Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 36
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ТУН. ТОҒ СЎҚМОҒИДАГИ ЁЛҒИЗ ЧОЛ…
ОглавлениеХарсанглар, қоялар, тоғлар, чўққилар
Атрофда ўтириб олган,
Юрасан.
Энди югурмайди, чопмайди энди.
Бир қоп хотиротдай оғир гавдангни
Елкасига ортган сўқмоқ ҳам
оёғинг остида инқиллар.
Юрасан.
Инқиллар сўқмоқ,
Тинглайсан.
Фақат хотирлайсан,
Аммо кўрмайсан.
Болаликнинг олис овулларида
Эсган шамолларни эслаб, титрайсан.
Сенинг қувончларинг бари у ерда,
У ерда дардларинг, ичган қасаминг,
У ерда отларнинг устида
Сенинг курашларинг,
у ерда
Сен барибир уйланолмаган
Ойжамол исмли ойжамол ‒
Қиличзорлар ўртасида унган қизил гул.
Юрасан.
Қоялар, харсангтошлардан
Боқади қасослар, жасоратларнинг
ҳали тарашланмаган ҳайкаллари.
Юрасан тарихлар устидан,
Менинг ёш хотирамга
Чуқур-чуқур излар қолдириб!
Қўшилиб кетгандир тоғнинг қошлари,
Юз йиллик фикрлар оқарар унда:
Оғир кунлар кўрди сенинг диёринг,
Юртингнинг оқинлари
Дўмбирани қучиб узун тунлари
Эпослар қусди оч юракларидан.
Юрасан. Чарчайсан, елкангдан
Босар туннинг оғир гавдаси.
Хомуш ўлтирасан.
Сўқмоқ югурмас,
У ётар ёнингда таёқ сингари.
Ўйлайсан.
Ёстиққа суқиб олинган
Ханжар тиғидаги пахталар каби
Чўққилар учида юлуқ булутлар…
Тоғнинг қовоғидан ёғар шаршара.
Қайси бир дарадан ваҳима янглиғ
эшитилар бўри увлаши.
Сени қўрқув босар.
Ўйлайсан:
Бўрилар қўлида жон бермоқ.
Қариликда… алам қилади!
Сен йўлга тушасан, ваҳима
Болаликка қайтаради оёқларингни.
…Қишлоқ ухлаб ётар. Ярим тун.
Эшигингга келиб ўйлайсан:
Эшикни бир мушфиқ кампир очса-я?
…Бир кекса ёлғизлик очар эшикни,
Алам қилади!..
1980