Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 31
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
БОЛАЛИГИМДА ИТОТАРЛАР ОТИБ КЕТГАН ТЎРТ ОЁҚЛИ ВАФОДОР ДЎСТЛАРИМ ХОТИРАСИГА
ОглавлениеУларни отдилар шундоқ кўчада,
Оғилхоналардан топиб отдилар.
Катта тоғоранинг остига
Яширгандим мен Йўлбарсимни,
Топиб отдилар!
Итлар жон бердилар, панжаларида
Ғажилмаган суяклар қолди.
Менинг йўлбарсларим ва бўйноқларим,
Энг вафодор содиқ дўстларим,
Менинг тўрткўзларим, олапарларим –
Болаликнинг тўрт оёқли хотиралари.
Ҳар бирининг кўзларида осмонлар кетди,
Тиниқ-тиниқ осмонлари тенгдошларимнинг!
Итотар – мурдага ўхшаган одам
Кечқурун кетди.
Хўмрайиб кузатди уни болалар
Акаларин қотилини кузатган каби.
Кечқурун.
Ваҳимали эди итларсиз қишлоқ.
Катталар жимгина суҳбат қурарди
Итларнинг одамга дўстлиги ҳақда.
Ўшал осмонларнинг остида энди
Чопиб юрар ўзга болалар
Ном танлашиб ўзга итларга.
Итларнинг номи ҳам бошқадир бугун.
Ва мен кечалари тинглайман:
Эшигим ортида шамоллар,
Ҳурпайган ва жундор шамоллар
Барги хазонларни қувлайди,
Отилган итларнинг руҳи сингари
Увлайди. Увлайди. Увлайди.
1980