Читать книгу Умрим есталиклари - - Страница 23
“Дийдор ғанимат” китобидан
ДЕҲҚОН ҚАСИДАСИ
ОглавлениеЭрта тонгда туриб юз-қўлин ювиб,
Ният-мақсадини покиза қилиб,
Ярқироқ кетмонин елкага илиб,
Улуғвор касбини муқаддас билиб,
Экинзор узра ҳозир-нозир деҳқон.
Қоқ-қуруқ тупроқдан ҳосил ундириб,
Сув келтириб, бўлмаганни бўлдириб,
Меҳнатидан элу юртни тўйдириб,
Эгнимизга атлас-кимхоб кийдириб,
Улкан ҳосил учун мунтазир деҳқон.
Баъзан гап сотамиз осмондан келиб,
Гўё у билмайди, фақат биз билиб,
Шундоғ сўзлаймизки бағрини тилиб,
Шунда ҳам индамас андиша қилиб,
Одобу ахлоқда беназир деҳқон.
Доим тиқилинчдур, битмайди иши,
Тинимсиз меҳнатда баҳор, ёз, қиши.
Қалбининг тўрида экин ташвиши,
Менимча, оламда табаррук киши –
Юртига султону ҳам вазир деҳқон.
Дастгоҳлар юрарму деҳқон бўлмаса,
Дастурхон тўларму деҳқон бўлмаса,
Одамлар куларму ош-нон бўлмаса,
Тилагим деҳқонда армон бўлмаса,
Минглаб достонларга хўб арзир деҳқон.