ғилофлар, зичлаш ва б.қ. қўллаш. Товушни изоляцияловчи материалларнинг энг самаралилари трипласт (композиция материали) ва пахта, ёғоч қириндиси, сомон ва б.қ. тўлдирилувчили пластобетонлар бўлади. Товуш ютувчи (сўндирувчи) материалларга яна мармар, бетон, гранит, ғишт, ДВП, ДСП, кигиз, минерал вата материаллари киради;

архитектурали-режалаштириш ечимлари – иш жойларини рационал жойлаштириш; меҳнат ва дам олишнинг рационал тартибини ўрнатиш.

Одамлар ва ҳайвонларга тўлқин уриши таъсир этиши мумкин. Тўғридан -тўғри таъсир ортиқча босим ва тезлик босими натижасида вужудга келади. Босимни тез ошиши тирик организм томонидан қаттиқ уриш каби қабул қилинади. Одамларни ва ҳайвонларни қиёсий шикастланиши шиша синиқлари, шлак, тошлар, ёғоч бўлаклари ва бошқа нарсаларни юқоридан катта тезлик билан тушишидан содир бўлиши мумкин. Тўлқин уришининг таъсир даражаси портлаш қуввати, масофа, об-ҳаво шароитлари, турган жойга (бино ичида, очиқ майдонда) ва одамнинг ҳолатига (ётган, ўтирган, тик турган) боғлиқ бўлади. Тўлқин уриши енгил, ўрта, оғир ва жуда оғир жароҳатлар билан тавсифланади.

Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш

Подняться наверх