Читать книгу Умрим есталиклари - - Страница 34
“Дийдор ғанимат” китобидан
ШУКРНИ УНУТИБ ҚЎЙМАНГ
ОглавлениеНошукр одамдир ёмон кўрганим,
Топган ҳурматидан бўлармиш жудо.
Халқимиз нақлидир амал қилганим:
“Кенгга кенг дунё – бу, торга тор дунё”.
Бир коса ёвғон деб тонгдан кечгача
Тинмай меҳнат қилганларни кўрганмиз.
Нон дея, нон дея судралиб, йиғлаб,
Унга кўп интизорларни кўрганмиз.
Узоқ эмас, қирқ беш йилча муқаддам
Урушнинг қизиган палласи эди.
Уруш орқасида қолган одам ҳам
Нон эмас, тополса кунжара еди.
Бизлар тегирмонда ёлғиз қолардик
Тонггача ухламай битта кўмочга.
Жувозкашдан беш пайса ёғ олардик
Бир ҳафтадан ортиқ ишлаб омочда.
Шунда ҳам нолимай меҳнат қилардик
Қариялар, ёшлар дала-тузларда.
Топган-тутганини фронтга бериб
Очлик, қийинчилик бўлган кезларда.
Изғиринли кунлар шундай ўтарди,
Ҳар хил ваҳимада келарди хатлар.
Шунда ҳам шукрни ўргатишарди
Бизга кўпни кўрган нуроний зотлар.
“Хўп” дейиш бизларга қоида эди,
Катталар не деса, гап қайтармасдик.
Бошга қанча ташвиш келиб-кетса ҳам
Она табиатга шукр айтардик.
Биров нолибди деб эшитмаганман,
Ношукрлик қилмас эди қизлар ҳам.
Шоли ўтар эдик, ғўза чопардик,
Ўн бешга тўлмаган эдик бизлар ҳам.
Не бўлди сизларга, ўғил-қизларим,
Шарму ҳаё қани, сабру қаноат.
Сабрнинг остини олтин дейдилар,
Баъзи камчиликка қилинг-да тоқат.
Тегирмон, обжувоз, жувозхонани
Ҳатто тасаввур ҳам қилмассиз балки.
Ол, сенга нон сероб, усти бош сероб,
Шунданми, қадрини билмассиз балки.
Шукр, саломатсан, тинчсан, омонсан,
Ўқисанг мактаб бор, ишласанг иш бор.
Еганинг олдингда, дориломонсан,
Очиқ гап, бахтлисан, толеингдир ёр.
Бесабр бўлмагин, иззат-эҳтиром,
Йўқолиб қолмасин каттага ҳурмат.
Бебош фарзанд бўлма, хулласи калом,
Недир камроқ бўлса айлагин тоқат…
Шукр қил ҳаётга, азиз фарзандим,
Шукр асли асл инсон учун хос.
Ўғлимсан, қизимсан, менинг дилбандим,
Розиман, сўзимга амал қилсанг бас.