Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 34

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ЭСКИ ҚЎШИҚ

Оглавление

Саййид Умар амакимнинг дўмбирасига

Сукутдан ҳам сокин сукунат,

Ҳарир кўйлак мисол жимликни

Кийиб олган қоялар, жарлар,

Тинч тушларнинг ипакларига

Ўраниб ухлайди тунги чайлалар.

Сунбулалар сочини ёйган,

Майингина оқаётган сувлар бўйида

Ҳазингина азон бошлар дўмбира.


Чол қўшиқ айтади, тўзғитиб

Оппоқ соқолининг шаршарасини.

Кўзлари юмилиб айтилган қўшиқ

Қояларнинг кўксини тирнар.

Занжир шарақлайди – Олапар

Сергак тортиб тинглар қўшиқни.

Тинглар кавшанаётган сигирлар,

Бир-бирига биқиниб ётган

Қўйлар бундай қўшиқни тинглаб

Ёйилиб-ёйилиб кетмоқни истар.


…Микрофонлаштирилган бўғизлар асри!

Гитараларнинг

Акс садо берар чинқириқлари

Қуршовида менинг бор сезгиларим.

Эстрадаларнинг баланд пошналари

Кўксим саҳнасида тушмоқдалар рақс!

Ҳазин азон мисол янграр дўмбира,

Чол қўшиқ айтади қаерлардадир.

Руҳим у ердадир, у ерлардадир!


Мен у ердаман!

Ҳаммамиз у ердамиз!

Сунбулалар сочини ёйган

Майингина оқаётган сувлар бўйида

Кўзларини юмиб қўшиқ айтар у –

Соқоллари йиғлаётган чол!


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх