Читать книгу Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш - Рахматулла Усманов, Рахматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 6

1. МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИ УМУМИЙ САВОЛЛАРИ
1.4. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар

Оглавление

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома – ишлаб чиқариш участкаларида, корхонани ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва бошқа ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ўрнатиладиган меъёрий ҳужжатдир. Йўриқномада маҳаллий шароитлар ҳисобга олинади ҳамда у маълум ишларни бажаришда ишчилар ва хизматчилар фойдаланиши керак бўлган асосий ҳужжат ҳисобланади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари намунавий (тармоқники ёки тармоқлараро) ва корхоналар ишловчилари учун бўлади (алоҳида лавозимлар, касблар ва иш турлари учун).

Намунавий йўриқномалар хўжалик юритувчи органлар томонидан, тегишли касаба уюшмалари билан келишилиб, тасдиқланилади.

Тармоқда намунавий йўриқнома сифатида бошқа тармоқни намунавий йўриқномаси ҳам қабул қилиниши мумкин, бунда шу йўриқномани тасдиқлаган хўжалик юритиш органи билан келишиш керак бўлади.

Ишловчилар учун намунавий йўриқномалар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:

умумий хавфсизлик талаблари;

ишни бошлашдан олдинги хавфсизлик талаблари;

ишни бажаришда хавфсизлик талаблари;

авария ҳолатларда хавфсизлик талаблари;

иш бажарилгандан кейин хавфсизлик талаблари.

Керак бўлганда йўриқномаларга янги, қўшимча бўлимлар киритилади.

Киритилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишловчилари учун вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқилишига рухсат берилади. Вақтинчалик йўриқномалар теҳнологик жараёнларни хавфсиз бажарилишини ва ускуналарни хавфсиз ишлатилишини таъминлаши керак.

Барча лавозимли шахслар учун йўриқномалар, тегишли касаба уюшмалари ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, керак бўлганда бошқа хизматлар билан келишилиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланилади.

Қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатларда ишлаб чиқариш йўриқномаларини, жавобгар мутахассислар учун лавозим йўриқномаларини, машиналар ва механизмларга хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқишга талаблар бўлади. Хизмат кўрсатувчи персонал учун намунавий йўриқномалар ишлаб чиқиш йўриқномаси бўлади. Ишловчилар учун ягона йўриқнома ишлаб чиқиш тавсияланади, масалан, «Хизмат кўрсатиш ва меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишлаб чиқариш йўриқномаси». Юк кўтариш кранларини тузилиши ва хавфсиз ишлатилиш қоидаларида корхонада «масъул мутахассислар учун лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилиши керак» дейилган. Бу ерда кранлар билан ишларни хавфсиз бажаришга жавобгар шахс учун йўриқнома ишлаб чиқиш тушунилади. Бу йўриқнома лавозим йўриқномасига қўшимча бўлади. Шундай қилиб, қурилиш ташкилоти ишларни бажарувчиси, участка бригадирида унга юклатилган мажбуриятларга боғлиқ ҳолда бир нечта лавозим йўриқномалари бўлиши мумкин.

Ташкилотда барча машиналар, механизмлар учун хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак. Ташкилотда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак бўлган касблар ва ишлар турлари аниқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларини рўйхати тасдиқланган штат жадвали асосида ишлаб чиқилади, ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади, касаба қўмитаси билан келишилади ва ташкилотни барча таркибий бўлинмаларига жўнатилади. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар бўлинмалар раҳбарлари томонидан алоҳида касблар бўйича (электрпайвандчи, электромонтёр, лаборантлар, чилангарлар ва ҳ.к.), алоҳида ишлар учун (баландликда ишлайдиган ишчилар учун, таъмирлаш ишлари, тажриба-синов ишларини ўтказиш ва ҳ.к.) ишлаб чиқилади, меҳнатни мухофаза қилиш хизмати мутахассислари (меҳнатни мухофаза қилиш инженери) эса йўриқномаларни ишлаб чиқишда методик ёрдам кўрсатадилар. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар сайланадиган тегишли касаба кўмиталари органлари, меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, керак бўлганда эса – бошқа хизматлар ва лавозимли шахслар билан келишилиб ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Амалга киритилаётган янги ишлаб чиқариш, технологиялар учун давлат қабул комиссияси фойдаланишга қабул қилганига қадар ёки янги технологияларни тадбиқ этилгунича вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқишга рухсат этилади.

Бўлинмада амалдаги ташкилотни таркибий бўлинмаси ишловчилари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар, шунингдек бу йўриқномаларни рўйхати шу бўлинма раҳбарида сақланади.

Йўриқномаларни таркибий бўлинмага фақат йўриқномаларни бериш журналида имзолатиб бериш керак бўлади. Йўриқномаларни назорат нусхаси меҳнатни мухофаза қилиш хизматида сақланади.

Ишловчилар учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномаларни жойлашиш жойини таркибий бўлинма раҳбари улар билан танишиш тўсиқларсиз бўлиши ва қулайлиги ҳисобга олиниб аниқлайди.

Йўриқномалардан ишга қабул қилинаётган барча ишловчиларга кириш йўл-йўриғини, иш жойидаги дастлабки ва кейинчалик ҳар чоракда ўтказиладиган даврий йўл-йўриқларини, меҳнат қилиш хусусиятлари ўзгарганда навбатдан ташқари ҳамда бевосита мутахассислик бўйича мажбуриятлар билан боғланмаган бир маротабалик ишларни бажаришда (юклаш, тушириш, ҳудудларни тозалаш, наряд – рухсат расмийлаштирилиши керак бўлган ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўтказиладиган мақсадли йўл-йўриқларни беришда фойдаланилади. Ишловчилар учун йўриқномалар дастлабки йўл-йўриқ ўтказишда, йўл-йўриқ шахсий карточкасига қўл қўйдирилиб, ишловчиларга берилиши ёки иш жойлари, ёхуд участкаларда осиб қўйилиши, ишловчилар фойдалана олиши мумкин бўлган жойда сақланиши керак. Меҳнатни мухофаза қилиш хизмати ишловчилари йўриқномаларни ўз вақтида алмаштириб туришга мажбурлар.

Йўриқномаларни ишловчилар томонидан ўрганилишини иш берувчи таъминлайди. Ишловчилар учун йўриқнома талабларини бажариш мажбурийдир. Бу талабларни бажармаслик меҳнат интизомига риоя этмаслик даражасида тушунилади, ва тегишли чора кўрилади.

Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш

Подняться наверх