Читать книгу Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш - Рахматулла Усманов, Рахматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 2
КИРИШ
ОглавлениеҚурилишда меҳнат шароитлари саноат корхоналаридаги меҳнат шароитларидан кескин фарқ қилади. Агар саноат корхоналарида иш жойлари озми кўпми ўзгармас ва ишловчи узоқ вақт ўрнатилган технология операцияларини муқим ускуналарда бажарса, қурилишда эса унинг бутун қурилиш вақти даври давомида қурилаётган объект периметри ва баландлиги бўйича иш жойи узликсиз силжиб боради. Иш жойида меҳнат шароитлари ҳам ўзгариб боради: иш жойи қулай ва ноқулай (ишловчини танаси ҳолатини мажбурий ўзгаришига боғлиқ равишда), хавфли ва хавфсиз бўлиши; у пастда ва юқорида, хона ичкарисида ва хона ташқарисида бўлиши мумкин.
Қурувчига тез-тез қурилаётган бинода ноқулай шароитларда силжишга, қўлда материалларни, асбобларни, мосламаларни, баландликда ишлаш ва тўсиқлаш воситаларини силжитишга тўғри келади. Унга очиқ ҳавода ёқимсиз метеорология шароитларида: иссиқ ва совуқда, нам об-ҳавода ва кучли шамолда ишлашга тўғри келади. Шунинг учун қурилишда иш жойларида ишларни хавфсиз бажарилишини таъминлаш халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ва саноат корхоналариникидан кўра анча мураккабдир.
Қурилиш ташкилотларини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.
Қурилиш ташкилотларида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб қурилишда бино ва иншоотларни тезкор қуриб битириш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва қурилишни интенсив технологияларини амалга оширишда машиналар комплектларини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар системасини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, ташкилотлар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги ташкилот ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.
Қурилиш ташкилотлари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишларнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун қурилиш ташкилотларидаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишловчиларни яшаш шароитларини яхшиланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари сонини камайиши, хавфсизликни ошиши ва меҳнат гигиенасини яхшиланишига олиб келувчи энг муҳим омил – қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда иш берувчиларни иқтисодий рағбатлантириш принципидан кенг фойдаланишдир. Иқтисодий рағбатлантириш, шароитларни яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилишга воситалар сарфлашни жарималар, оширилган суғурта бадаллари, ноқулай шароитларда ишлаганлик учун компенсация тўловлари ва меҳнат қобилияти йўқотилганда зарарларни қоплаш сарфларига нисбатан, моддий манфаатлилигини назарда тутади.
Мутахассисларнинг фикрича, ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ имтиёзлар тўлови харажатлари меҳнат шароитларини яхшилаш воситалари харажатларидан икки баробар кўпни ташкил қилади. Бунда иқтисодий самарадорликка жароҳатланиш, умумий ва касбий касалланиш оқибати харажатларини камайиши, иш вақти йўқотилишини камайиши эвазига меҳнат унумдорлигини ошиши, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича имтиёзлар ва компенсациялар харажатлари ҳамда авариялар моддий зарарларини камайиши эвазига эришилади.
Қурилиш ташкилотларида меҳнатни мухофаза қилишни вазифаси соғлом ва қулай меҳнат шароитларини яратиб меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишловчиларни ҳаётини ва соғлиғини сақлаш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш билан биргаликда максимал меҳнат унумдорлигида қурилиш объектларини фойдаланишга топшириш ва юқори даражадаги иқтисодий самарадорликка эришишдан иборат.
Дунёдаги энг катта компанияларнинг юқори даражадаги раҳбарлари ҳам меҳнатни мухофаза қилишни бош устивор йўналишлардан бири деб ҳисоблашади. Масалан, улар корхона фаолиятининг ўнлаб кўрсаткичларидан меҳнатни мухофаза қилиш ва ўзларини ишловчиларини соғлиғини сақлашни, персонални малакаси ва компетентлигидан кейин, 2- ўринга қўйишади. Европа иттифоқи мамлакатларида ҳозирда меҳнатни мухофаза қилиш маданиятини юқори даражага кўтариш тўғрисида савол кўтарилаяпти, бу эса ташкилотлар ва корхонаналарни бошқаришни бош элементларидан бири бўлади.
Қурилиш майдончасини ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришни тўғри ташкиллаштириш – бу юқори унумли ва хавфсиз меҳнат учун шароитлар яратиш, бўлиши мумкин бўлган хавфларни назарда тутиш ва улардан огоҳлантириш, ишловчиларга санитария-гигиена хизмати кўрсатилишини таъминлашдир. Шунинг учун қурилиш бошланишидан узоқ вақт илгари қурилишни ташкиллаштириш ва ишларни бажариш лойиҳаларини ишлаб чиқиш вақтида лойиҳа ва пудрат ташкилотлари меҳнат хавфсизлиги ва уни тўғри ташкиллаштириш саволлари билан шуғуллана бошлайдилар. Лойиҳалаш Қурилиш нормалари ва қоидалари (СНиП) талабларига қаттиқ риоя қилиниб, хусусан СНиП 12-03-2001 «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги. 1-қисм. Умумий талаблар», ва СНиП 12-04-2002 «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги. 2-қисм. Қурилиш ишлаб чиқариши» биноан олиб борилади.
Ўзбекистон республикасида биноларни қуришда, бино ва иншоотларни реконструкция қилишда, таъмирлашда, кенгайтиришда ва техник қайта қуришда, қурилиш-монтаж ишларини бажаришда, қурилиш материаллари, конструкциялари ва маҳсулотларини ишлаб чиқаришда архитектура ва қурилиш соҳасида фаолият юритаётган барча ташкилотлар, корхоналар риоя қилиши лозим бўлган «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ШНҚ 3.01.02.20 Қурилишда хавфсизлик техникаси» ишлаб чиқилган.
Ушбу ўқув қўлланмасининг мақсади – корхоналар ва ташкилотлардаги меҳнатни мухофаза қилиш ҳақида асосий маълумотларни бериш. Қўйилган мақсадга эришиш учун:
меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришни қонунчилик ва иқтисодий методлари билан танишиш;
меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг мақсади ва вазифаларини кўриб чиқиш;
меҳнат хавфсизлиги методлари, ҳимоялаш ва профилактика (олдини олиш) воситаларини ўрганиш.
Одам меҳнати содир этилишида соғлом ва хавфсиз шароитларни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ечиш, – янги технологияларни ва ишлаб чиқариш тизимини ишлаб чиқишда энг муҳим вазифалардан биридир. Ишлаб чиқариш бахтсиз ҳодисаларини, касб касалликларини, авариялар, портлашлар, ёнғинларни ўрганиш ва мумкин бўлган сабабларини аниқлаш, бу сабабларни бартараф қилишга йўналтирилган тадбирлар ва талабларни ишлаб чиқиш, одамни меҳнат қилиши учун хавфсиз ва ёқимли шароитларни яратиш имконини беради. Қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари – ишловчиларнинг соғлиғи, меҳнат хавфсизлиги ва иш унумдорлигига таъсир этувчи асосий омиллардан биридир.
Қўлланма қурилиш ташкилотлари рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган.
Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.