Читать книгу Қурилишда меҳнатни мухофаза қилиш - Рахматулла Усманов, Рахматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 4
1. МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИ УМУМИЙ САВОЛЛАРИ
1.2. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунчилик
ОглавлениеЎзбекистон республикасида меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунлари асосини конституцияга асосланган меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва ҳукумат қарорлари ташкил қилади. Буларда меҳнаткашларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми ва иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Ўзбекистон республикасининг 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда қабул қилган конституциясида: Ўзбекистон халқи инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб мазкур конституцияни қабул қилганликлари (муқаддима); ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш (42-модда); ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш (46-модда); ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (48-модда), бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги ва ҳар ким таълим олиш (50-модда) ҳуқуқига эгалиги, шунингдек хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқга эгалиги (58-модда) келтирилган.
«Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчаси ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини фаолият юритишини асосий йўналишларини акс эттиради. Бу тизим ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш ва ишловчиларга, уларни меҳнат жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига жавоб берадиган, меҳнат шароитларини яратишга йўналтирилган бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун «Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчасини техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси билан алмаштириш мумкин эмас, улар меҳнатни мухофаза қилишни таркибига кирувчи элементлар бўлади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш бу тизим, меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва ш.ў. -лар унинг таркибий қисмлари эканлиги келиб чиқади.
Бундан кейин ажратиш учун, матнда Ўзбекистон республикаси меҳнат кодексининг (29.10.2022 й.) меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги моддалари уч хонали сонлар билан белгиланганлигини, Ўзбекистон республикасининг меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонуни (23.09.2016 й.) моддалари эса бир ёки икки хонали сонлар белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг мақсади (1-модда) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, унда назарда тутилган нормалар, барча хўжалик субъектлари учун риоя қилиниши шарт бўлган, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишловчиларни ҳуқуқ ва кафолатларини қонуний ўрнатади ва республиканинг барча ҳудудлари корхоналарида иш берувчилар ва ишловчилар орасида меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришни ягона тартибини таъминлайди.
Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқаришда ёки бошқа фаолият соҳасида банд бўлган одамларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш ишлаб чиқариш натижаларига нисбатан устиворлигидан келиб чиқиб давлат ва ижрочи ҳокимият органларининг фаолият йўналишлари аниқланилган бўлса, 6…11- модаларида Ўзбекистон республикасида меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши вазирлар маҳкамаси, меҳнат вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат томонидан ваколат берилган органлар томонидан амалга оширилиши ҳамда уларнинг кўпчиллигини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган.
Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, шунингдек элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилиши ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши қонунлаштирилган (12-модда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсинишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан (13-модда) шартнома асосида амалга оширилиши ҳам мумкинлиги таъкидланган.
Меҳнатни мухофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши доирасида қонун билан вазирликлар, концернлар ва бошқа корхоналар бирлашмаларида ҳам мажбурий тартибда меҳнатни мухофаза қилиш хизмати тузилиши қонуний ўрнатилган. Агар бундай хизматлар тузилмаса, буни қонунчилик талаблари бузилиши деб эътироф этилади.
Меҳнатни мухофаза қилишга доир талаблар (352-модда) меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши, ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни мухофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Иш берувчи меҳнатни мухофаза қилишга зарур маблағлар ажратади ва меҳнатни мухофаза қилиш фондини ташкил этишга ҳақли (353-модда). Бу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра (359- модда, 23-модда) хавфсиз шароитларни таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар иш берувчининг, аниқроғи – корхонанинг биринчи шахси (раҳбари) зиммасига юкланади.
Ҳар бир ишловчи қуйидагиларга риоя қилишга мажбур (355- модда, 22-модда):
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиши;
жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиши;
ишларни бажаришни хавфсиз методлари ва усулларидан ўқитилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ олиши;
дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан мажбурий ўтиши.
Мажбуриятлардан ташқари, ҳар бир ишловчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилишлари учун, ишловчиларга бериладиган ҳуқуқий кафолатларга қуйидагилар киради:
давлат ишловчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялашни кафолатлайди;
меҳнат шартномаси бўйича меҳнат шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бериши керак;
ишловчини айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилиши оқибатида ишлар тўхтатиб қўйилган вақт учун ишловчига иш ўрни ва ўртача иш ҳақи сақланади;
меҳнат мажбуриятларини бажараётганда ишловчини ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилса кўрсатилган зарар амалдаги қонунларга кўра қопланади.
Қонун билан иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси иш берувчи томонидан ўтказилиши, ўтказиш даврийлиги беш йилда камида бир марталиги (14-модда), ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити иш берувчининг қарорига биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши (15-модда) белгиланган.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви (28-модда) ҳамда меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (29-модда) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ҳамда шу вазирликнинг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари томонидан амалга оширилиши ва уларга меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилган.
Меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонунда (18-модда) келтирилиб меҳнат кодексида (363-модда) мустаҳкамланган талабларга кўра, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ўрнатилган.
Ўзбекистон республикасининг меҳнат кодексининг 364-моддаси билан, иш берувчи соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга мухтож ходимни унинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда, шундай ишга ўтказиши шартлиги, меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаши қонунлаштирилган.