Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 37

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
БАҚТРИЯ САҲРОСИДА

Оглавление

Мен кузги саҳронинг сўнгги меҳмони,

Тишларимда ғижирлар қумлар.

Оёғим остида чарсиллаб синар

Саксовул суяклари.

Сопол парчалари каби – тақирлар.

Асрий қултумингни сўрагин саҳро.

“ИЖ” мотоциклида ўтади чўпон,

Ортида хуржун.

Кетар.

Ғойиб бўлар нуқта сингари.


Узоқ-узоқларда минора.

Бир асрдан буён

Азон янграмайди у минорадан.

Бир асрдан буён

Бу саҳродан ўтмас карвонлар.


Қўнғироқлар садосини қумлар кўмгандир.

Довуллар остида қудуқлар –

Саҳро кезганларнинг ёлғиз ишончи

Кўз юмгандир. Кўз юмгандир.

Кўз юмгандир!


Шом тушар. Порлайди илк юлдуз.

Қаерлардандир

Афғон шамолининг увлаши келар,

Қўл силкиб ёнига чақирар мени

Геологлар чодирида ёнаётган гулхан.

Менинг идрокимдан отлар дупури

Ўтмоқда. Ўтмоқда. Ўтмоқда…

Навкарларнинг совутлари ялтирар,

Навкарлар совуқдан қалтирар.

Мен қалтирайман.

Тун.

Геологлар чодирида ёнаётган гулхан

Қўл силкиб ёнига чақирар мени…


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх