Читать книгу Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш - Рахматулла Усманов, Рахматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 5
1. МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИ УМУМИЙ САВОЛЛАРИ
1.3. Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар
ОглавлениеМеҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд узвий боғланган тўрт даражали ҳуқуқий нормативлардан: ягона, тармоқлараро; тармоқлар учун ва корхоналар нормативларидан ташкил топган.
Ягона ҳуқуқий нормативлар меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида давлатни устивор принципларини ўрнатадиган асосий давлат ҳужжатларини: Ўзбекистон республикасининг конституцияси, меҳнат кодекси ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунини ўз ичига олади.
Тармоқлараро ҳуқуқий нормативлар – меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги давлат ҳужжатлари бўлиб, уларда тармоқ белгилари бўлмаганлиги учун, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўлланилади. Уларга электр хавфсизлиги қоидалари, қурилиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги тизимига киритилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ), айрим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаш санитар қоидалари ва нормалари (СҚваН) ва б.қ. киради.
Тармоқ ҳуқуқий нормативлари – мамлакатнинг у ёки бу иқтисодиёт тармоғи хусусиятларига мос хавфсизлик талабларини аниқлайди: кимё, металлургия, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари хавфсизлиги қоидалари; пахта тозалаш саноати хавфсизлиги қоидалари ва б. қ. Бу ҳуқуқий нормативлар фақат муайян иқтисодиёт тармоғига мўлжалланган ва бошқа тармоқларда юридик кучга эга бўлмайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг тармоқлараро қоидалари Меҳнат вазирлиги томонидан, алоҳида тармоқ учун қоидалар эса тегишли тармоқ бошқарув органи томонидан тақдим этилиб Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари маълум муддат давомида фойдаланиш учун ёки чекланмаган муддатга тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар – меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ўрнатадиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалашда, ташкиллаштириш ва амалга оширишда, алоҳида иш турларини, ишлаб чиқариш ускуналари, қурилмалари, агрегатлари, машиналари, аппаратларидан фойдаланишда, шунингдек бошланғич материалларни, тайёр маҳсулотларни, моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва б.қ. ташишда, сақлашда, қўллашда бажарилиши мажбурий бўлган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини (МХСТ) ҳаракатда бўлишини инкор этмайди, ҳамда қуйидагиларга қурилиш ва санитар меъёрлари ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон республикаси назорат органлари билан тасдиқланган қоидалар, хавфсизлик меъёрлари ва ҳужжатларга зид бўлмаслиги керак.
Корхоналар нормативлари – фақат шу корхонада амалда бўлган меҳнатни мухофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар) ни ўз ичига олади.
Битта ҳуқуқий ҳудудга киритилган нормативларнинг ҳар бири бир хил ҳуқуқий кучга эга, яъни корхонани иш жойини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномасидаги меҳнат хавфсизлиги талабларини бажарилиши ишловчилар ва иш берувчилар учун Ўзбекистон республикаси конституцияси моддалари ёки тармоқ меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалари талабларини бажариш билан бирдай мажбурийдир. Ҳуқуқий ҳудудга кирган ҳар бир норматив ҳужжат талабларини бузилганлиги учун бирдай жавобгарлик шакли назарда тутилади.
Давлат ва тегишли ижрочи органларни ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосида, корхоналар меҳнатни мухофаза қилиш бўйича корхоналар стандартларини, ишловчилар касблари ва алоҳида иш турлари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Касаба уюшмалари қўмиталарининг ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Амалдаги меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими меҳнат хавфсизлигини стандартлаштириш масалаларини ечишга ва меҳнат хавфсизлиги талабларини стандартлар ва техник шартларга киритишга мўлжалланган.
Ўз таркиби бўйича меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ- ГОСТлар) бешта тизим ости стандартларидан тузилган, уларга: 12.0; 12.1; 12.2; 12.3; 12.4 тартиб рақамлари тақдим этилган.
Ташкилий-методик стандартлар (12.0). Бу стандартлар меҳнат хавфсизлигини баҳолаш методларини, хавфли ва зарарли омилларнинг синфланишини, меҳнат хавфсизлиги соҳасида мақсадлар, масалалар ва тузилишларни ўрнатади.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш турлари бўйича нормалар ва талаблар стандартлари (12.1). Бу стандартлар кўриниш, таъсир тавсифи, қийматни рухсатли чегараси ва назорат методларига ҳамда зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизлик талабларини ўрнатади. Улар яна, ёнғин- ва портлаш хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, радиация, титраш ва биология хавфсизлиги, шунингдек шовқиндан, инфра- ва ультратовушдан, электр магнити майдонидан, зарарли моддалардан ҳимояланиш талаблари, ёруғликка ва муҳит ҳавосига талабларни ўрнатади.
Ишлаб чиқариш ускуналари хавфсизлигига талаблар (12.2). Уларда бутунлай ускунани конструкциясига ва унинг алоҳида компонентларига, шунингдек хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш методларига талаблар ўрнатилган.
Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига талаблар стандартлари (12.3). Уларга ускуналарни жойлаштириш ва иш жойларини ташкиллаштириш, технология ускуналарини ишлаш тартиблари, иш жойлари ва меҳнат тартиби, бошқарув системаларига талаблар ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш киритилган.
Ишловчиларни ҳимоя воситаларига талаблар стандартлари (12.4). Бу стандартлар ҳимоя воситаларини синфлайди ва алоҳида синфлар ва ҳимоя қурилмалари турларини фойдаланиш, конструкцияси ва гигиенаси кўрсаткичларига, шунингдек уларнинг ёрдамчи ускуналари, ҳимояловчи ва сақловчи чегараловчилари, тўсқичлагичлари, сигналлаштиргичлари, ишончлилик ва мустаҳкамлигига, қўллар, бошни, нафас олиш ва эшитиш органлари ҳимоя воситаларига ва б.қ. га талабларни киритиб назорат ва ҳимояни баҳолаш методларини ўрнатади.
Меҳнатни мухофаза қилишнинг техник ва санитар нормалари ҳамда меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талаблари алоҳида ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун «Нормалар ва қоидалар» орқали халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ қилинади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат томонидан қўйиладиган меъёрий талабларга биноан, меҳнатни муҳофаза қилишдан меъёрий ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқланиши, ҳисобга олиниши, чоп этилиши, тарқатилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларни бекор килиниши, уларни тузилишига қўйиладиган талаблар, мазмуни, расмийлаштирилиши ва белгиланиши, уларни текшириш тартиби, кўриб чиқилиши ва улар билан корхоналарни таъминланиши ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш ва текшириб туриш тартиби ўрнатилган.