Читать книгу Умрим есталиклари - - Страница 30
“Дийдор ғанимат” китобидан
ЎРГАНДИМ
ОглавлениеБобораҳим Машрабнинг 350 йиллигига бағишланади
Ноҳақликка ўт очмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Адолат деб курашмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Муҳаббатга садоқатни бобом Машрабдан ўргандим,
Мураккаб довон ошмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Жўшиб дарёки тошмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Қилиб исён курашмоқни бобом Машрабдан ўргандим.
Бобом Машраб адолат деб Наманган шаҳридан кетди,
Ўшал кибру ҳаволарнинг иши жон-жонидан ўтди,
Валекин ўзга юртларда бунданам баттар қон ютди,
Фиғони кўкка сиғмай ёзди, қўлига қалам тутди.
Адолат деб курашмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Ноҳақликка ўт очмоқни бобом Машрабдан ўргандим.
Бугун ҳам элни алдаб гап ташиб юргучини кўрдим,
Такаббурлик билан оқни қаро қилгучини кўрдим,
Агар бўлса амалдор, пинжига киргучини кўрдим,
Шу боис норасолик даврини сургучини кўрдим.
Ноҳақликка ўт очмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Адолат деб курашмоқни бобом Машрабдан ўргандим.
Бугун эрку адолат деб, сўзлаяпман мен ошкора,
Мунофиқлар бадар кетса элим бўлмасди оввора,
Ёзилди бу мусаддас, мунофиқлик бўлмаса зора,
Умид улдирки, дўстим, тингласа дардимни дилдора.
Ноҳақликка ўт очмоқни бобом Машрабдан ўргандим,
Адолат деб курашмоқни бобом Машрабдан ўргандим.