Читать книгу Умрим есталиклари - - Страница 24
“Дийдор ғанимат” китобидан
ЎЗБЕКИСТОНИМ
ОглавлениеҚасида
Азизу мўътабарсан, гулу гулшан Ўзбекистоним,
Сени мадҳингни айтсам кўксим осмон, Ўзбекистоним,
Еринг гавҳар, сувинг кавсар, зарафшон Ўзбекистоним,
Эрур ҳар бир тошинг лаъли бадахшон, Ўзбекистоним,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним.
Сенга таъзим, сенга олқиш, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Ҳуснда тенги йўқ ўлкам, қилай таъзим жамолингга,
Самарқанд, Андижон, Тошкент, Наманган, Марғилонингга,
Сиру Жиззах, Бухоро, Хоразм, Сурхон висолингга,
Тасаддуқ айлайин жоним сенинг қадду камолингга,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга таъзим, сенга олқиш, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Қаю васфинг деяй халқим, ўзинг ҳар ишда моҳирсан,
Шеъриятда Навоий, Ҳамза, Ойбек, балки Бобурсан,
Тиббиёт, илму нужум, илму ҳикматда жаҳонгирсан,
Беруний, Ибни Сино, Улуғбек, Абдуқодирсан,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга олқиш, сенга таъзим, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Қилиб меҳнат камол топдим, ғурурим пахтазор ичра,
Қўли олтин, юзи гул, тоза кўнгил пахтакор ичра.
Яшармен ифтихор айлаб пиллакор, чорвадор ичра,
Қарорим тинчлигу меҳнат қавму қардош, дўсти ёр ичра,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга олқиш, сенга таъзим, шараф-шон, Ўзбекистоним,
Муборакбод этиб жумла-жаҳон дур сочди бошингдан,
Ўзим ўргулсам арзир тўй ярашган тўйчи ёшингдан,
Яшарган боғу роғингдан, ой-юлдуз ҳам қуёшингдан,
Шаҳар, қишлоқларингдан, гулга тўлган тоғу тошингдан,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга таъзим, сенга олқиш, шараф-шон, Ўзбекистоним.