Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 28

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
«Салласига қараб…»

Оглавление

Салласига қараб,

Миллатини айтишим мумкин.

Соқолининг ҳурмати учун

Ўтқазишим мумкин тўрга.

Аммо номи нима эди бу юртнинг?


Тарих, ажинларинг – ажриқларингнинг

Юз минг илдизи бор юзингда.

Юлқиб ташла ва менга айтгин

Номи нима эди бу юртнинг?


…Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.

Бармоқларим тўғонидан Жайҳун, Сайҳуннинг

Тўлқинлари оқиб ўтар соч каби.

Қўш дарё қўш кокил сингари

Ёйилади, синиқ бир чеҳра

Очилади – Мовароуннаҳр!


Йўқотмагин бу номни, тарих.

Йўқотмоқчи бўлсанг, менга бер,

Дилимнинг тубинда асрайман уни

Исми янглиғ Шарқ сулувининг.


Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.

Дубулғалар янглиғ гумбазлар

Қўлимга илашиб, узиладилар.

Миноралар узра ривоятларнинг

Мангу булутлари юрарлар сузиб,

Фон Кауфманники эмасдир улар.


Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.

Бир китоб излайди қўлларим –

Чарм муқовали, ҳарфлари

Ҳурлар қошидан ҳам нафис бир китоб.

Аммо жавонларинг

Тишсиз оғизлардек бўм-бўшдир, тарих!


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх